[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.12.2018. Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-ходимларга муносиб меҳнат муҳофазаси яратиб бераётган ташкилотлардан биридир. Комбинат касаба уюшма кенгашининг ўзига хос жиҳати шундаки, у 6 та касаба уюшма қўмиталари бирлашмалари ва комбинат таркибига кирувчи бўлинмаларнинг 21 та касаба уюшма қўмиталаридан иборат йирик ташкилий тузилма саналади.

Ишчи-хизматчилар сони 73 минг нафар. Уларнинг ҳар бири касаба уюшма аъзоси бўлишдан манфаатдор. Сабаби, бу орқали жамоа шартномасида кўзда тутилган барча ижтимоий-иқтисодий меъёрлар ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Комбинатда ишлаб чиқаришдаги жароҳатлар ва касб касалликлари эҳтимоли тизимли равишда таҳлил қилиниши баробарида, меҳнат муҳофазаси ва зарур шароит яратишга қаратилган оптималлаштириш чораларининг самарадорлиги мунтазам равишда баҳолаб борилади.
Кончилар меҳнат муҳофазаси ва техник хавфсизлик бўлими ходимлари билан бирга содир бўлган турли бахтсиз ҳодисаларни ўрганишда фаол иштирок этишади.
— Касаба уюшмалари кенгаши фаолиятининг яна бир йўналиши, бу ишчиларни соғломлаштиришдир. Комбинатнинг тиббиёт-санитария бўлими бешта йирик муассасани бирлаштиради. Улар Навоий, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Зафаробод шаҳар типидаги аҳоли пунктида жойлашган бўлиб, 200 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатади, — дей­ди кон-металлургия комбинати касаба уюшмалари кенгаши раи­­си Исроил Раҳматов. — Барча муассасаларга замонавий тиббий ва диагностика жиҳозлари ўрнатилган.
Навоий шаҳрида меҳнаткашларнинг соғломлаштирилиши учун «Металлург» санаторий-профилакторийси, Учқудуқда эса жорий йилда тўлиқ таъмирдан чиқиши мўлжалланаётган «Кончи» профилакторийси фаолият юритади.
30 минг нафарга яқин ходим ва уларнинг оилалари комбинатдаги спорт машғулотлари иштирокчилари саналади. Жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва ­оммавий спорт машғулотлари 8 та мажмуада ўтказилади. Уларда 96 та жисмоний тарбия жамоалари спорт билан шуғулланади.
Муносиб меҳнат шароит­лари яратилган, бўш вақт тўғри ташкил этилган ва ижтимоий хавфсизлиги тўлиқ таъминланган жамоа янгидан-янги зафарларга эришишни ният қилган ҳолда ҳамжиҳатлик намуналарини кўрсатиб фаолият юритмоқда. Зеро, бугунидан рози одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи ҳам юксак бўлади.

Дилафрўз Ўрозова