[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.09.2018. Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида Индонезияда бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида муносиб  иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тақдирлаш тадбири ўтказилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган зарур шароит ва имкониятларнинг жамиятимизда соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида профессионал спортчиларимиз халқаро майдонларда юқори натижаларга эришиб, юртимиз довруғини дунёга танитаётгани қайд этилди.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан спортнинг оммавийлигини ошириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, меҳнат жамоаларида ходимлар гимнастикасини жорий этиш ва турли спорт мусобақаларини ўтказиш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 18 августидан 2 сентябригача Индонезия давлатининг Жакарта-Палембанг шаҳрида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида 17 нафар касаба уюшма спортчиси Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, халқаро майдонда спортнинг оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш ва эшкакли слалом турлари бўйича беллашдилар.

Қизғин беллашувлар натижаларига кўра 6 нафар касаба уюшма спортчиси 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Хусусан, академик эшкак эшиш бўйича Шахбоз Холмурзаев ва Шахбоз Абдужабборовлар олтин, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Элёржон Мамадалиев кумуш, оғир атлетика бўйича Достон Ёқубов кумуш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Шуҳрат Маҳкамов ва Шоҳрух Аъзамов бронза медалларини қўлга киритдилар.

Алексей Мочалов ва Жавоҳир Нурматов байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 5-ўринни, Алибек Темиргалиев ва Джанибек Темиргалиев эшкакли слалом мусобақаларида 6-ўринни эгалладилар.

Тантанали тадбирда Индонезия давлатининг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган  XVIII Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистонлик спортчилар қўлга киритган ютуқ ва муваффақиятлар, уларни тайёрлаган мураббийларнинг фидокорона меҳнатлари эътироф этилиб, ғолиб ва совриндор бўлган 11 нафар спортчи ҳамда уларнинг мураббийлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан муносиб рағбатлантирилди. Келгусида касаба уюшма спортини янада ривожлантириш, бу орқали мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш йўналишидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш борасида касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси фаолиятини янада такомиллаштириш, олдинда турган халқаро даражадаги спорт мусобақалари ва  Олимпия ўйинларида Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси таркибида касаба уюшма спортчиларининг муваффақиятли иштирок этишларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати