12.01.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-5135-сонли Фармойиши ижросида касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Хусусан, республикадаги меҳнат жамоаларида касаба уюшмалари ташкилотчилигида “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” мавзусида “Маънавият соатлари” ўтказилди.
Унда мамлакатимизда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришда эришилаётган ютуқлар, миллий армиянинг мамлакатимиз мустақиллигини, суверенитетини сақлашнинг, сарҳадлар даҳлсизлигини таъминлашнинг ҳамда Ватанимиздаги тинч ва хотиржам ҳаётнинг кафолати эканлиги тарғиб қилинди.
Шунингдек, меҳнат жамоаларида ёшларни она юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни Ватанни ҳимоя қилишдек улуғ мақсадга интилиши, жасурлик ва фидойилик каби фазилатларини шакллантиришга қаратилган “Миллий армиямиз ёшларимиз қалбида садоқат, жасорат, матонат туйғуларини мустаҳкамловчи ҳаёт мактабидир”, “Ватанни ҳимоя қилиш – шарафли, олийжаноб ва масъулиятли бурч”, “Миллий армия байрами – менинг байрамим!”, “Қуролли Кучларимизнинг фуқаролик жамиятидаги ўрни ва роли” мавзуларида давра суҳбатлари, учрашувлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари томонидан республика ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий хизматчилар моддий қўллаб-қувватланди.
Бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Бухоро, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида “Менинг дўстим – Ватан ҳимоячиси” шиори остида ўтказилган видео конференциялар ва тадбирлар иштирокчиларини рағбатлантиришда иштирок этилди. Шунингдек, Бухоро, Жиззах, Наманган, Фарғона, Хоразм вилоятларида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари – юрт тинчлиги ва хавфсизлигининг кафолатидир” мавзусида Мудофаа вазирлиги қошидаги “Нуронийлар кенгаши” аъзолари ва аскарлар билан икки авлод учрашувлари ташкил этилди.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётган қатор оммавий тадбирларни ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига ёрдам кўрсатиш, уларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 200,0 млн. сўм ҳомийлик маблағи ажратилди.
2017 йил 30 декабрь куни Жиззах вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Бахмал туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун янги йил байрами дастурхони ёзилиб, концерт дастурлари намойиш этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида Жиззах вилоятида бир гуруҳ маданият, адабиёт ва санъат намоёндаларидан иборат тарғибот гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирларда иштирок этди.
Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида, чегара постларида, шунингдек, вилоятдаги ҳарбий қисмларда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Биз сизга ишонамиз ва фахрланамиз” шиори остида санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 14 987 нафар ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди. Касаба уюшмалари томонидан ҳарбий хизматни намунали ўтаётган аскарларга эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари 27-30 декабрь кунлари Жиззах вилоятидаги туман, шаҳарларда ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган офицерларнинг фарзандлари учун “Янги йил эртаги”, “Янги йил байрамига ташриф буюрган “Ажнабий меҳмонлар” каби театрлаштирилган тадбирлар ташкил этилди. Касаба уюшмалари томонидан жами 200 нафар ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига янги йил совғалари топширилди.