24.05.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилаётган тизимли тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида кенг кўламда давом эттирилмоқда.
Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ижтимоий ҳимояталаб оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ўтган давр мобайнида республика бўйича 22 мингдан ортиқ хонадон кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилиб, уй-жойлари таъмирлаб берилди. Шу билан бирга юзлаб оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш ишлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилда касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларини ўрганиш ишларини давом эттирган ҳолда уларга зарур амалий ёрдамларнинг манзилли етказилишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу ўринда ўтган давр мобайнида кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида қатор эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланиб, уларнинг кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқиши ва турмуш даражаси оширилиши учун имкониятлар яратилаётганини ҳам таъкидлаш ўринлидир.
Айни кунда касаба уюшмалари томонидан жорий йилги ўрганишлар ва оилалар билан мулоқотлар давомида аниқланган эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш, маиший шароитларини яхшилаш, саломатликларини тиклаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланишига муносиб ҳисса қўшилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пойтахтимизда ҳам ўтказилмоқда. Худди шу мақсадларда энг аввало касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари Тошкент шаҳарида истиқомат қилувчи 1166 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг яшаш шароитларини чуқур ўргандилар. Ўрганишлар натижасида 55 та эҳтиёжманд оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун 6 млрд. 875 млн.сўм, 275 та кам таъминланган оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун 3 млрд. 850 млн.сўм, 66 нафар ижтимоий ҳимояталаб инсоннинг соғлиғини тиклаш учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағларни тегишли муассасаларга ўтказиб бериш учун 264 млн. сўм, 770 та эҳтиёжманд оилани кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида 2 млрд. 310 млн. сўм маблағ йўналтирилиши белгилаб олинди. Айни кунда бу тоифадаги оилаларни маиший техника жиҳозлари билан таъминлаш ишлари қизғин бормоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 24 май куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган тадбирга туманда истиқомат қилаётган 70 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бўлган оилалар вакиллари, ёлғиз кексалар таклиф этилдилар. Тантанали тадбирда уларнинг ҳар бирига кундалик турмушда зарур бўлган замонавий газ плиталари топширилди. Тадбирга йиғилганларга бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, оддий одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизимли ишларнинг мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди. Тадбирга йиғилган юртдошларимиз мамлакатимизда Президентимиз томонидан оддий одамларга кўрастилаётган эътибор ва ғамхўрликларни ўз ҳаётларига ҳам кириб келгани, бундан уларнинг кўнгли тоғдек кўтарилиб, турмуш фаровонликлари ошаётганини эътироф этдилар. Ижтимоий ҳимояталаб, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирдилар.
Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари Шайхонтоҳур туманидаги Катта Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғини, Гулханий кўчасида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардан бири – Наргиза Холметова ҳамда Зафаробод маҳалласидаги Зафаробод кўчасида яшовчи боқувчисини йўқотган оилалардан бири бўлган Шарифа Абдукаримова хонадонларига ҳам ташриф буюриб, маиший техника жиҳозларини тақдим этдилар.
Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар бугунгача пойтахтимизнинг Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Миробод, Яккасарой, Олмазор, Яшнобод, Юнусобод ва Бектемир туманларида ҳам ўтказилди. Ушбу туманлардаги тадбирлар доирасида 630 дан ортиқ кам таъминланган оилалар маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.
Таъкидлаш зарурки, бу каби хайрли ва эзгу ишлар энг аввало оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуши сифатини ошириш билан бирга аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, энг муҳими оддий одамларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу орқали ижтимоий-иқтисодий муаммолари мавжуд инсонларнинг мушкули осон қилиниб, эҳтиёжманд инсонларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати