17.01.2018. Халқнинг турмушини фаровон қилиш, тинчлигини муҳофазалаш, соғлигини мустаҳкамлаш, борингки, унинг барча моддий-маънавий манфаатларини таъминлаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мезони саналади.
Айниқса, мамлакатимизда ўтган йилнинг халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлашга бағишланганлиги ушбу йўналишдаги ишларни янада жонлантирди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, жамиятимизнинг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар кишилар руҳиятида кўтаринкилик, қалбида чексиз қувонч уйғотди.
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан Сирғали туман ҳокимиятида ўтказилган тадбир ҳам шу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Тадбир аввалида мутасадди ташкилот вакиллари мамлакатимизда аҳоли ҳаётини яхшилаш, турмушини фаровонлаштириш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар хусусида тўхталишди.
Шундан сўнг тумандаги 111 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига чангютгич, газ ва газ-электр плиталари, кир ювиш машиналари каби маиший техника воситалари совға қилинди.
— Фурсатдан фойдаланиб мамлакатимиз раҳбарига, ташкилотчиларга чексиз миннатдорлигимни билдираман. Айтиш жоизки, охирги йилларда ҳамюртларимиз давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни чинакамига ҳис қилишди, амалда ижросини кўришди, — дейди «Чароғон» МФЙда яшовчи уй бекаси Жамила Юлдашева. — Менга берилган кир ювиш машинаси рўзғор юмушларимни енгиллаштирадиган бўлди. Қувончимизнинг чеки йўқ. Шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётганларга минг раҳмат!
Таъкидлаш ўринлики, бу каби тадбирлар Президентимизнинг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан бирлашма кенгаши томонидан пойтахтимизнинг барча туманларида ташкил этилмоқда.
Беғараз ёрдам — эътибордан баҳраманд бўлган аёлларнинг юзидаги табассум, руҳидаги кўтаринкилик, қалбидаги хурсандчиликни сўз билан ифодалаш қийин.
***
Касаба уюшмалари Федерацияси ва Шайхонтоҳур туман ҳокимияти ҳамкорлигида ўтказилган тадбир эҳтиёжманд инсонларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларини яхшилаш имконини берди.
Тадбирда туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари кундалик турмушда зарур бўладиган маиший техника жиҳозлари, хусусан, газ плитаси, кир ювиш машинаси, кичик печ, чангютгич билан таъминланди.
— Президентимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар менинг ҳаётимда ҳам ўз аксини топмоқда, — дейди «Каттабоғ» маҳалласида яшовчи Муяссар Юнусова. — Эҳтиёжманд оиламиз. Икки нафар фарзандим бор. Истайманки, эзгу ишларнинг бошида турганлар ҳамиша омон бўлсин.
— Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам иккинчи гуруҳ ногиронимиз. Тўртта фарзандимиз бор. Эътибордан хурсандмиз. Ватанимиз истиқболи учун қўлимиздан келганча меҳнат қиламиз, — дейди «Янги Камолон» маҳалласидан Олимжон Назимов.
Бу каби тадбир Бектемир туманида ҳам ўтказилиб, 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга маиший техника жиҳозлари топширилди.
Тадбирда йиғилганлар эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорлигини изҳор этишди.