19.11.2018. Жамоатчилик комиссиясининг Учтепа туманидаги навбатдаги мулоқотлари «Хуросон», Тепақўрғон», «Қўрғонтепа», «Заргарлик» ҳамда «Кўҳна Чўпонота», «Боғистон», «Боғобод», «Гузар» маҳаллалари аҳли билан бўлиб ўтди. Мулоқот давомида аниқланган муаммолар бирма-бир таъкидлаб ўтилди. Сўнгра фуқаролар мурожаатлари тингланди.
«Хуросон»да нима гап?
Учрашувга келган «Хуросон» маҳалласи фаолларининг маълум қилишича, ҳудудда айрим хонадонлар қишки мавсумга тайёр эмас. Иситиш тизимида муаммолар мавжуд. 283-умумтаълим мактабида ҳам айни шу аҳвол. 338-болалар боғчасининг эшик-ромлари таъмирталаб. Канализация тизими ҳам қониқарли эмас. Маҳаллада сузиш ҳавзалари, спорт комплексларини излаб ҳам топиб бўлмайди.
Бундан ташқари, маҳаллада ногиронлиги бўлган фуқаролар дори-дармон масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Шу маҳаллада яшовчи Жаҳонгир Султоновнинг айтишича, 26-27-уйлар орасидаги йўл асфальт қилинмаган. 20-уйда газ босими паст. Лифт ишламайди.
«Тепақўрғон»да болалар майдончаси қурилади(ми?)
Ишчи гуруҳнинг аниқлашича, «Тепақўрғон» маҳалласидаги айрим кўчаларда газ босими яхши эмас. Сув қувурлари яроқсиз аҳволга келиб қолган. Уйлар атрофида болалар ўйингоҳи йўқ.
Маҳалла фуқароси Шаҳло Азизова 7 йилдан бери оиласи билан ижарада яшаб келмоқда. Уй-жой масаласи бўйича мутасаддиларга кўп бора мурожаат қилган. Ҳалигача жавобдан дарак бўлмаган.
«Тепақўрғон»лик яна бир фуқаро Содиқжон Холиқбердиевнинг мурожаатига кўра, уйи олдидан ўтган иссиқ сув қувури яроқсиз аҳволда. Ёрилган жойларидан сув буғланиб, биноларга зарар етказмоқда.
«Қўрғонтепа»да симёғочлар масаласи
«Қўрғонтепа» маҳалласида 1- ва 1-а уйлар ораси асфальт қилинмаган. Маҳаллада 300 метр масофага тунги ёритгичлар ўрнатилмаган. 27-уйда яшовчи Р.Воҳидов ижтимоий ҳимояга муҳтож. Соғлиғини тиклаш учун санаторийга йўлланма масаласида мурожаат қилган.
Шу маҳаллада яшовчи Аваз Аюпов таълим соҳасида янги инновацион ғояни илгари сурган. Унинг лойиҳаси келгусида тизимдаги муаммоларни бартараф этишига ишонади. Ҳозирда ғоясини амалга ошириш учун маблағ масаласида қийналмоқда.
«Заргарлик» маҳалласи идораси қаерда?
«Заргарлик» маҳалласи фуқароларининг маълум қилишича, ҳудудда қиш мавсумига тайёргарлик жуда суст кетяпти. Газ босими паст. Шунингдек, бу маҳалла 2016 йили «Хуросон» маҳалласидан ажралиб чиққан. Энди эса бу маҳалла идорасига иши тушиб борган одамлар нариги маҳаллага боришига тўғри келмоқда. Маҳалла фуқаролари бу сарсонгарчилик қачонгача давом этади, дея арз қилишган.
«Кўҳна Чўпонота» ни иккига бўлиш керак(ми?)
Ишчи гуруҳининг «Кўҳна Чўпонота» маҳалласидаги ўрганишлари давомида маҳалланинг айрим фуқаролари ҳудудда 50 та кўп қаватли уй мавжудлиги, хонадонлар кўплиги сабабли уларни тўлиқ назорат қилиш ва қамраб олиш учун маҳаллани иккига бўлиш керак, деган таклифни билдиришган.
13-мавзеда яшовчи Г.Шоева турмуш ўртоғи жиноий жавобгарликка тортилганидан сўнг қайнанаси улар яшаб турган уйни сотиб юборгани, ҳозирда икки фарзанди билан аросатда қолганини айтиб, уй-жой масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Маҳалла фаоллари шу маҳаллада яшовчи Валентина Кузмичова ногиронлик аравачасига муҳтож эканини айтишди.
«Боғистон»ликлар қишга тайёрми?
Ушбу маҳаллада иссиқ сув босими пасайгани боис аҳоли бироз қийналаётгани таъкидланди. Куз-қиш мавсумида аксарият хонадонларди шу муаммо юзага келади. Шунингдек, маҳаллада ижтимоий кўмакка муҳтож, коммунал қарздорликни тўлашга қийналаётган фуқаролар борлиги аниқланди.
Шу каби ҳал этилиши зарур бўлган масалалар «Боғобод», «Гузар» маҳаллаларида ҳам мавжуд экани мулоқот давомида ўз аксини топди. Ишчи гуруҳ ҳамда маҳалла фаоллари ҳудуддаги муаммоларни очиқ баён қилишди. Ўрганишлар давомида ижтимоий ёрдамга муҳтож, дори-дармонга, даволанишга имконияти етмаётган, шунингдек, уй-жой масаласида мурожаат қилган фуқароларнинг ҳам мурожаатлари эътиборга олинди.
Жамоатчилик комиссияси томонидан ҳар бир айтиб ўтилган масала ҳамда фуқаролар мурожаатларини ўрганиб чиқиш, тезкорлик билан ижобий ҳал этиш бўйича туман ҳокимлиги ва масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.