20.06.2018. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод маҳалла» дастури халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, уларни ҳаётдан рози қилишдек эзгу мақсадларга йўналтирилган бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам дастур доирасида одамлар билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг дардига қулоқ тутиш ва муаммоларини ҳал этишга оид саъй-ҳаракатларни изчиллик билан амалга ошириб бормоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «Тепагузар» маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш тадбирлари ана шундай хайрли ишлардан биридир.
Дарҳақиқат, мазкур маҳалла ҳудудини ободонлаштириш бўйича навбатини кутаётган муаммолар талайгина эди. Халқ орасида «Яшасин кўпчилик» деган нақл юради. 1000 нафарга яқин ташаббускор фаоллар «Тепагузар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини обод этишга ўз ҳиссасини қўшди. Улар томонидан 27 та кўп қаватли уй атрофи ҳамда 1500 метрдан зиёд ирригация тармоқлари, яъни ариқ ва зовурлар тозаланди, сув йўллари очилди. 1000 дан ортиқ бетартиб ўсган дарахтга шакл берилди ва оқланди. Теварак-атроф тартибга келтирилиб, 100 тоннадан зиёд чиқиндидан тозаланди. Шунингдек, ўнқир-чўнқир ер майдонлари текисланиб, бегона ўтлар ўрилди. Ушбу ишларга 4 та юк машинаси, бир нечта кўтарма кранлар, электр арра ва бошқа техник воситалар жалб этилди.
«Тепагузар» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг эҳтиёжларини ўрганиш жараёнида кўп қаватли уйлар атрофида болалар майдончаларининг деярли мавжуд эмаслиги, биттагина майдонча ҳам таъмирга муҳтож эканлиги аниқланган эди. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда ушбу маҳалла ҳудудида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 8 та янги болалар ва 1 та бадминтон майдончасини қуриш, 1 та болалар майдончасини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Болалар ва спорт майдончалари қуриб битказилгач, кичкинтойлар учун мўлжалланган замонавий аттракционлар билан жиҳозланади.
Таъкидлаш жоизки, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари доирасида кўп қаватли уйлар атрофида қулай ўриндиқ ва соябонларга эга аҳоли дам олиш жойлари барпо этилмоқда, йўлаклар олди ва уйлар орасига 8 та замонавий ҳордиқ айвончаси, 190 та ўриндиқ, чиқинди ташлаш учун 190 та махсус идиш – урна ўрнатилмоқда. Ҳудуддаги дарахтларни суғориш учун ер ости сув тармоғини тортиб келтириш ишлари ҳам режалаштирилган. Маҳаллада истиқомат қилаётган нуронийлар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ, уларнинг мазмунли ҳордиғини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги «Оталар чойхонаси»да катта кўламдаги таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
— Авваллари, болаларимизни ўйнатиш учун жой тополмасдик. Маҳалламизда болалар майдончаларининг қурилиши нафақат фарзандларимиз, балки биз, ота-оналар учун ҳам катта совға бўлди, — деди дилидаги хурсандчилигини яшира олмай 26-уйда яшовчи Лилия Ломанова. — Давлатимиз раҳбарига ва мана шу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшаётган барча-барчага раҳматлар айтамиз. Биз доим шаҳримиздаги бошқа тоза ва озода масканларга ҳавас қилардик, энди бизнинг маҳалламиз ҳам худди ўша маҳаллалардек обод бўлишидан беҳад мамнунмиз.
— Қисқа вақт ичида юз берган катта ўзгаришлардан аҳоли жуда мамнун, — дейди «Тепагузар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдували Умаржонов. — Бугун бу маскан чирой очиб, кўнгилларни нурафшон этмоқда. Айниқса, дам олиш айвончалари, болажонлар учун ўйингоҳлар қурилаётгани кўнгилларни янада равшан этмоқда.
Дарҳақиқат, «Обод маҳалла» дастури доирасидаги ишлар турар жойларимизнинг обод бўлишини таъминлабгина қолмай, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига ҳам йўл очмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати