[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

12.06.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) иштирокида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Байрамона руҳда ўтказилган мазкур акциядан кўзланган мақсад – аҳолининг, шу жумладан ўғил-қизларнинг болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан ҳамда шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатлардан хабардорлик даражасини оширишдир.

Тадбир доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси ва ХМТ мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларга мазкур сананинг моҳиятини тушунтиришга йўналтирилган қатор танлов ва викториналар ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг ташаббусига кўра ҳар йили 12 июнь барча давлатларда Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни сифатида кенг нишонланади. Бу йил мазкур кунга бағишланган тадбирлар “Янги авлод хавфсизлиги ва саломатлиги” мавзусини қамраб олди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг охирги маълумотларига кўра дунё бўйича 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 218 млн. бола ишлашга мажбурдир. Хавфли ишларда меҳнат қилаётганларнинг кўпчилиги 15-17 ёшгача бўлган ўсмирларни ва 19 млн. нафарга яқини 12 ёшгача бўлган болаларни ташкил этмоқда. Бу каби ҳолатлар болаларнинг ҳар томонлама камол топишига ва билим олишига халақит бериши билан бирга, уларнинг физик, ақлий ва аҳлоқий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Алоҳида фахр билан таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш масаласига юксак эътибор қаратилиб, бу борадаги ишлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича Давлат сиёсати доирасида Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини ривожлантиришга, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда бола меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ниҳол” болалар соғломшлаштириш оромгоҳида ўтказилган тантанали тадбирда таъкидланганидек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш каби масалалар устувор вазифалар сифатида белгиланган. Бугунги кунда мазкур устувор йўналишлар бўйича белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан биридир. Мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустахкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида тизимли тадбирлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида фертил ёшдаги барча аёллар, болалар ва ўсмирлар тўлиқ тиббий кўриклар билан қамраб олиниб, туғма нуқсонли гўдаклар туғилишининг олдини олишга эришилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустахкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган самарали механизмлардан яна бири мамлакатимизда таълим соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг натижаларидир.

Бундан ташқари, мазкур ноҳуш ҳолатга йўл қўймаслик борасидаги яна бир муҳим профилактик усуллардан бири – болаларни  ёзги соғломлаштириш йўналишидаги ишлар ҳисобланади. Мазкур жараён Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида мамлакат миқёсида 1313 та болалар оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 206 таси стоционар, 978 таси кундузги оромгоҳлардир. Бу кўрсаткичлар жорий йилда фаолият кўрсатувчи оромгоҳлар сони ўтган йилга нисбатан 23 тага кўпайганидан далолат беради. Ёз мавсуми давомида ушбу оромгоҳларда жами 301 минг 500 нафардан ортиқ болажонлар соғломлаштирилади. Уларнинг 153 минг нафардан ортиғи стационар, 148 мингдан зиёди  кундузги оромгоҳларга жалб этилади. Ушбу мақсадлар учун жами 65 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.

“Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган байрам тадбири доирасида болалар учун махсус тайёрланган тематик фильмлар ва роликлар намойиш этилди. Болалар ўртасида “Дунё болаларига бахт ва умид” мавзусида ташкил этилган расмлар, куй, қўшиқ ва шеърлар танловлари, ўғил-қизлар билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини, халқаро конвенциялар бўйича юксак хабардорлик ва билимларга эга эканликларини намоён этди.

Тадбир доирасида ўтказилган танловлар давомида болажонлар ўз маҳоратларини намоён этиб, дунёнинг турли минтақаларида яшаёган ва урушлар ҳамда бошқа зиддиятлар сабабли таълим олишдан махрум бўлган, оғир шароитларда меҳнат қилишга мажбур болаларга ҳамдардликларини ўзлари чизган суратлар орқали билдирдилар.

Юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар шунингдек, мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, Ўзбекистон ҳақиқий маънода бахтиёр болалар мамлакати эканлигини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.

Танов ғолиблари ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир якунида болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тиладилар ҳамда дунё болаларининг урушсиз ва зиддиятларсиз ҳаётга бўлган умидлари тимсоли сифатида самога юзлаб рангбаранг пуфаклар учирдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати