28.11.2017. Халқаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, бунда айниқса, қўшни давлатлар билан илиқ ва манфаатли муносабатларни изчиллик билан кучайтириб бориш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ушбу саъй-ҳаракатлар нафақат мамлакатлар миқёсида, балки давлат ва нодавлат ташкилотлар даражасида ҳам кенгайиб бораётир.
Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Қирғизистон Республикасига ташрифи ҳам айнан ўзаро амалий фаолият самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тили, дини ва маданияти ўхшаш бўлган, қардош қирғиз халқи азал-азалдан ўзбек халқи билан аҳил ва иноқликда яшаб келишган. Қариндошлик ришталари боғланиб, ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқаларда мунтазамлик касб этган.
Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзоларининг Қирғизистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Мирбек Асанакулов билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ўзаро муносабатлар ҳар томонлама чуқурлашиб бораётгани, ҳар икки касаба уюшмалари вакилларининг ўзаро ташрифлари ва мулоқотлари мунтазамлик касб этаётгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш борасида ўзаро тажриба алмашиш, аъзоларни туризм, соғломлаштириш ва дам олдириш борасида ҳам ҳамкорликни кучайтириш лозимлигига тўхталиб ўтилди.
Дарҳақиқат, юртимизда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар, муқаддас қадамжолар, шунингдек, ўнлаб турли хасталикларни даволашга ихтисослашган санаторийларга қардош қирғиз халқини жалб этиш ёки бўлмаса Қирғизистондаги ҳавоси мусаффо, кўл ва ўрмонлар макони бўлган гўзал Иссиқкўл атрофидаги ўнлаб санаторий ва дам олиш уйларига ходимларимизни саёҳат ва даволанишга олиб борсак, айни муддао бўларди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувдан сўнг делегация аъзолари “Ала-арча” миллий боғига ташриф буюрдилар. Кеч куз бўлгани боис, ҳаво бироз совуқ бўлса-да, пурвиқор тоғлар, чексиз арчазор ва тоза ҳаво барчага манзур бўлди. Бундан мусаффо ҳаво ва бектакрор табиат руҳингизни тетиклаштириб, кайфиятинингизни кўтариши турган гап.
Шундан сўнг делегация аъзолари Иссиқкўлга йўл олишди. Иссиқкўл атрофидаги “Мовий Иссиққўл”, “Госрезиденция №2”, “Қирғиз денгизи” ҳамда “Иссиқкўл-Аврора” санаторийларида, шунингдек, тоғли ҳудудда жойлашган “Етти Ўғиз” санаторийси ҳамда “Каприз” тоғ чанғиси базаси фаолияти билан ҳам танишилди. Ушбу санаторийларда дам олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, турли хасталикларга ихтисослашган даволаниш мажмуалари, у ердаги муолажа турлари, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари билан яқиндан танишишди.
Айниқса, Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ўрда” маданият маркази делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Бу ерда нафақат қирғиз ҳалқининг тарихи, маданияти ва урф-одатлари акс этган, балки дунё тарихи ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар олишингиз мумкин.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакилларидан иборат делегация ташрифи давомида ташкил этилган учрашув ва
тадбирлар икки мамлакатлар касаба уюшмалари ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши, шубҳасиз.