[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.12.2018. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамиз ҳудудларида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муносиб меҳнатнинг ҳуқуқий кафолати” мавзусидаги тарғибот лойиҳаси ўтказилмоқда. Мазкур тарғибот лойиҳасининг навбатдаги тадбири жорий йилнинг 6 декабрь куни Тошент шаҳрида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Касаба уюшмалари қошидаги Ёшлар бирлашмаси мутасаддилари, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар ҳамда талаба ёшлар иштирок этдилар.

Давра суҳбатида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, инсон манфаатларига йўналтирилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасига алоҳида тўхталинди. Бош Қомусимиз билан мустаҳкамланган инсонпарварлик, адолатпарварлик каби демократик тамойиллар, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш борасида кенг маълумотлар берилиб, иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Хусусан, Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан охирги икки йилда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизация қилиш ва барча соҳаларани либераллаштиришга қаратилган кенг миқёсли ўзгаришларнинг янги босқичини бошлаб бергани алоҳида эътироф этилди. Конституциямизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳар томонлама кафолатланганлиги алоҳида қайд этилиб, уларнинг амалий ифодаси бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар мисолида тушунтириб берилди. Энг муҳими, ислоҳотлар негизидан энг аввало  инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари устуворлиги ўрин эгаллагани, бу жараёнлар бугун нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки халқаро даражада ҳам эътироф этилаётгани алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбатида шунингдек, асосий Қонунимизнинг халқчил ҳуқуқий ҳужжат сифатида ижтимоий-сиёсий соҳада кенг имкониятлар яратиб бераётгани ва ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда касаба уюшмалари ўз фаолият йўналишларини янада такомиллаштириб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ижтимоий шериклик асосида турли соҳа ходимлари, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида жамоа шартномалари ва келишувларига хотин-қизлар ҳамда ёшлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид имтиёз ва кафолатлар киритилаётгани айтиб ўтилди.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ҳамда иш берувчилар ўртасида имзоланаётган Жамоа шартномалари орқали ёш оилалар вакиллари, ёш оналар, инновацион ғоя ва ишланмалар муаллифлари бўлган ёш мутахассислар, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган иқтидорли талабалар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда. Уларнинг ихтиро ва ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиш учун Касаба уюшмалари Федерацияси грантлари ажратилмоқда, иқтидорли ва эҳтиёжманд оилалардан бўлган талабалар учун касаба уюшмалари стипендиялари таъсис этилиб, топширилмоқда. Ёш мутахассисларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий эътиборида бўлиб, республикамизнинг турли ҳудудларидан бўлган талаба ёшлар ва мутахассислар Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган имтиёзли йўлланмалар асосида тизимдаги санаторийларда соғломлаштириб келинмоқда. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни маънавий таҳдидлар таъсиридан ҳимоялашга йўналтирилган ижтимоий акцияларнинг йўлга қўйилгани ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширибгина қолмай, маънавий комолотига ҳам муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бунда меҳнат жамоаларида бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тизимли равишда ташкил этиб келинаётган “Маънавият соатлари” ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муносиб меҳнатнинг ҳуқуқий кафолати эканлиги, меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида мутахассислар батафсил тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 59-моддасида “Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар…” деб белгилаб қўйилгани, бундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги, яъни давлат, нодавлат, ишлаб чиқариш, ноишлаб чиқариш корхона, ташкилот ва муассасаларида ўз аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошираётгани таъкидланди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси фаолият олиб бормоқда. Ўз сафларида                 6 миллиондан зиёд аъзоларни бирлаштирган мазкур йирик жамоат ташкилотининг бозор иқтисодиёти шароитидаги ҳимоя функцияси, асосан, бандлик, иш ҳақи, меҳнат ҳавфсизлиги, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсатини амалга оширишда кўмаклашиш каби йўналишларида амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, соғломлаштириш, маънавий-маърифий ишлар, касбий тайёргарлик, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларида ҳам тизили ишлар олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Лойиҳа доирасида тадбир иштирокчиларига Касаба уюшмаларига аъзо бўлишнинг афзалликлари ҳамда ходимлар учун жамоа шартномалари орқали бериладиган имтиёз ва кафолотлар, ёшлар учун меҳнат қонунчилигидаги имтиёз ва кафолатлар, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш – хавфсиз ҳаёт гарови мавзуларидаги тақдимотлар ҳам амалга оширилди. Шундан сўнг мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.

Тадбир сўнгида талаба ёшларнинг бадиий чиқишлари ҳам намойиш этилди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати