20.10.2020. Она тили мамлакатнинг ғурури, ифтихори ҳисобланади. Миллатнинг маданияти, маънавияти, зиёлилик даражаси она тилига муносабатда ҳам аниқ кўринади. Ўзбек тили ўзбек халқининг миллий бойлиги сифатида қадим-қадимдан бугунгача аждодларимиз томонидан эъзозланиб, ардоқланиб, сайқалланиб келинмоқда.
Буюк мутафаккир ва шоир, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоийнинг она тилимизга муносабатлари, бу тилнинг ниҳоятда бой, гўзал, такрорланмас тил сифатидаги имкониятларини ўзларининг шоҳ асарлари билан исботлаб берганликлари, она тилимизнинг софлиги, обрў-эътибори, таъсирчанлиги, юқори нутқ маданияти учун курашганликлари, миллатимизнинг фахри сифатида, ҳар қанча таҳсинга, эъзозга лойиқдир. Тил ва нутқ маданияти жамият ҳаётининг ажралмас қисми, чунки она тили муҳим тарбия воситаси сифатида кишиларни буюк мақсадлар сари йўналтиради, руҳлантиради, эзгу орзу-умидлар билан яшашга ундайди. Сўзнинг куч-қудрати, тилнинг ўткир қурол эканлигини Алишер Навоий асарлари мисолида аниқ ҳис этиш мумкин.
Она тилимиз бой, сержило ва гўзал тил эканлигига ҳеч ҳам шубҳа йўқ. У асрлар оша сайқал топиб келмоқда. Улуғ бобомиз Алишер Навоий бошқа тилларни камситмаган ҳолда, ўзбек тилининг нақадар бой тил эканлигини кўрсатиб берганликлари ва шоҳ асарлари билан буни исботлаганликлари катта ибратдир.
Буюк бобоколонимизнинг улкан мероси, ўзбек тили ва адабиёти тараққиётига қўшган ҳиссаси, бадиий маҳорати, тилдан фойдаланишдаги ўзига хослиги ҳақида адабиётшунос, тилшунос олимлар кўп ва хўб ёзишган. Навоийнинг бой мероси ва навоийшунослик соҳасидаги илмий, ўқув манбаларни чуқур ўрганиш ва улардан кенг фойдаланиш кундалик вазифаларимиздан бўлиб қолмоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида улуғ шоиримиз сўзларининг қадри яна баланд, тобора юксак бўлиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисидаги»ги қонуни ижросини тўла таъминлаш билан ўзбек тилининг мавқеини янада ошириш, унинг тарихий сарчашмаларидан фойдаланиб, гўзаллигини сақлаб қолиши ва бойлигини янада ёрқин намоён этиши учун катта имкониятлар яратиш мумкин. Бу соҳада энг бой ва боқий сарчашмалардан бири буюк мутафаккир ва улуғ шоир, йирик тилшунос олим Алишер Навоий меросидир.
«Хазойин ул-маоний», “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, «Маҳбуб ул-қулуб» каби шоҳ асарлар она тилимиздан моҳирона фойдаланишнинг ўзига хос маҳорат мактаби вазифасини ўтайди.
Алишер Навоий сўзнинг қудрати ҳақида тўхталиб, у инсон учун зарур қурол ва манба эканлигини баён этади. Масалан:
Донау дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон бағрида дурдона бил.
Ёки:
Сўз қотиғи эл кўнглига озор айлар,
Юмшоғи кўнгилларни гирифтор айлар.
Она тилимизнинг бойлиги, қудратини юксак баҳолаган шоир «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида унинг фазилатларини ниҳоятда чиройли тасвирлаб беради. Тилимиздаги сўзларни юлдузларга ўхшатиш билан уларнинг ниҳоятда кўплиги, хилма-хиллиги ва бир-бирига ўхшамаслигини акс эттиради.
Тилдаги сўзларни чаманзордаги гулларга ўхшатиш билан сўзларнинг ўзига хос маъно, мазмунга эгалиги назарда тутилади. Гул инсонни ўзига маҳлиё қилади, эътиборини тортади, уни қувонтиради, тилдаги сўзлар ҳам ана шундай фазилатга эга.
Киши сўзлашдан олдин сўзларни танлайди, уларни саралаб, зарурини, маъқулини ишлатади. Ҳар бир сўзни ишлатганда ҳам бошқаларга озор етказмасдан, маъносини ҳисобга олиб қўллайди. Тилдаги сўзлар инсоннинг энг нозик туйғуларини ифодалаш билан бирга кишининг ҳиссиётига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун сўзнинг қудратидан бошқаларга озор бериш учун эмас, уларни руҳлантириш учун моҳирона фойдаланиш зарур.
Бу ҳақда сўз юритганда, Навоийнинг «Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз» деган сўзлари замирида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Ҳазрат Алишер Навоий фикрларининг бугунги кун учун аҳамияти ва унинг Президентимиз томонидан янада бойитилганлиги она тилимизга янада эътиборли бўлишга ундайди.
Буюк бобомиз Навоий мероси ўзига хос ижод, маҳорат булоғидир. Бу булоқдан маҳорат билан фойдаланиш, унинг гўзаллигини ёзма ва оғзаки нутқимизда намоён эта олиш, бой имкониятларини юзага чиқариш, нутқ маданиятига эътибор бериш асосий вазифалардандир. Демак, ҳар биримиз юқори тил маънавияти ва нутқ маданиятини эгаллаш, саводхон, маҳоратли ва нотиқ бўлиш, таъсирчан ёзиш ва гапира олиш учун Алишер Навоий меросини чуқур ўрганишимиз ва ўргатишимиз зарур. Баркамол авлоднинг ҳар томонлама тарбиясида ҳам энг муҳим манбалардан бири Ҳазрат Навоий меросидир. Зеро, давлат тили ҳақидаги қонуннинг талаби ҳам шу – ўзбек тилининг мавқеини янада кўтариш билан унинг ҳам юртимизда, ҳам дунё миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксакликка олиб чиқиш, аждодлар анъанасига содиқ қолиб, унинг гўзаллигини кенг намойиш қилиш, бойитиб бориш, юқори нутқ маданияти ва маҳоратига эришишдир.
Акбар Абдусаидов
Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Оқдарё туман кенгаши депутати.