25.10.2017. Ёшларга билим бериш, интеллектуал салоҳиятини ошириш устоз-мураббийлардан катта маҳорат талаб этади. Тизимда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмалари олдига ҳам қатор вазифаларни юклайди.
Ходимларга муносиб меҳнат шароити яратиш, саломатлигини мустаҳкамлашдаги барча масалаларни ижтимоий шериклик асосида ҳал этиб келаяпмиз. Жорий йилнинг ўтган даврида таълим тизимида меҳнат қилаётган 76 нафар ўқитувчи ва мураббийни соғломлаштиришга муваффақ бўлдик. Ходимлар талаб ва истаклари асосида уларнинг 32 нафар фарзандлари Ургут туманидаги «Чорчинор» оромгоҳида мароқли дам олишди. Жамоа шартномалари орқали 11 нафар фахрийга моддий кўмак кўрсатилди.
Ҳамкорликда қилинган ҳаракатнинг мазмуни ҳам, таъсири ҳам ўзгачи бўлади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан тизимдаги 2 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 35 нафар меҳнат фронти фахрийси, 33 нафар ишлаётган пенсионер, 13 нафар байналмилалчи аскар, 35 нафар ишловчи ногирон иш берувчи ва касаба уюшмаларининг алоҳида эътиборида бўлди. Уларга моддий-маънавий кўмак кўрсатиш баробарида оилаларидаги муаммоларни ҳам ҳал этишда ёрдам бердик.
Тизимда меҳнат қилаётган ходимлар оилавий ҳолати таҳлилини ташкил этганимиз бизга кўп масалалар ечимида қўл келади. Ҳеч бир мутахассис ўй-ташвиши бизга бегона эмас. Оилавий шароитига қараб моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатиб келинаётир. Таҳлилларга мувофиқ 17 нафар ходимнинг фарзандларига ўқув қуроллари ва дарсликлар олиб берилди.
Ёш кадрлар ўз салоҳиятини намоён этиши, изланиши учун, энг аввало, шарт-шароит зарур. Бугунги кунда мактабларимизда меҳнат қилаётган 19 нафар ёш мутахассис оилавий шароитини ўрганиб, тегишли тарзда ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, ходимлар интеллектуал салоҳияти, касб маҳоратини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида турли тадбирлар, спорт мусобақалари ташкил этиб келаяпмиз.
Эркин АБДУСАЛОМОВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Нуробод туман кенгаши раиси