29.12.2017. Бугун Наманган вилоятида 1332 оилага касаба уюшмаси совғаси – кир ювиш машинаси, газ плитаси, чангютгич ва кичик печлар ҳадя этилди. Демакки, маиший техника сабаб шунча оиланинг кундалик юмушлари енгиллашиб, кўнгиллари қувончга тўлди.
Наманган шаҳрида ташкил этилган тадбир доирасида эса 111 нафар кам таъминланган оила вакиллари иштирок этдилар.
– Янги йил байрами олдидан касаба уюшмаларидан ана шундай совға билан тақдирланишим мен учун кутилмаган қувонч бағишлади, бундай эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муқаддас Султонова. – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да оддий одамлар ҳаётида кўп яхшиликлар юз берди. Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мевасидир. Бундай ғамхўрликларга жавобан биз ҳам фарзандларимизни Ватан учун, давлатимиз учун фидоий инсонлар қилиб тарбиялаб, юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ҳ.Маткаримов, Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдураззоқов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Ш.Мусаев ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.