[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.01.2019. Жамоатчилик комиссиясининг Юнусобод туманидаги навбатдаги учрашувлари «Астробод», «Адолат», «Биллур», «Қўшчинор», «Туркистон», «Катта Ҳасанбой», «Ҳасанбой», «Ҳамкоробод», «Шарқ ҳақиқати», «Тикланиш» ҳамда «Увайсий», «Юртобод», «Шоштепа», «Бободеҳқон» маҳаллалари аҳли билан бўлиб ўтди.

«Астробод»да электр таъминоти яхшиланадими?

«Астробод» маҳалласидаги 24-уйда 48 та хонадон мавжуд. Уйдаги ошхона ва ювиниш хоналарига иссиқлик таъминоти уланмаган. Ҳудудда электр таъминотида тез-тез узилиш­лар кузатилади. Маҳалладаги 2562 та хонадон учун тўртта МСП ва битта очиқ чиқинди ташлаш шохобчаси қурилган. Қўшимча МСП қурилишига эҳтиёж бор. Маҳалла фаоли Динара Алимова Мойқўрғон кўчасида автомашиналарнинг тирбандлиги болаларнинг йўлдан ўтишини қийинлаштираётгани боис 6- ва 7-мавзелар оралиғидаги кўчага ­пиёдалар ўтиш белгиси ўрнатилишида ёрдам сўраб мурожаат қилди.

«Биллур»да автотураргоҳ қурилса…

«Биллур» маҳалласида 10 700 метр квад­рат ички йўллар таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Пиёдалар ҳам, автотранспорт воситалари ҳам ҳаракатланишда қийналмоқда.
Маҳаллада яшовчи Алексей Родин 4-даҳадаги гаражлар бузиб ташланганидан сўнг аҳоли ҳалигача автомашиналарини қаерга қўйишни билмай сарсон бўлаётгани, шу масалани тезроқ ҳал этиш ва ҳудудда автотураргоҳ қуриш кераклигини айтиб ўтди. «Биллур» маҳалласи фаоли Х.Ғуломов маҳалла фуқаролар йиғини идораси учун янги бино ажратиш ва ҳудуддаги мавжуд гаражларни бузиб, ўрнини ободонлаштириш масаласида ёрдам сўради.

«Қўшчинор» орасидаги таъмирталаб йўллар

Ишчи гуруҳнинг маълум қилишича, «Қўшчинор» маҳалласида мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби қуришга эҳтиёж бор. 9 қаватли 1-уйда лифт яхши ишламайди. Бундан кекса ёшлилар чиқиб-тушишда қийналишяпти. Лифтни таъмирлаш ёки бутунлай янгисига алмаштириш зарур. Шу билан бирга, Еттичинор кўчасида 700 метрга яқин ички йўлни асфальт қилиш керак.
12-уйда яшовчи Шаҳло Турсунбоева уйидан мактабга ва боғчага борадиган йўллар таъмирталаблиги, болаларнинг уст-боши ёзда чанг, ёғин-сочинда лой бўлишини айтиб, масалани ҳал этишда ёрдам сўради.

«Тикланиш» маҳалласи қачон тикланади?

Ўрганишлар давомида «Тикланиш» маҳалласида анчагина муаммолар йиғилиб қолгани аён бўлди. Жумладан, йўллар таъмирталаб, хонадонлар канализация тизимига уланмаган, симёғочлар янгисига алмаштирилмаган, тунги ёритгичлар йўқ, шунингдек, ичимлик суви марказлаштирилмасдан ўтказилган кўчаларнинг узун рўйхати бор. Ҳудудда болалар ўйингоҳи ва спорт майдончаси қурилишига эҳтиёж бор. Маҳалладаги масжид қурилиши учун ҳужжатларни расмийлаштириш, Гулёр 6-тор кўча 49-уй устидан ўтган электр симларини кўча қисми бўйлаб қайта ўтказиш каби қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Бундан ташқари, 327-умум­таълим мактаби ҳудудидаги ёритгичларни тузатиш, маҳаллада МТМ қуриш зарурлиги қайд этилди.

«Туркистон»даги носоз сув қувурлари

«Туркистон» маҳалласи фаоллари ҳудуддаги кўп қаватли 29-, 30-, 31-, 35-, 36- ва 43- уйларнинг канализация қувурлари бир неча йиллардан буён тозаланмагани натижасида қувурлардан сув сизиб чиқаётганидан шикоят қилишмоқда. Маҳаллада ижтимоий кўмакка муҳтож, даволанишга имконияти етмаётган фуқаролар борлиги ҳам қайд этилди.

«Увайсий»ликлар «алкаш»лардан безор

«Увайсий» маҳалласидаги ўрганишлар давомида энг кўп шикоят 9- ва 11-уйлар ёнида жойлашган кафе фаолияти устидан бўлди. Сабаби кафе асосан спиртли ичимликл­ар савдоси билан шуғулланади. 9-уйда яшовчи Ҳ.Тошниёзованинг айтишича, у ерда кеча-ю кундуз спиртли ичимлик сотилади. Болалар ва аёллар кўчадан ўтишга қўрқади, чунки доим маст одамлар билан тўла бўлади. Устига устак, мактаб билан кафенинг ораси 300 метр ҳам чиқмайди.
Ушбу шикоят бўйича Жамоатчилик комиссияси томонидан учрашув вақтидаёқ ўрганиш ишлари бошланди. Маҳалла нозири, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда фуқаро Ҳ.Тошниёзова мавжуд вазиятга ойдинлик киритиш учун кафе ва мактаб оралиғи, шунингдек, кафенинг ҳужжатлари билан танишиб чиқиш учун жўнатилди.
Шундан сўнг бу масала юзасидан туман давлат солиқ ­инспекцияси вакили изоҳ берди. Унга кўра мазкур кафеда, яъни «Дилшода» МЧЖда спиртли ичимликлар савдоси барча меъёрий ҳужжатлар асосида йўлга қўйилган. Аниқроғи, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотуви билан шуғулланадиган савдо шохобчаларининг таълим муассасаларидан камида 500 метр узоқликда ташкил этилиши лозимлиги тўғрисидаги меъёрий ҳужжатда савдо дўкони ичида спиртли ичимликларни қуйиб сотиш назарда тутилмаган.
Жамоатчилик комиссия­­си бу каби муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат комиссия тузиш ва Тошкент шаҳри ҳудудида ушбу тарздаги савдо билан шуғулланаётган барча шохобчаларни ўрганиб чиқиб, уларнинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида тегишли меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича шаҳар ҳокимлигига таклиф киритди.
Коммунал, уй-жой, рўйхатга қўйиш, ижтимоий ёрдам ва шу каби масалалар бўйича «Катта Ҳасанбой», «Адолат», «Ҳасанбой», «Ҳамкоробод», «Шарқ ҳақиқати», «Шоштепа», «Бободеҳқон» маҳаллалари фаоллари ҳам мурожаат қилишди. Ҳар бир таклиф ва шикоятни ўрганиш ва қонуний тартибда ҳал этиш юзасидан Жамоатчилик комиссияси томонидан туман ҳокимлиги ва бошқа ­масъул ташкилотларга тегишли тавсиялар берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ