[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

30.10.2017. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида  мамлакатимизда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаяпти. Хусусан, республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юрт тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, шу билан бирга, ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллуд топган Жиззах вилоятининг Жиззах туманига унинг номи берилди. Туман марказида Шароф Рашидов бюсти очилди. Шунингдек, Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш ишлари якунланаяпти.

Халқимизнинг севимли фарзанди хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм суратга олиниши, унинг асарларини ўз ичига олган «Сайланма» ҳамда ҳаёти ва фаолиятига бағишланган «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» номли хотира китобининг чоп этилиши ҳам мазкур йўналишдаги тизимли  ишлар сирасидандир. Шунингдек, юртимиз бўйлаб адиб таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар, учрашув ва хотира кечалари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Халқимизнинг оташқалб фарзанди» мавзуида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам Шароф Рашидов номи яна бир бор ёд этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, Санатор-курортлар бошқармаси ходимлари ва касаба уюшма фаоллари иштирок этган тадбирда атоқли давлат арбобининг мамлакат истиқболи йўлида амалга оширган улкан ишлари фахр билан тилга олинди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги етакчи муҳаррири, адабиётшунос Ирисмат Абдухолиқов йиғилганларга Шароф Рашидов билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди. Хусусан, бу улуғ сиймонинг матонати, оғир дамларда халқ дарду қувончини ўйлаб иш олиб боргани, мамлакатимиз, унинг истиқболи учун ёниб яшагани, пойтахтимизда бир қатор йирик иншоотлар, хусусан, метрополитен қурилиши йўлидаги саъй-ҳаракатлари, нафақат давлат арбоби, балки ижодкор сифатида ҳам кўпчиликка ўрнак бўлгани алоҳида таъкидланди.

— Шароф Рашидов республикада раҳбарлик қилган давр урушдан кейинги оғир йилларга тўғри келди. У кишидаги матонат, ишнинг кўзини билиш каби хислатлар ҳар қандай синовни енгиб ўтишда қўл келди. Шу билан бирга, бу фидойи инсон кўзга кўринган ёзувчи ҳам эди. «Ғолиблар»,  «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин», «Кашмир қўшиғи» каби асарларида ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги маънавий жасорати ўзининг бадиий ифодасини топган, — деди И.Абдухолиқов. — Бир сўз билан айтганда, атоқли давлат арбоби ва ижодкор Шароф Рашидов сиёсат билан ижодни баравар олиб орди. Бу иккиси унга қўшқанот бўлди. Халқимиз унинг амалга оширган эзгу ишларини асло унутмайди ва номи қалбларимизда абадий яшайди.

Тадбирда Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди.