[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.12.2018. Бугун – 23 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг V Мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков бошқарди.

Кун тартибидан дастлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП)га аъзоликка киришига оид масала жой олди.

Маълумки, хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, шунингдек, халқаро касаба уюшма бирлашмалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг муҳим стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур йўналишда кўпдан-кўп самарали натижаларга эришилмоқда. Янги ва муҳим амалий қадамлардан яна бири — Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши эса МДҲ, шунингдек, халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотларида Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилишда мазкур ташкилот, шу билан бирга унга аъзо бўлган хақаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари  томонидан қўллаб-қувватланиш имконини яратиши шубҳасиз.

Шу боис ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан касаба уюшмалари Умумконфедерацияси билан мазкур халқаро касаба уюшмалари бирлашмасига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини аъзоликка қабул қилиш юзасидан музокаралар олиб борилиб, ушбу масалани Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилишида кўриб чиқиш, йиғилишни эса Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳақида келишувга эришилган эди.

Эртага – 24 декабрь куни  пойтахтимизда Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилиши ўз ишини бошлайди. Унда Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг нуфузли делегацияси вакиллари – Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси раҳбарлари ва аъзолари, хусусан, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Президенти Михаил Шмаков, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси вице-президенти, МДҲ ўрмон хўжалиги тармоқлари Халқаро касаба уюшмалари Федерацияси раиси Виктор Карнюшин, Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Бош котиби Владимир Щербаков, тармоқ касаба уюшмалари Халқаро бирлашмалари мутасаддилари, Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон каби ҳорижий давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти ва масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари иштирок этадилар.

Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (ВКП) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинади.

Маълумот ўрнида: Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида давлатлараро миқёсда  кенг тан олинган халқаро ташкилот ҳисобланади, МДҲ қатнашчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга,  МДҲнинг Иқтисодий кенгаши, шунингдек, бошқа давлатлараро органлари ишида фаол қатнашиб келади. Шу билан бирга БМТнинг ихтисослаштирилган ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, унга Европа бўйича минтақавий маслаҳатчи, БМТ жамоат билан алоқалар Департаментининг нодавлат ташкилотлари Қўмитаси, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгашида маслаҳатчи мақомига эга. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати