27.10.2017. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борадаги ишларнинг асоси бўлиб хизмат қилаётир.
Таъкидлаш керакки, Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши фаоллари ҳам бу хайрли ишлардан четда тургани йўқ. Биргина мисол, жорий йил бошида фаолларимиз Қорақалпоғистон бўйлаб уйма-уй юриб, фуқароларни ўйлантираётган муаммолар билан танишиб чиқди. Туман ҳокимликлари, Вазирлар Кенгаши, тегишли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан махсус, муддатли дастурлар ишлаб чиқилди.
Эътиборлиси, аниқланган камчиликларнинг 17 569 таси жойида, кўп вақт, куч ёки маблағ сарф қилинмасдан ҳал этилди. Дарҳақиқат, бу жиддий ўйга толдирадиган ҳолат. Аҳолини қийнаётган мана шундай муаммолар аввалроқ бартараф этилса ҳам бўларди-ку. Нега арзимаган масала учун фуқаро йиллар мобайнида азоб чекиб келган? Бунга фақат биз, жамоат ташкилотлари фаоллари ва раҳбарларнинг озгина эътибори кифоя эди, холос. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бундай лоқайд муносабатга чек қўйилаётгани қувончлидир.
Бундан ташқари, шу кунга қадар дастурда белгиланган муаммоларнинг 81,9 фоизи ўз ечимини топди. Натижада, ўнлаб чекка қишлоқларимизга автобус қатнови йўлга қўйилди. Йўллар таъмирланди. Табиий газ, электр энергиясидаги узилишлар бартараф қилинди. Ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Кўплаб фуқаролар уй-жой билан таъминланди. Оилавий бизнес, хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун миллиард сўмлаб кредитлар ажратилди.
Қорақалпоғистонда биргина касаба уюшмалари томонидан шу кунгача «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш, жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга жами 381 млн. 699 минг сўм маблағ сарфланди.
Байрамлар муносабати билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ишларига алоҳида эътибор берилаётир. Жумладан, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз байрами ҳамда Хотира ва қадрлаш куни арафасида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» акцияси ўтказилди. Акция доирасида касаба уюшмалари томонидан 21 нафар уруш қатнашчиси, 1910 нафар меҳнат фахрийси, нуроний, кекса, ногирон, ёрдамга мухтож фуқароларга, мустақиллик йилларида хизмат вазифасини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзолари ва байналмилалчи жангчиларга моддий ёрдам пуллари ва совғалар топширилди. 48 нафар ёлғиз кекса ва ногиронларга коммунал хизматлар учун тўловларни қисман қоплаш учун моддий кўмак кўрсатилди.
Хўжайли туманидаги аёллар ва Чимбой туманидаги эркаклар «Мурувват» уйларига кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари, «Касаба уюшмалари — ҳарбийларга» акцияси доирасида 139 нафар ҳарбий, байналмилалчи-жангчи ва ҳарбийларнинг оилаларига совғалар улашилди. Бу каби хайрли ишларни кўплаб санаш мумкин.
Шунингдек, меҳнаткашлар учун юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш, соғломлаштириш ва болаларни оромгоҳларда дам олдиришни таъминлаш борасида қатор ютуқларга эришилмоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида, шунингдек, Қорақалпоғистондаги барча меҳнат жамоаларида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остидаги Форумининг аҳамияти, тасдиқланган Кўмаклашиш дастури мазмун-моҳияти, дастур ижросини таъминлашда касаба уюшмаси олдида турган вазифаларга бағишланган семинар ва давра суҳбатлари ташкил қилинди.
Жорий йил бошида Президентимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида суннат ва никоҳ тўйларини ўтказиб беришдек савобли ташаббус илгари сурилганди. Март-апрел ойларида мазкур тадбирни ўтказиш, эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Рўйхатга киритилган ҳар бир оиланинг аҳволи билан яқиндан танишиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қораўзак, Қўнғирот, Қонликўл, Чимбой, Хўжайли, Тахтакўпир, Шўмонай, Кегайли, Нукус туманларида никоҳ ва суннат тўйлари алоҳида, Амударё, Беруний, Мўйноқ, Тўрткўл, Элликқалъа туманларида никоҳ ва суннат тўйлари биргаликда ўтказилди. 225 жуфт келин-куёвга мебеллар тўплами ҳамда 417 нафар тўйболага китоблар жамланмаси туҳфа қилинди.
Тадбирлардан сўнг ҳам ёш оилаларнинг рўзғорини бутлаб олишида кўмаклашиш мақсадида фаолларимиз улар ҳолидан хабар олиб турибди. Кўпчилиги кредит олиб, товуқ, курка, қорамол боқишни йўлга қўйган. Касаба уюшмалари ёрдами билан Бандликка кўмаклашиш марказлари орқали иш билан таъминланган. Баъзилари эса оилавий тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Тўғриси, шулар ҳақида эшитганда янги оила барпо бўлиб, оёққа туришида касаба уюшмаларининг ҳам ҳиссаси қўшилганидан ғурурланамиз.
Шу билан бирга, касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилмоқда. Жумладан, бирлашма кенгашида «Фуқаролар қабулхонаси» ташкил этилиб, у орқали йилнинг шу кунига қадар 211 та мурожаат қабул қилинди. 64 та мурожаат эгаларининг талаби қондирилди. Шунингдек, 28 та мурожаат юзасидан иш берувчиларга тақдимнома киритилиб, 13 таси тўлиқ қаноатлантирилди.
Рад этилган ёки бажарилиши пайсалга солинаётган тақдимномалар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 11 та даъво аризаси киритилиб, 7 таси ижобий ҳал бўлди. Натижада, 3 нафар фуқаро ишга тикланди. 4 нафар фуқарога иш ҳақлари ундириб берилди. 2 та масала юзасидан суд иши бошланмасдан ходим ишга тикланганлиги сабабли даъводан воз кечилди. 2 та даъво юзасидан эса жараён давом этмоқда.
Шунингдек, ЎзКУФК ташаббуси билан ташкил этилган «Саховат» акцияси доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан кам таъминланган, эҳтиёжманд оила вакиллари бўлган опа-сингилларимиздан 120 нафарига маиший техника буюмлари топширилди.
Бу каби эзгу ишлар кўлами кенгайиб бораверади. Шу асосда фаолиятимизни халққа янада кўпроқ наф келтирувчи тизим сифатида ташкил этишга ҳаракат қиламиз.
У.ЖАЛМЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси