07.02.2018. Самарқанд вилоятида 1089 та маҳаллада 518153 оила истиқомат қилади. Хонадонлар фаровонлиги, рўзғор ободлиги кўп жиҳатдан томорқадан қандай фойдаланишга ҳам боғлиқ.
Эътиборли жиҳати — томорқа хўжалигини ривожлантириш орқали нафақат оиласи, балки иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшаётган фуқароларнинг сафи тобора кўпайиб бормоқда. Бугунги кунда томорқа хўжаликлари ихтиёрида 86285 гектар унумдор ерлар мавжуд. Муҳими, ҳосилдорлик йилдан- йилга ошиб бораётир. Бир парча ердан уч-тўрт маротаба ҳосил олаётган шахсий томорқа эгалари кўп. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ихтиёридаги ер умрини беҳуда ўтказиб келаётганлар ҳам йўқ эмас.
Кузатувлар вилоят бўйича 140 та хонадон измида бўлган томорқаларда унумдорлик паст эканлигини кўрсатди.
Кейинги йилларда томорқа эгалари учун барча шарт-шароитлар яратилиб, иқтисодий жиҳатдан қийналган оилаларга кредит, уруғлик, минерал ўғит етказиб берилмоқда. Боз устига томорқа хўжалигини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қарорлар қабул қилинди. Бултур томорқа ерларидан самарали фойдаланиш кўрсаткичи аввалги йилга нисбатан икки баробарга ошганлиги ҳам бежиз эмас. Иссиқхоналар сони ўн баробарга кўпайди.
Бундай ижобий ўзгаришларни вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларидан бўлмиш Пахтачи тумани мисолида ҳам кўриш мумкин. Туманда ўтказилган семинар асноси томорқадан самарали фойдаланиб келаётган бир нечта хонадон кўздан кечирилди. Айниқса, Жалиловлар хонадони тажрибаси кўпчиликка ибрат бўлгулик. Асли касби қурувчи бўлган Азим Жалилов ва унинг оиласи томорқага алоҳида меҳр кўрсатиб келмоқда. Улар жорий йилда 5 сотихдан иборат иссиқхонадан 3 марта ҳосил олишга эришди. Хонадондаги 48 туп лимон ҳам рўзғорнинг бир томонини кўтариб турибди. Бундан тўрт йил илгари 1 қути асалари уяси харид қилишганди. Парвариш яхши бўлганлиги боис асаларилар бугунги кунда 30 қутига етди. Хонадон томорқасидан келган даромад боис рўзғор тўкин.
Тумандаги Матёқуб Соҳибов, Мансур Исломов, Алишер Норқулов, Ғайрат Аслонов, Дониёр Бўронов оилаларининг рўзғорига ҳам ердан самарали фойдаланиш файз киритган. Хуллас, томорқадан оқилона фойдаланиш қўшимча даромад манбаи эканлигини бугун ҳамма ҳис қилиб турибди.
Халқимизда «Ер боққанга боқади», деган ибратли нақл бор. Зеро, қилинган меҳнат ҳеч қачон бесамар кетмайди.
Сухроб РАФИҚОВ,
Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси