06.11.2017. Пойтахтимиздаги 6-шаҳар клиник шифохонасида «Тиббиёт ходимларининг маданиятини оширишда китобхонликнинг ўрни» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққан шифохона бош шифокори Аббос Раҳимов ва бошқалар соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган эътибор ва тиббиёт соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
— Шифохонада 87 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Улардан 10 нафари олий тоифали шифокор. Аҳолига терапевт, кардиолог, невролог, уролог, стоматолог ва бошқа мутахассислар томонидан тиббий хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилган. Ходимлар меҳнати рағбатлантириб борилади. 55 нафар ходимнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди. Келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларига олиб бориш ҳам режалаштирилган, — дейди муассаса касаба уюшма қўмитаси раиси Тожимурод Ашуров.
Шунингдек, йиғилишда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, шифокорларнинг бу каби янгиликлардан хабардор бўлиб туриши соҳа ривожини янги босқичга кўтариши тўғрисида айтиб ўтилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишларнинг барчаси халқимизга замон талабига мос, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган.