25.05.2018. Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Ёшлар Бирлашмаси ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган “Сиз касаба уюшмасини биласизми?” кўрик-танловининг якуний босқичи жорий йилнинг 23 май куни бўлиб ўтди.
Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – таълим муассасалари битирувчиларининг касаба уюшмаси тўғрисидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларга меҳнатга оид қонун ҳужжатлари, ижтимоий-меҳнат муносабатлари тўғрисида тўлиқ тушунчалар бериш, бу орқали келгусида уларнинг жамиятда муносиб ўринга эга бўлишларига кўмаклашишдир.
Уч босқичда ўтказилган ушбу кўрик-танловда 1 минг 200 нафардан ортиқ ўқувчилар иштирок этдилар. Кўрик-танловнинг тармоқ саралаш босқичлари 2018 йилнинг апрель ўтказилган эди. Қуйи босқичларда ғолибликни қўлга киритган 7 та ёшлар жамоаси танловнинг якуний шаҳар босқичига йўлланма олдилар.
Танловнинг биринчи шарти бўйича ўқувчилар ўзлари амалиёт ўтаган корхона, ташкилот ва муассасада яратилган шарт-шароитлар, илмий ва малакавий изланишлар учун мавжуд имкониятлар, сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил тушунчаларга эга эканликларини намойиш этишлари асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, жамиятда ижтимоий маданиятни юксалтириш, Республикамизда амалда бўлган ёшларга оид қонун ҳужжатларини ва уларнинг ёшларга оид нормаларини такомиллаштиришга оид таклифларини кўргазмали тарзда намойиш этдилар.
Танловнинг иккинчи шарти бўйича иштирокчилар касаба уюшмалари фаолияти билан қанчалик таниш эканликларини бўйича билимларини синовдан ўтказувчи саволларга жавоб бердилар.
Учинчи шарт “Уй вазифаси” бўлиб, ёшлар жамиятда учрайдиган айрим ижтимоий, касбий муаммоларни саҳна кўринишлари орқали намойиш этиш билан биргаликда ушбу ҳолатларни бартараф қилишга қаратилган таклиф ва тавсияларини билдириш имкониятига эга бўлдилар.
Танловда иштирок этган ўқувчи ёшлар ижтимоий-меҳнат муносабатлари, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, жамоа шартномаси тўғрисида тушунчаларга эга бўлганларини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу орқали уларнинг ҳуқуқий маданияти оширилишига ҳисса қўшиш мақсад қилингани ҳам аҳамиятлидир.
Кўрик-танлов иштирокчиларининг ҳар бир чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танлов якунига кўра 3 та жамоа 1-, 2-, 3-ўринни қўлга киритиб, муносиб тақдирланди.
Хусусан, 3-ўринни эгаллаган Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқувчи ёшларидан иборат жамоа микротўлқинли печь, 2-ўринга муносиб кўрилган Тошкент банк ҳисоб-кредит коллежи жамоаси Мусиқали марказ, 1-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлган Тошкент гидрометеорология касб-ҳунар коллежи ўқувчилари жамоаси телевизор билан тақдирланди.
Танловда фахрли 4-ўринни қўлга киритиган Тошкент иқтисодиёт ва бизнес касб-ҳунар коллежи жамоаси ҳамда 5-ўринни эгаллаган Тошкент автомобил ва йўллар касб-ҳунар коллежи жамоаси ҳам касаба уюшмалари томонидан муносиб рағбатлантирилди.