24.12.2017. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган 2017 йил жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларга бой бўлди. Ушбу ислоҳотларнинг самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг 23 декабрь куни пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида ўтказилган “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги тантанали тадбирда мазкур йўналишлардаги тизимли ишлар ҳамда уларнинг натижалари алоҳида таъкидланди. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»ни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари давлатимиз ва жамиятимиз тараққиётининг мутлақо янги босқичини бошлаб бергани эътироф этилди. Амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар, шунингдек, инсон манфаатларини таъминлашга ҳамда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишлар натижасида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб бормоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам жорий йилда ёш касаба уюшма аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий изланишлари, салоҳияти ва инновацион ишланмаларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ ишларни тизимли равишда ташкил этиш мақсадида бир қатор танловлар ва лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, меҳнат соҳасида изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган катта илмий ходим-изланувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан илмий тадқиқотлар учун грант ҳамда стипендиялар танлови, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” онлайн-танлови ўтказилди. Шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятини ташкил этишда фаоллик кўрсатаётган, илм-фан билан шуғулланиб, мамлакатимиз ривожига муносиб хисса қўшаётган фаол ёшлар учун стипендиялар таъсис этилиб, уларни касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги тантанали тадбирда мазкур танлов ва лойиҳалар ғолиби бўлган бир гуруҳ ёшлар муносиб тақдирланди. Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган илмий грант танлови ғолиби бўлган 2 нафар илмий изланувчи ёшлар – Тошкент давлат юридик университети катта илмий ходим-изланувчиси Шуҳратжон Исмоилов ҳамда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг мустақил тадқиқотчиси Баҳодир Мардоновга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир марталик махсус грант маблағлари топширилди.
Ҳудудий саралаш босқичида жами 358 нафар, республика босқичида эса 105 нафар ўқувчи ёшлар иштирок этган “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” онлайн-танловида ғолибликни қўлга киритган ёшлар – 2-Тошкент юридик коллежининг 2017 йилдаги битирувчиси Лобар Абдуқодирова, Зарафшон компьютер технологиялари коллежининг 3-босқич ўқувчиси Дилноза Қудратова ҳамда Нукус автомобил-йўл хўжалиги ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Иззет Зарликов махсус совғалар билан тақдирланди.
Шундан сўнг ёш касаба уюшма аъзоларини, шунингдек, олий таълим муассасаларининг ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган талабларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, соғлиғини муҳофаза қилишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган “Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ёшларни соғломлаштириш” лойиҳаси доирасида республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан 1 нафардан, жами 14 нафар фаол йигит-қизлар ҳамда ёш мутахассисларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда бепул соғломлаштириш учун йўлланмалар топширилди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, мамлакат миқёсида зўр қизиқиш билан ўтказилган “Касаба уюшмалари стипендиати” лойиҳаси ҳам Қорақлпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари талабаларини қамраб олди. Касаба уюшмалари стипендияси энг фаол ва инновацион ғояларга эга бўлган, илм-фан соҳасидаги янгиликларга интилувчан, ташаббускор ва иқтидорли ёшларга насиб этди. Ана шундай ёшлардан бир гуруҳи – турли ҳудудлардаги олий таълим муассасалари талабаларидан 14 нафари касаба уюшмалари томонидан таъсис этилган стипендилар, 5 нафар талаба эса касаба уюшмаларининг илмий стипендияларини қўлга киритдилар. Тадбир доирасида ушбу стипендиялар ўз эгаларига топширилди.
Маълумки, жорий йилнинг ноябрь ойида ўзбекистонлик бир гуруҳ ёш пайвандчилар – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси” Республика танлови ғолиблари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кирувчи давлатлар ўртасидаги нуфузли касбий танлов – пайвандчи усталар мусобақасида иштирок этдилар.
Ушбу танловда ўзбекистонлик пайвандчилар Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан бир қаторда Камбоджа, Эрон, Афғонистон каби жами 10 дан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган пайвандловчилар билан беллашиб, 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Шунингдек, Ўзбекистон пайвандчилари жамоаси “Энг яхши ташкил этилган жамоа” номинациясида ғолиб деб топилиб, махсус кубок билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда мамлакатимизда ишчи касбларини ривожлантиришга нақадар юксак эътибор қаратилаётгани, ходим ва мутахассисларга яратилаётган муносиб меҳнат шароитлари, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги амалий ишлар натижаларини дунё миқёсида намойиш этган ўзбекистонлик ушбу ёш пайвандчи усталар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Таъкидлаш лозимки, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фаолияти намунали йўлга қўйилган бошланғич ташкилотларни эътироф этиш ва рағбатлантириш мақсадида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда тўрт босқичда ташкил этилган мазкур кўрик-танловнинг қуйи босқичларида 18 мингдан зиёд бошланғич ташкилотлар иштирок этиб, уларнинг 25 таси республика финал босқичига тавсия этилди. Танловнинг финал босқичига йўлланма олган бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг 12 таси “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик- танловининг республика босқичи ғолиби бўлди. Қолган 13 та бошланғич ташкилот рағбатлантирувчи мукофотларни кўлга киритди. Танлов ғолиблари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг махсус комиссияси томонидан аниқланиб, бунда бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишдаги муайян ютуқлари асосий мезон бўлди.
Тантанали дадбир давомида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик – танловида ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалар йўналишидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг фахрли 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган ҳамда рағбатлантирувчи мукофотларни қўлга киритган бошланғич касаба уюшма қўмиталари Касаба уюшмалари Федерацияси дипломи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг равнақи йўлидаги ишларда муносиб ҳисса қўшаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмалари нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган касаба уюшма фаолларини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирлаш анъанага айланган. Жорий йилда ҳам касаба уюшмаларининг 25 нафар фаоллари мазкур нишон билан тақдирланишга муносиб деб топилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мана шу нуфузли мукофотига лойиқ деб топилган номзодлар “Эҳтиром нишони” билан мукофотланди.
Тантанали тадбир иштирокчилари учун таниқли санъаткорлар иштирокида ташкил этилган концерт дастури намойиш этилиб, она Ватанимиз тараннум этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати