08.06.2018. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3268 сонли Қарорига мувофиқ мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлиги даражасини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ҳар бир хонадонга кириб, оила аъзолари билан ўтказилган суҳбатлар ва аҳоли билан бўлган очиқ мулоқотлар натижасида уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, саломатлигини тиклаш борасида амалий ёрдамга муҳтожлар аниқланди ҳамда уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, бугунги кунга қадар республика бўйича 22,5 мингга яқин оила кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари – кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгичлар ва кичик печлар билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун, 2000 га яқин оилага уй-жойини таъмирлаш учун моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.
Ана шундай хайрли тадбирлар Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламда давом эттирилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларини яхшилаш бўйича тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Натижада бугунгача Тошкент вилояти бўйича 22 та шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 220 га яқин кам таъминланган оиланинг уй-жойларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 2,5 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оила кир ювиш машиналари, замонавий газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди. 130 дан ортиқ бемор инсонга саломатлигини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам олиши учун имкониятлар яратиб берилди. Айни кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация мутасаддилари томонидан вилоятнинг олис, чекка қишлоқлари, айниқса, табиий газ етиб бормаган ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга табиий газ баллонлари ва замонавий газ плиталари етказиб берилмоқда.
Бундай эзгуликка йўғрилган тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Паркент туманида ҳам ташкил этилди. Тантанавор тус олган тадбирда мазкур ҳудуднинг олис қишлоқларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд инсонларга замонавий газ плиталари билан бирга табиий газ баллонлари топширилди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этилар.
*** *** ***
Эҳтиёжманд оилаларнинг оғирини енгил қилишга бағишланган тадбирлар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пойтахтимиз туманларида ҳам ўтказилмоқда. Худди шу мақсадларда касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларини ўрганиш ишларини давом эттирган ҳолда Тошкент шаҳарида истиқомат қилувчи 1166 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг яшаш шароитларини чуқур ўргандилар. Натижада 55 та кам таъминланган оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун 6 млрд. 875 млн.сўм, 275 та кам таъминланган оиланинг уй-жойини таъмирлаш учун 3 млрд. 850 млн.сўм, 66 нафар ижтимоий ҳимояталаб инсоннинг соғлиғини тиклаш учун 264 млн. сўм, 770 та эҳтиёжманд оилани кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида 2 млрд. 310 млн. сўм маблағ йўналтирилиши белгилаб олинди. Айни кунда бу тоифадаги оилаларни маиший техника жиҳозлари билан таъминлаш ишлари қизғин бормоқда.
Хусусан, пойтахтимизнинг Сирғали туманида ташкил этилган тадбирга туманда истиқомат қилаётган 70 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бўлган оилалар вакиллари, ёлғиз кексалар таклиф этилдилар. Тантанали тадбирда уларнинг ҳар бирига кундалик турмушда зарур бўлган замонавий газ плиталари топширилди.
Тадбирга йиғилган юртдошларимизга бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, оддий одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва тизимли ишларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибор ва ғамхўрликларидан баҳраманд бўлган юртдошларимиз мамлакатимизда Президентимиз томонидан оддий одамларга кўрастилаётган эътибор ва ғамхўрликларни ўз ҳаётларига ҳам кириб келгани, бунинг натижасида уларнинг турмуш фаровонликлари ошаётганини эътироф этдилар. Ижтимоий ҳимояталаб, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирдилар.
Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари Сирғали туманидаги маҳаллаларда ҳам бўлиб, ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган оилалар холидан хабар олдилар ва уларга маиший техника жиҳозларини тақдим этдилар.
Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар доирасида жорий йилда 800 нафарга яқин эҳтиёжманд оилалар маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан бугун оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар амалда баҳраманд бўлмоқдалар. Буларнинг барчаси кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлашга қаратилгандир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати