[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

12.11.2018. Бир неча йилдан буён Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши велоспортнинг халқимиз орасида оммавийлигини ошириш борасида кўп­лаб ишларга бош-қош бўлмоқда. Турли вело-тур ва веломарафонларнинг ташкил этилаётгани фикримиз исботидир.

Яқинда соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ўртасида икки ёш тоифасида ўтказилган веломарафонда вилоятимиздаги барча туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларидан 350 нафардан ортиқ ходим иштирок этди. Марафон вилоят болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари билан бошланди.
Тиббиёт ходимлари кўтаринки кайфиятда Навоий шаҳридаги «Ёшлик» кўли, «Нуронийлар» маскани ҳамда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи бўйлаб 3 километр масофани босиб ўтишди.
Якуний натижаларга кўра, 25-30 ёшлилар ўртасида биринчи ўринни Рес­публика шошилинч тиббий илмий маркази вилоят филиали шифокори Вали Аслонов ва вилоят ногиронлар учун минтақавий реабилитация маркази ҳамшираси Дилноза Насимовалар қўлга киритишди. 35 ёшдан ошганлар ўртасида эса Респуб­лика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-­амалий тиббиёт маркази вилоят филиали шифокори Хайрулло Ҳамдамов ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали жарроҳлик бўлими ҳамшираси Замира Муқимова юқори натижаларга эришишди. Шунинг­дек, турли номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланди. Ғолиблар ­диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Касаба уюшмалари тизимида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашининг Навоий вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Феруза Раҳимова. – Зеро, соғлом одамнинг ўз оиласига, жамиятга кўп наф келтириши бор гап. Бугунги мусобақа ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилди.
– Аёл киши спорт билан мунтазам шуғулланиши керак, – дейди веломарафон ғолибаси Дилноза Насимова. – Чунки, соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келишини унутмаслигимиз керак. Аёлларга имкон топиб тез-тез велосипедда сайр қилишни тавсия қилган бўлардим. Сабаби, бу машғулот ортиқча вазн ҳосил бўлишидан асрайди, қоматни ростлайди.

Ойбуви САМАНОВА,
Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси