15.10.2018. Жамоатчилик комиссиясининг Олмазор тумани аҳолиси билан бўлган галдаги учрашуви «Жийдали», «Хислат», «Шифокорлар», «Чиғатой Оқтепа» маҳаллалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Учрашув давомида маҳаллаларни ўрганиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган муаммо ва камчиликлар Жамоатчилик комиссияси ва мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинди.
Дастлаб, «Жийдали» маҳалласида ўрганилган масалалар айтиб ўтилди. Жумладан, маҳалла ҳудудидаги 17-уй атрофида тунги ёритгичлар ўрнатилмаган, ички йўллар таъмирталаб ҳолатда, шунингдек, бир нечта кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ушбу масалаларни ҳал этиш шаҳар электр тармоқлари корхонаси, туман ободонлаштириш бўлими ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари зиммасига юклатилди.
«Хислат» маҳалласида яшовчилар авваллари Шифокорлар 1-шоҳ кўчасидан ўтган 12-сонли трамвай йўналиши бўйича жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмаганидан арз қилишди. Бундан ташқари, маҳаллада таъмирталаб йўллар, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳамда уй-жой билан таъминлаш масаласида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар борлиги қайд этилди.
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ, туман ободонлаштириш бўлими ва ҳокимлик вакиллари мазкур масалаларни кўриб чиқиш ва ижобий ҳал этиш учун жалб қилинди.
«Шифокорлар» маҳалласи аҳолисидан тушган мурожаатда келтирилишича, 10- ва 17-уйларнинг орқа томонида жойлашган автотураргоҳ бузиб ташлангани сабабли ҳудудда янги автотураргоҳга эҳтиёж бор. Худди шу уйлар оралиғидаги 1500 метр масофадаги ички йўллар таъмирталаб. Шунингдек, имтиёзли кредит асосида берилувчи уйга бошланғич тўловни амалга ошириш ҳамда санаторийда даволаниш масалаларида ёрдам сўраган фуқароларнинг мурожаатларига ҳам эътибор қаратилди.
Туман ҳокимлиги, туман ободонлаштириш бўлими, шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг вакилларига мазкур масалаларни ўрганиб чиқиш ва чора кўриш бўйича топшириқлар берилди.
«Чиғатой Оқтепа» маҳалласидаги Чиғатой Оқтепа ва Чиғатой Оқтепа 1-3 тор, Мирзағолиб 1-2-тор, Зарбдор 2-берк кўчаларидаги асфальт қопламаси талаб даражасида эмас. Бундан ташқари, маҳаллада мактабгача таълим муассасаси ва болалар спорт майдончаси йўқ. Мирзағолиб ва Чиғатой Оқтепа кўчалари кесишган чорраҳадаги электр трансформатори атрофи очиқ ҳолатда қолдирилган. Зарбдор 5-6-тор кўчаларига янги трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган, лекин шу кунга қадар трансформатордан дарак йўқ. 1-тор кўчадаги янги қурилган хонадон эгалари уйлари ёнидаги пиёдалар йўлагини баланд қилиб қўйгани сабаб аҳоли ва болалар автомобиль йўли орқали айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда.
Фуқаро Мирзаниёз Ражабийнинг айтишича, маҳалладаги 8- ва 9-уйлар ёнидаги йўл ҳудуд аҳолиси томонидан бир неча бор тўлдирилганига қарамасдан мунтазам равишда чўкиб боряпти.
«Чиғатой Оқтепа» маҳалласида аниқланган муаммолар ва мурожаатларни тўлиқ ўрганиб чиқиш, муаммоларни бартараф этиш ва кейинги учрашувда батафсил ахборот бериш юзасидан шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси, туман халқ таълими бўлими, шаҳар электр тармоқлари АЖ вакилларига тегишли топшириқлар берилди.