26.07.2018. Президентимиз Шавкат Мирзиёев умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда умумий ўрта таълим тизими инсон ресурсларини ривожлантиришнинг пойдевори, мактаблар ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи асосий маскан эканини таъкидлади.
Халқ таълими ходимлари ўз вазифасидан ташқари бошқа ишларга мунтазам жалб қилиниши сабабли таълим сифати пасайиб кетгани танқид қилиниб, тизимни тубдан ислоҳ қилиш, таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар ҳурматини юқори даражага кўтариш, мактабларнинг ҳолатини яхшилаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича жуда катта вазифалар белгилаб берилди. Дарҳақиқат, умумтаълим мактабларидаги бугунги аҳволни яхшилаш, ўқитувчи ва ўқувчилар, ота-оналар, кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларга ечим топиш, таълим тизими сифат ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг имтиёз ва имкониятларини кенгайтириш ва бошқа кўплаб ҳолатлар кечиктириб бўлмайдиган масалага айланиб бормоқда. Бундан буён ўқитувчиларнинг ишлаши учун зарур шароитларни яратиш, улар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, маошини ошириш чоралари кўрилади. Мактаблар инфратузилмаси яхшиланади. Янги таълим масканлари бунёд этилади. Халқаро стандартларга мос дарсликларни яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Мухтасар айтганда, таълим тизими инфратузилмаси замон талабларига мувофиқ тубдан ўзгартирилади. Асосийси, таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг тўғри, манзилли етиб бориши таъминланади. Бу маблағлар Халқ таълими вазирлиги томонидан тақсимланади. Таълим тизимини, хусусан, вазирликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш барча раҳбарларнинг муҳим вазифаларидан бирига айланади.
Айни пайтда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб таълимини яхшилаш бўйича кенг жамоатчиликдан таклиф ва мулоҳазалар билдиришни сўрамоқда. Ушбу сўровнома асосида аҳоли томонидан педагоглар маошини ва мавқеини ошириш, дарсликлар сифатини яхшилаш, ягона мактаб формасини жорий этиш, эркак ўқитувчилар сонини ошириш, бошланғич таълим машғулотларини енгиллаштириш, диний таълимотга оид дарслар соатини кўпайтириш, ўқитувчи дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни жорий этиш, мактабларда турли йиғинларни камайтириш ва коррупцияга барҳам беришга оид таклифлар киритилган. Айни пайтда ушбу вазифаларни амалга ошириш учун мактаб таълими соҳасидаги мавжуд муаммолар ечими бўйича билдирилаётган таклифлар ўрганилмоқда.
Ўқитувчи ижтимоий ва иқтисодий ҳимояланиши зарур. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан таълим фидойилари обрўсини кўтариш сиёсати илгари сурилиши республикамиз халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган барча педагог ходимларни руҳлантириб юборгани ҳам бежиз эмас.
Кўнгилдаги гаплар
Соҳа кишилари обрўсини кўтаришнинг энг муҳим мезонларидан бири, бу уларни моддий қўллаб-қувватлаш, иқтисодий шароитини яхшилаш билан бевосита боғлиқ. Шу билан бирга, халқ таълими тизими ходимларининг туман, шаҳар, вилоят ҳудудида транспорт хизматидан бепул фойдаланиши йўлга қўйилса, шунингдек, юқори синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари 18 соат қилиб белгиланса айни муддао бўларди.
Умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларига касбий таълим беришда ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиб, мажмуа директори, ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари лавозими ташкил этилиши ҳам, ўйлайманки, самарадорликни оширишга хизмат қиларди.
З.ТЎХТАЕВ,
Пешку тумани халқ таълими бўлими бош инспектор методисти, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши раёсати аъзоси