[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.01.2018. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар халқ фаровонлигига қаратилган бўлиб, жумладан, ёшларга кўрсатилаётган эътибор, кексалар учун яратилган шароитлар, тадбиркорлар учун имтиёзли имкониятлар — буларнинг бари адолат тамойиллари қарор топишига хизмат қилмоқда.

Хусусан, юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали усул ва механизмларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини амалда қўллаш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Эътиборли жиҳати, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури бажарилишида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Навоий вилоятида 2017 йилнинг 11 ойи давомида дастурда белгиланган тадбирлар юзасидан касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан муайян ишлар бажарилди. Чунончи, Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ҳамда жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш масаласи алоҳида эътиборга олиниб, хусусан, «Давлат хизмати тўғрисида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига давлат органлари ва ташкилотларида меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат нормаларини тартибга солувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Касаба уюшмалари фаолларининг идоралараро ишчи гуруҳлар таркибида вилоятимиздаги хонадонлар ҳамда ижтимоий соҳа объект­лари ўрганилишида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ҳам ўз натижасини бераётир. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизнинг барча туманида халқ билан мунтазам мулоқот тизимини йўлга қўйиш орқали оилалардаги муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш йўналишида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бирлашма юридик бўлими томонидан иш берувчиларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва судларга ижтимоий меҳнат муносабатларига оид масалалар юзасидан 16 та тушунтириш ва хулосалар берилди. Меҳнаткашлардан тушган жами 329 та мурожаат қонун доирасида кўриб чиқилди. Ўтган 11 ойда 5 та даъво аризаси иш берувчиларга нисбатан меҳнат қонунчилиги бузилишини бартараф этиш юзасидан 10 та тақдимнома киритилиб, 14 та ходимнинг ҳуқуқи тикланди.

Дастур доирасида аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқларини тиклаш, кексаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш ҳамда Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ҳам сезиларли ютуқларга эришилди.

Маълумки, истиқлол йилларида юртимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш ва уларга эҳтиром кўрсатиш бирламчи вазифалардан бирига айланди. Дастур доирасида нуронийларни моддий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш ва тизимдаги санаторийларда соғлиқларини мустаҳкамлаш ишлари ташкил этилди. Нурота эркаклар «Мурувват» уйида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга туман тармоқ кенгашлари томонидан,  шунингдек, бирлашма Ёшлар кенгаши томонидан моддий ёрдам берилди.

Жойларда касаба уюшмалари томонидан 154 нафар меҳнат фахрийси ва нуронийларнинг республиканинг тарихий шаҳарларига ва ўз ҳудудларидаги зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилди. Наврўз ҳамда Хотира ва қадрлаш куни байрамлари арафасида касаба уюшмалари томонидан 35 нафар ёлғиз кекса ва ногиронларнинг коммунал тўловлари қоплаб берилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан 1227 нафари давлат бюджети  ҳисобидан бепул, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган пенсионерлардан 72 нафари, шунингдек, касаба уюшма аъзоларининг пенсионер ота-оналаридан 231 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди. 19 нафар ишлайдиган кекса, 19 нафар кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи оила аёллари ҳамда 20 нафар тиббиёт ва таълим муассасалари ходими, 12 нафар фарзанд кўрмаган ёш оиланинг ишлайдиган аъзоларига касаба уюшмалари томонидан тизимдаги санаторийларга бепул йўлланмалар берилди.

Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ҳамда ёшларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 246 та корхонада 356 нафар пенсия ёшидаги шахсга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, 266 та корхонада 421 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар топшириш, 1018 та корхонада 1704 нафар ишламайдиган пенсионерга моддий ёрдам бериш ишлари уюштирилди.

203 та корхонада икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган 342 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилиб, 987 та корхонада кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оиланинг 2000 нафар фарзанди учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатлари қисман қопланди. 172 та корхонада ходимларнинг 186 нафар фарзандига чет тилларни ўрганишда  моддий кўмаклашилди ва 136 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 159 нафар аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгилаш жорий этилди.

Бундан ташқари, 805 та корхонадаги 2685 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 48 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 50 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабага ўқув контракт-шартнома тўловларида ёрдам берилиб, 27 та корхонада 36 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун, шунингдек, 55 та корхонада 56 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилди.

Дастур тадбирлари ижроси учун 11 ой якуни бўйича касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағлари ҳисобидан жами 1 млрд. 608  млн. 535 минг сўм маблағ сарф этилди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай ғоя, агар у аввало халқ манфаати йўлида хизмат қилиб, инсонларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамласа, янгидан-янги муваффақиятларга йўл очишини ҳаётнинг ўзи бос­қичма-босқич тасдиқламоқда. Ишончимиз комилки, амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини рўёбга чиқариб, юртдошларимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштиришга хизмат қилади.

Назира ТОҒАЕВА,

Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси