[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.05.2018. “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги Халқаро конференция иштирокчилари таъкидлайдиларки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган мазкур анжуман аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини янада кучайтириш учун давлат органлари, ходимлар ва иш берувчилар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш борасидаги миллий, хорижий ва халқаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этди.

Халқаро конференция ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этишда бевосита иштирок этувчи уч томонлама шериклар ўртасида амалий муҳокама ва ижобий тажрибани ўрганиш майдончаси вазифасини бажарди.

Халқаро конференция Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва хорижий тажрибани ўрганиш орқали аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишнинг устувор вазифаларини ҳал этишда фаол ҳамкорлик қилишга очиқ ва тайёр эканлигини намойиш этди.

Тошкент конференцияси ишида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКУК), Халқаро иш берувчилар ташкилоти  (ХИБТ), Касаба уюшмалари Умумевропа минтақавий кенгаши вакилларининг ҳамда ижтимоий ривожланиш, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳасидаги етакчи миллий ва хорижий экспертларнинг иштирок этиши ижтимоий соҳада фаол ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда таъсирчан амалий жамоатчилик назоратини амалга оширишда давлат органлари, ходимлар ва иш берувчилар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди.

Шу билан бир қаторда, Тошкент конференцияси иштирокчилари глобал миқёсда ижтимоий муҳофазани кенгайтириш ишида сезиларли ютуқларга эришилган бўлса-да, дунё аҳолисининг катта қисми самарали ижтимоий сиёсат механизмларидан баҳраманд бўлмаётганини таъкидладилар.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, жаҳон аҳолисининг 55  фоизи ёки 4 млрд нафар инсон ижтимоий имтиёзларнинг биронта тури билан қамраб олинмаган. Дунёда атиги 29  фоиз аҳоли ижтимоий таъминотнинг барча турларидан фойдаланади.

Шаҳарлар аҳолисининг 22 фоизи ва қишлоқ аҳолисининг 56  фоизи соғлиқни сақлаш хизматларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятидан маҳрум. Айниқса, кексалар муҳтож бўлган узоқ муддатли тиббий хизматга сайёрамизнинг 48 фоиз аҳолиси етиша олмаяпти.

Дунё болаларининг атиги 35  фоизи амалий ижтимоий муҳофазадан фойдаланмоқда, 1,3 млрд нафар бола эса бундай шароитлар билан таъминланмаган.

Меҳнатга қобилиятли ёшдаги аёл ва эркакларнинг ижтимоий муҳофаза чоралари билан қамраб олиниши ҳам етарли эмаслигича қолмоқда: янги туғилган фарзандни парваришлаётган оналарнинг 41  фоизи оналик, ишсизларнинг 22  фоизи ишсизлик, ногиронларнинг 28  фоизи ногиронлик нафақасини олишади холос.

Кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш ишларида жиддий камчиликлар мавжуд: пенсия ёшидаги одамларнинг фақат 68  фоизига ёшга доир пенсия тайинланган, пенсия таъминоти ва кексалар учун тайинланадиган бошқа нафақаларга Ялпи ички маҳсулотнинг ўрта ҳисобда  6,9 фоизи сарфланади, аксарият ҳолларда нафақалар миқдори юқори эмаслиги ва қарияларни қашшоқликдан қутқаришга етарли эмаслиги кузатилмоқда.

Замонавий дунёда 200  миллион нафардан кўп аҳоли иш жойига эга эмас, ишлаётганларнинг 42  фоизи эса бандликнинг ҳимояланмаган шаклларида фаолият юритмоқда. Реал иш ҳақлари барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлмаган бир пайтда, иш билан банд аҳоли таркибида қашшоқлар улуши 22 фоизни ташкил этади ва бундай ҳол яқин келажакда ўзгармаслиги кутилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, БМТ эълон қилган “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га эришиш учун дунё миқёсида кечиктириб бўлмайдиган ва тўла ҳажмли чоралар кўрилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, “Барқарор ривожланиш мақсадлари” қуйидагиларни назарда тутади:

қашшоқликнинг барча шакл ва кўринишларини бартараф этиш, озиқ-овқат ҳавфсизлигига эришиш;

ҳамма учун барча даражадаги сифатли инклюзив ва тенг ҳуқуқли таълимни таъминлаш;

аҳолининг тиббий ёрдам билан қамраб олиниши ҳамда унинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларига эришиш;

изчил, умумқамровли ва барқарор иқтисодий ўсиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

меҳнат миграцияси жараёнларини самарали тартибга солиш;

иқлимий адолат ва экологик фаровонликка эришиш.

БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари” қашшоқликни камайтириш ва йўқ қилиш мақсадида миллий миқёсда барча учун ижтимоий муҳофазанинг тегишли тизим ва чораларини, шу жумладан унинг энг кам даражаларини жорий этиш борасида давлатларнинг биргаликдаги мажбуриятини ифода этади.

Ҳамма инсонлар таянч ҳаёт даражасига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиши, шу жумладан манзилли ижтимоий муҳофаза тизимларидан бахраманд бўлиши лозимлиги БМТ “Барқарор ривожланиш мақсадлари”нинг устувор вазифасидир.

Барча учун тааллуқли ижтимоий муҳофаза қашшоқликни бартараф этишнинг, тенгсизлик кўламини қисқартиришнинг, барқарор иқтисодий ўсишни ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Халқаро конференция иштирокчилари таъкидлайдиларки, Ўзбекистонда олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий сиёсат доирасида ижтимоий соҳанинг барча жабҳаларини ривожлантириш бўйича давлат ташаббусларини ва  жамоатчилик кучларини бирлаштиришга қаратилган комплекс дастурлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатда Давлат бюджетининг 60  фоизи ижтимоий соҳага, яъни соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш эҳтиёжларига йўналтирилади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг охирги Глобал маърузасида келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аҳолини давлат томонидан ижтимоий муҳофаза қилиш ишларига Ялпи ички маҳсулотнинг 11,6 фоизи йўналтирилади ва бунинг натижасида:

ишсизларнинг 39,5 фоизи нафақа пуллари олишади;

кексаларнинг 98,1 фоизи тизимли ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинган;

муҳтож аҳолининг ижтимоий ҳимоя нафақаларининг хеч бўлмаганда битта тури билан (болалар учун ҳамда оилавий нафақаларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) манзилли қамраб олиниши 100 фоизга яқинлашган;

расмий секторда банд ходимларнинг барчаси бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилинган.

Миллий анъаналарга ҳамда ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватловнинг жамоавий шаклларига таяниш Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг ўзига хос хусусияти ҳисобланади. Бунда кўп асрлик тарихга эга бўлган ижтимоий ёрдамнинг ўзига хос бўлган маҳалла миллий институти алоҳида нуфузга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев “Инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган энг муҳим тамойилга асосланган кучли ва манзилли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга биринчи даражали эътибор қаратмоқда.

Давлат     раҳбарининг      ташаббуси     билан     қабул     қилинган “2017-2021  йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ҳар бир инсон ва ҳар бир оиланинг ҳаётий манфаатларига дахлдор бўлган долзарб ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал этиш учун бир қатор манзилли дастурлар амалга оширилишини назарда тутади.

Халқаро конференция иштирокчиларининг мамлакат минтақаларига қилган ташрифлари жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазият, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари фаолияти, ижтимоий инфратузилма, арзон уй-жойлар қурилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, иш жойларидаги меҳнат шароитлари, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг ижтимоий шериклиги билан танишиш имкониятини берди.

Халқаро конференция иштирокчилари давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигига, улар муносиб меҳнат шароитларини яратишга ҳамда кучли ва манзилли ижтимоий муҳофаза тизимини такомиллаштиришга хизмат қилаётганига ишонч ҳосил қилдилар.

«Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни кўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурига биноан 2018 йилда мақсадли ижтимоий сиёсатни янада фаоллаштириш кўзда тутилган.

Аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш,  мамлакат ички бозорида истеъмол товарлари ва хизматлар нархларининг кескин ошишининг олдини олиш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.

Бунинг учун, жумладан, қонунчиликка илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадлар даражасини аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини киритиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда касаба уюшмалари ҳам муҳим ўрин тутади.

2017-2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳудудий манзилли дастурларини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириб бориш ҳуқуқи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига берилган бўлиб, уларда қуйидагилар назарда тутилади:

кам таъминланган оилаларга имтиёзли фоиз ставкаси бўйича ҳунармандчилик фаолияти учун асбоб-ускуналар ва инвентарь сотиб олиш, шахсий томорқасини ривожлантириш, уй-жойини таъмирлаш йўналишларида микрокредитлар тақдим этиш;

оғир уй-жой маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга арзон уй-жойларни сотиб олишга, уй-жойларни таъмирлашга, маиший техника харид қилишга, оғир касалликлар мавжуд бўлган тақдирда тиббий хизматлар ҳақини тўлашга беғараз ёрдам кўрсатиш.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, шунингдек Аҳолини дори воситалари билан таъминлашдаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш бўйича жамоатчилик комиссиясига раҳбарлик қилмоқда.

Кун тартибидаги масалаларни очиқ ва конструктив ёндашув билан атрофлича муҳокама қилиш чоғида Халқаро конференция иштирокчилари аҳолини ижтимоий суғурта билан қамраб олиниши кўламини кенгайтиришга, ижтимоий муҳофаза мақсадларида солиқ-бюджет сиёсатининг самарали чоралари қабул қилинишига, ижтимоий муҳофазани барча бенефициарларга, шу жумладан норасмий банд бўлганлар ва мигрантларга ҳам тадбиқ этилишига, ёшлар бандлигини фаол рағбатлантиришга, оналик ва болаликни таъсирчан муҳофаза қилишга, кексалар тўғрисида доимий ғамхўрлик қилинишига, муқаррар базавий даромад муаммосини энг мақбул тарзда ҳал этилишига эришган мамлакатлар тажрибасини ижобий баҳоладилар.

Бугунги шароитда, барча мамлакатлар учун ХМТнинг асос солувчи, устувор ва ижтимоий аҳамиятга эга конвенциялари негизида ижтимоий-меҳнат соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш талаб этилади, бунда меҳнат инспекциялари ролини ошириш, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотлари ҳуқуқлари кафолатларини кенгайтириш, имконияти чекланган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, давлат-хусусий шерикликни ва ижтимоий тадбиркорликни жорий этиш, ижтимоий таъминот ва пенсия таъминотини оқилона ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ҳаётий заруратга айланмоқда.

Халқаро конференция иштирокчилари кучли ва манзилли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлат ҳамда ходимлар ва иш берувчилар ташкилотлари сайъ-ҳаракатларини бирлаштириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалий ижтимоий мулоқот ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш борасидаги халқаро ва хорижий тажрибани, шу жумладан Ўзбекистон тажрибасини мунтазам ўрганиб бориш зарур деб ҳисоблайдилар.

Тошкент конференцияси таъкидлайдики, самарали ижтимоий сиёсат нафақат фаол ижтимоий муҳофаза ва соғлиқни муҳофаза қилиш чораларини, балки арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларини қамраб олган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширувчи мақсадли дастурларни ҳам ўз ичига олиши лозим.

Халқаро конференция фуқароларнинг конституциявий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича стратегиялар, дастурлар ва чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Ҳукуматлар, ходимлар ва иш берувчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга асосланган кучли ижтимоий сиёсатни илгари суришда ХМТ фаолиятини юксак баҳолайди.

Тошкент конференцияси таъкидлайдики, замонавий меҳнат соҳасида кузатилаётган ўзгаришлар, меҳнат бозори институтларини кучсизлантириш билан бир қаторда, дунёнинг қатор минтақаларида тенгсизлик ва беқарорлик ўсишига, шунингдек кўплаб жамиятларда таркиб топган анъанавий норасмий ижтимоий келишувларнинг заифлашувига олиб келмоқда.

Дунёда юзага келган вазият иқтисодий ўсиш натижаларини меҳнат ва капитал ўртасида янада адолатли тақсимланишини таъминлаш учун бандлик, иш ҳақи ва ижтимоий муҳофаза сиёсатига устувор даражада эътибор берилишини тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан Халқаро конференция иштирокчилари ХМТнинг меъёрий ижодкорлик фаолиятини фаоллаштиришга, назорат механизмини ва аъзо-мамлакатлар билан техник ҳамкорлик тамойилларини янада такомиллаштиришга чақириб қолади.

Халқаро конференция доирасида ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси шафелигида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари раҳбарларининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Учрашув давомида ҳар йили минтақавий касаба уюшмалари форумларини ўтказиб бориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Маърузаларни муҳокама қилиш, глобал тенденциялар ва мамлакатлардаги вазиятларни ўрганиш натижаларига биноан Халқаро конференция иштирокчилари ривожланиш стратегияларини икки ва учтомонлама ижтимоий мулоқот асосида, қуйидаги вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, белгилаб олишни ўз ижтимоий шерикларига тавсия этадилар:

а) сиёсий, иқтисодий ва молиявий чоралар соҳасида

мувозанатлаштирилган ва манзилли ижтимоий сиёсатни юритиш, меҳнат бозорини ҳуқуқий мувофиқлаштириб бориш, янги иш ўринларини яратиш ва ички истеъмол бозорида талабни рағбатлантириш масалаларида давлатнинг ролини ошириш;

муносиб меҳнат тақчиллиги муаммоларини ҳал этиш ҳамда қашшоқлик ва заифликнинг олдини олишнинг зарурий шарти сифатида ижтимоий муҳофаза тизимларини кенгайтириш, унинг манзиллилиги ва  энг кам миқдорини ошириш;

ижтимоий муҳофаза соҳасидаги бевосита ва билвосита камситишларни бартараф этиш, Ялпи ички маҳсулот таркибида ижтимоий соҳани молиялаштириш сарф-ҳаражатлари улушини ошириш;

солиқларни жамлаштириш ёки тежамкорлик сиёсати чоралари ижтимоий муҳофазага йўналтириладиган давлат сарф-харажатларига таъсир кўрсатмаслигини ва уй хўжаликлари  даромадлари даражасини ҳамда ички истеъмолни пасайтириб юбормаслигини кафолатлаш;

ижтимоий муҳофазага йўналтириладиган ресурсларни юзага келтиришнинг барча, шу жумладан халқаро молиявий муассасалар ва БМТ қўллаб-қувватлаётган вариантларидан самарали фойдаланиш;

субсидияларни, айниқса электр энергияси, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалигига йўналтириладиган субсидияларни сақлаб қолиш;

энг кам меҳнат ҳақини энг кам истеъмол бюджетининг реал қиймати асосида  ўрнатиш, давлат секторида иш ҳақи миқдори камайишининг олдини олиш;

пенсия тизими ва меҳнат қонунчилигининг ислоҳ қилиниши меҳнат бозорини янада прекаризациялашувига олиб келмаслигини таъминлаш;

ижтимоий нафақалар миқдорларининг инсоннинг асосий эҳтиёжлари қондирлишини кафолатлайдиган даражадаги мутаносиблигини таъминлаш;

ишлаб чиқаришни юксалтиришни рағбатлантирувчи самарали солиқ сиёсатини юритиш;

иш ўринларини барпо этаётган кичик бизнес иш берувчиларини рағбатлантириш, шу жумладан ёшлар бандлигини бевосита ёки билвосита субсидиялаштириш;

б) институционаллаштириш соҳасида

иқтисодиётнинг норасмий сектори ходимларини ижтимоий суғурта билан қамраб олинишини кенгайтириш, бунда бадаллар ушлаб қолиш ёки ижтимоий трансфертга асосланган стратегик ёндошувларни оқилона уйғунлаштириш;

тиббий хизматлар сифати ва ҳаммабоплигини ошириш нуқтаи назаридан соғлиқни сақлаш тизимларини ислоҳ қилиш;

аҳоли бандлиги ва муносиб меҳнатни рағбатлантириш, доимий барқарор иш ўринлари яратишга кўмаклашиш, давлат хизматчиларини иш ўринларини, биринчи галда иқтисодиётнинг реал секторида, барпо этгани учун моддий рағбатлантириш;

аҳолининг даромадлари таркибида ишлаб чиқариш унумдорлиги ва ички талабнинг ўсишига олиб келувчи меҳнат фаолияти ва тадбиркорликдан тушган даромадлар улушини ошириш;

ижтимоий боқимандаликни камайтириш мақсадида имконияти чекланган шахсларни ҳамда меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобат қилишга қодир бўлмаган бошқа шахсларни касбий тайёргарликдан ўтказишга ва мақбул келадиган иш билан таъминлашга кўмаклашиш;

ички талабни ошириш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилувчи арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш дастурлари ижросини ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг ҳал қилувчи таркибий қисми сифатида қабул қилиш;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш, арзон уй-жойлар қуриш, инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш учун давлат-хусусий шериклик имкониятларидан кенг фойдаланиш;

в) глобал ҳамкорлик соҳасида

замонавий экология муаммолари, инқирозлар ва беқарорликларга мослаштирилган ижтимоий муҳофаза тизимларини биргаликда барпо этиш;

транс-миллий корпорациялар билан глобал ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш;

меҳнаткаш-мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида комплекс чоралар қабул қилиш;

ҳамма жойда ижтимоий адолат ўрнатилишини кўзлаган ҳолда глобал шерикликни мустаҳкамлаш.

Тошкент шаҳрида 2018 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган.