26.02.2016. Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари ўз сафига юртимиздаги 6 миллиондан ортиқ турли касб эгаларини бирлаштирган. Касаба уюшма мутахассислари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоялаш, дам олиши, соғлиғини тиклашига кўмаклашиш, фарзандларини оромгоҳларда соғломлаштириш, маданий ва спорт тадбирлари уюштириш билан бир қаторда корхона-ташкилотларда меҳнат қонунчилиги нормаларига амал қилиниши устидан жамоатчилик назоратини олиб боради. Меҳнат муҳофазаси талабларига амал қилинишини таъминлашга оид чоралар кўради.
Ходимлар учун корхонада касаба уюшмаси ташкилотининг мавжудлиги ва унга аъзо бўлишнинг афзалликлари нималарда кўринади? Аввало, касаба уюшмаси аъзолиги ходимга муаммоларни якка ўзи эмас, балки жамоа ёрдамида ҳал қилиш имкониятини беради. Касаба уюшмаси ташкилоти ҳамда иш берувчи ўртасида имзоланадиган жамоа шартномасига ишчи-ходимлар ўзларининг таклифларини беришлари, имзоланган жамоа шартномаси орқали қўшимча имтиёз ва кафолатлар олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, корхонада меҳнатга яраша ва муносиб ҳақ белгиланганлиги, ходимларга белгиланган иш ҳақининг миқдори қонун ҳужжатлари билан кўзда тутилган энг кам миқдордан оз бўлмаслиги, иш ҳақининг ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб борилиши каби муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича касаба уюшма ташкилоти ўзининг доимий жамоатчилик назоратини амалга ошириб боради.
Бундан ташқари, ходимларга корхонада бехатар ва қулай меҳнат шароитлари яратиб берилиши, иш жойида саломатликка салбий таъсир кўрсатадиган зарарли омиллар бўлмаслиги, жамоа шартномасига мувофиқ ходимлар махсус кийим-бош, пойабзал, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда эса махсус ва парҳез таомлар билан таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини олиб боришда бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлиш баробарида, зарур ҳолларда иш берувчи маблағи ҳисобидан белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтказилишини мунтазам назорат қилади.
Фақат бугина эмас, ходим касаба уюшмасига аъзо бўлса, нафақат ўзининг, балки оила аъзоларининг ҳам бундан манфаат кўришига имкон яратади. Жумладан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлардан бирида имтиёзли равишда дам олиши ва ўз саломатлигини тиклашидан ташқари, оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари)нинг ҳам сиҳатгоҳларда имтиёзли йўлланмалар асосида саломатлигини тиклаши, фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан бирида имтиёзли ёки бепул тарзда дам олдириши мумкин бўлади. Шунингдек, оилавий ва жамоавий спартакиадаларда қатнашиш, театр ва концертларга имтиёзли чипталарни олиш имконияти туғилади.
Бир сўз билан айтганда, касаба уюшмалари ўз аъзоларининг ҳаёти янада мазмунли ўтиши учун беминнат хизмат қилади.
Албатта, қаерда меҳнат жараёни қонунчилик асосида ташкил этилса, ўша ерда ишдаги унум ҳам ошади. Шу билан бирга, касаба уюшма ташкилоти тузилган муассасада ходим кўплаб имтиёз ва ҳуқуқларга эга бўлади. Расмий меҳнат фаолияти олиб бораётган шахсларга меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қатор имтиёзлар, имконият ва кафолатлар мавжуд. Жумладан:
– ходим учун иш вақтининг ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлмаган нормал муддати белгиланади;
– ходимнинг меҳнат мобайнида майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлигининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни иш берувчи томонидан тўлиқ тўланиши кафолатланади;
– ходимнинг майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек, ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига иш берувчи томонидан зарарни тўлаш кафолатланади;
– ходимлар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан суғурта қилинади;
– иш стажидан қатъи назар ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилияти тўлиқ ёки қисман йўқотилганда ногиронлик пенсияси тайинланади.
Шу ўринда «Норасмий меҳнат фаолияти юритадиганлар бундай имтиёз ва имкониятларга эгами?» деган савол туғилиши табиий. Бунга қисқа қилиб жавоб берадиган бўлсак, улар учун бу каби имтиёзларнинг бўлишини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Норасмий иш билан бандлик деб фуқароларнинг ҳеч қандай расмий рўйхат, рухсатнома ва ҳуқуқий асосга эга бўлмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиши тушунилади. Яъни:
– норасмий иш билан бандлик ҳеч қандай ҳуқуқий ва иқтисодий асосга эга эмас;
– мазкур секторда иш билан банд бўлганлар ўз меҳнат фаолиятлари орқали эртанги кунда ҳам даромад олишлари кафолатланмаган;
– норасмий иш билан бандлар меҳнати ижтимоий ҳимояланмаган ва муҳофазаланмаган;
– ушбу иш билан бандлик мавсумий ва вақтинчалик характерга эга бўлиб, об-ҳаво ва иқлимнинг ўзгариши ҳамда мавсумнинг алмашинуви оқибатида фуқаролар ишсиз аҳоли тоифасига осон айланиб қолишади;
– иш билан бандликнинг мазкур кўринишидан республика ва маҳаллий бюджетга ҳеч қандай солиқ ва мажбурий тўловлар амалга оширилмайди;
– бюджетдан пенсия ва ижтимоий нафақалар тўлаш бўйича ўзига хос муаммоларни келтириб чиқаради, яъни пенсия жамғармасининг даромадларига нисбатан унинг харажатлари юки ошиб кетади.
Норасмий меҳнат билан банд бўлганлар ким ўзи? Улар — уйда пулли хизматлар кўрсатиш билан банд бўлганлар (энагалар, уй хизматчилари), жисмоний шахслардан ҳақ олиб ишловчи шахслар, шахсий автомобилларда одам ташувчилар, автомашина ювиш шохобчаларида ишловчилар ва ҳоказо.
Меҳнат шартномаси тузмасдан, расмий равишда ишга кирмасдан туриб турли соҳаларда фаолият олиб бораётган фуқаролар меҳнат таътилига чиқиш, касал бўлганида касаллик даври учун ҳақ тўланиши, аёлларнинг туғруқ таътили, бола парвариши таътили, моддий ёрдам, фоизсиз ссудалар, меҳнат муҳофазаси, 8 соатли иш вақти, қисқартирилган иш вақти каби қатор имтиёзлар тўғрисида эшитганми? Йўқ, албатта.
Мисол тариқасида айтсак, ошхона, кафе, ресторанларда хизмат кўрсатаётган аксарият официантларнинг иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётгани бор гап. Ишлаётган «ишсиз»ларга айланган официантлар ариза билан ишга кириб, буйруқ асосида расмийлаштирилмаганлиги, меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасига эга эмаслиги, меҳнат дафтарчаси юритилмаслиги хусусида ўйлаб ҳам кўришмайди.
Юртимизда иш берувчиларнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар томонидан ходимни ишга қабул қилишда меҳнат муносабатларининг тўғри расмийлаштирилиши бўйича ижтимоий ҳамкорлик кучайиб бормоқда. Бу эса норасмий бандликка йўл қўйилмаслигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.