06.01.2018. Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб, халқимиз турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришларда акс этмоқда.
Ижтимоий ҳимояталаб оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.
Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ кам таъминланган, уй-жой ва маиший шаритларини яхшилашга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунгача республика бўйича 22 200 хонадонга кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафар беморга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, зарур амалий ёрдамларни кўрсатмоқдалар.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Миробод туманида ташкил этилди.
Тадбир давомида туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди.
Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари тумандаги “Сарикўл” маҳалласида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалардан бири – Юсуф Абидов хонадонида бўлиб, ушбу оиланинг ижтимоий-маиший аҳволини яхшилаш ва кундалик уй юмушларида енгиллик яратиш мақсадида замонавий газ плитаси ҳадя этилди.
Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойлари таъмирлаб берилмоқда. 1221 нафар кам таъминланган оила эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда. Шунингдек, 22 нафар уй-жойга муҳтож фуқарони турар-жой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш зарурки, бу каби хайрли ва эзгу ишлар энг аввало оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуши сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкулини осон қилиб, кўнглини тоғдек юксалтирмоқда. Энг муҳими эҳтиёжманд инсонларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
– Президентимиз томонидан биз каби оддий одамларга жуда катта эътибор ва ғамхўрликлар кўрсатилмоқда. Бунинг натижасида хонадонларимизга файзу барака кирди, кўнгилларимиз нурга тўлди. Энг муҳими оддий одамларнинг ҳаётга муҳаббати ортиб бормоқда, – деди 2-гуруҳ ногирони Юсуф Абидов. – Хонадонимизга келиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволимизни ўрганишди ва мана бугун бизнинг оилага замонавий газ плитасини ҳадя этдилар. Анчадан бери ана шундай маиший техника жиҳозига эҳтиёжимиз бор эди, бундай ажойиб совға учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати