20.08.2018. Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари Федерациялари ўртасида тузилган ҳамкорлик тўғрисидаги Келишувни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилнинг 17 август куни “GM-Uzbekistan” Акциядорлик жамиятида “Саноат корхоналарида ижтимоий шериклик” мавзусидаги семинар ўтказилди.
Мазкур семинар касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий мулоқот ва шерикликни йўлга қўйиш, меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларида касаба уюшма фаоллари салоҳиятини ошириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутасаддилари, тармоқ корхоналарининг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, йирик саноат, коммунал хўжалиги, нефть ва газ, энергетика корхоналари вакиллари билан бир қаторда Қирғизистон Республикасининг Баткен, Жалолобод ва Ўш вилоятлари касаба уюшмалари вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Семинар дастуридан ўрин олган мавзу ва тақдимотлар барча иштирокчиларнинг, шу жумладан қирғизистонлик касаба уюшма фаолларининг ҳам қизиқишларини қамраб олди, десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр махмадалиев, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Шокиржон Болтабоев, Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Аҳмаджон Ҳакулов ўз чиқишларида мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мазкур жараёндаги иштироки, шунингдек, Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлари, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот бердилар. Ўз навбатида семинарда иштирок этаётган Қирғизистон касаба уюшмалари вакиллари, хусусан, Қирғизистон тоғ-металлургия касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Э.Тожибоев сўзга чиқиб, ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва меҳнатини муҳофазалаш йўналишларидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир иштирокчилари иккала томон касаба уюшма мутасаддиларидан ўзларини қизиқтирган саволларга, хусусан, ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда жамоа шартномаларини имзолаш, унда белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш йўналишларидаги долзарб масалалар юзасидан тегишли маълумот ва жавобларни олдилар.
Амалий семинар давомида иштирокчилар “GM-Uzbekistan” Акциядорлик жамияти касаба уюшма қўмитаси фаолияти ҳамда мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш участкаларида олиб борилаётган ишлар, иш жойларида ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Танишув жараёнида автомобилларнинг маълум қисмларини синовдан ўтказиш ва сертификациялаш бўйича хизмат кўрсатувчи синов лабораторияси ҳамда махсус ахборот ресурс маркази меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Корхона цехлари билан танишув жараёни иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳаза алмашуви билан якунланди.
Семинар доирасида қирғизистонлик меҳмонлар вилоятдаги ижтимоий объектларда ва диққатга сазовор масканларда ҳам бўлдилар. Мазкур ташрифлар давомида қўшни давлат касаба уюшмалари вакиллари мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижалари, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш йўналишларидаги ишларнинг бевосита гувоҳи бўлдилар. Меҳмонлар Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг қамрови ниҳоятда кенг эканлигини, уларнинг замирида инсон омили турганини алоҳида эътироф этдилар.
Семинар якунида иштирокчилар ушбу тадбирнинг ўзаро очиқ мулоқот орқали илғор тажрибаларни оммалаштириш, икки давлат тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имконият берганини қайд этдилар. Шунингдек, улар келгусида ижтимоий шериклик борасидаги устувор вазифаларни ҳал этишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати