Танлов давом этади!
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси касаба уюшма аъзолари, ижтимоий муҳофазага муҳтож, таълим муассасаси ва касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган ёшларни рағбатлантириб бориш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мақсадида Касаба уюшмалари стипендиясини тайинлаш ва санаторийларга йўлланмалар ажратиш борасида танлов эълон қилади.
Танлов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фаол ёшларга стипендия тайинлаш ҳамда касаба уюшма аъзолари бўлган ёшларни Федерация тасарруфидаги санаторийларда соғломлаштириш йўналишларида ўтказилмоқда.
Стипендия ва йўлланма билан таъминланадиган ёшлар ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан танланади.
Стипендия – ўқув режаларини етарли даражада ўзлаштирган ҳамда чин етим, етим, ногирон, ижтимоий муҳофазага муҳтож оиланинг фарзанди, таълим муассасаси ва касаба уюшмаси фаолиятида фаол, бошқа қўшимча стипендия олмаётган талабага тайинланади.
Йўлланма – олий таълим муассасаси, корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшма қўмитасининг хулосасига кўра ижтимоий муҳофазага муҳтож оиланинг фарзанди ёки болаликдан ногирон, ёҳуд етим, корхона, ташкилот ва муассаса касаба уюшмаси ҳаётида фаол иштирок этаётган 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган ва касаба уюшма аъзоси ҳисобланган ёшларга ажратилади.
Cтипендия ва йўлланмага номзодларни танлаш учун Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида стипендия тайинлаш ва йўлланма ажратиш комиссияси тузилган.
Касаба уюшмалари стипендиясини олиш учун номзод ўзи таҳсил олаётган олий таълим муассасаси касаба уюшмаси қўмитаси, санаторийларга йўлланма учун номзодлар эса ўзлари меҳнат қилаётган корхона, ташкилот ва муассаса ёки таҳсил олаётган олий таълим муассасаси касаба уюшма қўмитасига Низомда кўрсатилган ҳужжатларни топширадилар.
Стипендияга номзоднинг ҳужжатлари олий таълим муассасаси илмий (педагогик) кенгаши билан касаба уюшма қўмитасининг қўшма мажлисларида муҳокама этилади, номзодлар ичидан муносиби танланиб, жорий йилнинг 10 ноябрига қадар ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларининг стипендия тайинлаш комиссиясига номзодларнинг ҳужжатлари ва қўшма мажлис баёни тақдим этилади.
Йўлланмага ҳужжат топширган номзодларнинг иқтисодий аҳволи, соғломлаштиришга муҳтожлиги корхона, ташкилот ва муассаса касаба уюшма қўмитаси йиғилишида муҳокама этилади ва жорий йилнинг 10 ноябрига қадар бирлашманинг йўлланма ажратиш комиссиясига номзодларнинг ҳужжатлари ва йиғилиш баёни тақдим этилади.
Касаба уюшмалари стипендияси ва йўлланма сертификати комиссия томонидан муносиб кўрилган номзодлар ичидан танланган ёшларга декабрь ойида топширилади.
Танлов Низоми ва батафсил маълумотлар
Мурожаат учун телефонлар:
(71) 252-78-39, (71) 256-76-57.