[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.01.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилаётган хайрли тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида кенг кўламда давом эттирилмоқда.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ижтимоий ҳимояталаб оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ушбу манзилли дастурларга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш, маиший шароитларини яхшилаш, саломатликларини тиклаш борасида амалий ёрдам кўрсатилиб, бундай оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланишига кўмаклашилмоқда. Натижада, бугунгача республика бўйича 22 мингдан ортиқ хонадон кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Айни кунда яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, зарур амалий ёрдамларни кўрсатмоқдалар.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Юнусобод туманида ташкил этилди. Таъкидлаш зарурки, энг аввало касаба уюшмалари вакиллари тумандаги 63 та маҳаллада бўлиб, 245 дан ортиқ хонадонларда истиқомат қилаётган оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўргандилар. Ўрганишлар натижасида тақдир тақазоси билан боқувчисини йўқотган, ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож бўлиб қолган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган 111 нафар кўнгли ярим инсонлар, шу жумладан, 42 нафар ёлғиз кексалар, 16 нафар қарамоғида ногирон оила аъзосини парваришлаётган оилалар аниқланди. Эзгу мақсадларга йўналтирилган тадбирлар бу инсонларнинг барчасини қамраб олди ва уларнинг барчаси кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди. Тадбирга йиғилганларга бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, оддий одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизимли ишларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари Яккасарой туманидаги Ҳамид Сулаймонов маҳалласида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардан бири – Шоҳида Отажонова хонадонида ҳам бўлдилар ҳамда унинг қизи, болаликдан 1-гуруҳ ногирони Умида Отажоновага ногиронлик аравачасини ҳадя этдилар.

Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар бугунгача пойтахтимизнинг Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Миробод, Яккасарой туманларида ҳам ўтказилди. Ушбу туманлардаги тадбирлар доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 600 нафардан ортик яқин кам таъминланган оилалар маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри миқёсида 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда. Бундан ташқари 22 нафар уй-жойга муҳтож фуқарони турар-жой билан таъминлаш масаласи ҳал этилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, бу каби хайрли ва эзгу ишлар энг аввало оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуши сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкулини осон қилиб, кўнглини тоғдек юксалтирмоқда. Энг муҳими эҳтиёжманд инсонларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати