[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт синов тариқасида ишга туширилган

27.11.2020. Президентимиз томонидан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, халқимиз, шу жумладан хотин-қизлар турмуш даражаси ва сифатини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси”нинг кенгайтирилган видеоселектор шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Марказий студияда: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағилликни қисқартириш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Маданият вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Халқ банки раҳбар ва мутасаддилари, туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, ҳудудий студиялардан: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, юқоридаги вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, туман, шаҳар ҳокимлари ва ўринбосарлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, Қорақалпоғистон ва вилоятлар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашлари раислари ва масъул ходимлари иштирок этдилар.

Видеоселектр тарзидаги кенгайтирилган йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йилнинг 8 октябрь куни “Жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган  видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар масалалари бўйича янги тизим жорий этиш, яъни “Аёллар дафтари”ни шакллантириб, унга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизларни киритиш орқали муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла вазирлиги ва тегишли ҳамкор ташкилотлар, ҳокимликлар вакиллари таркибида  тузилган Республика Ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида 28 та туман ва шаҳарда хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, шу асосда “Аёллар дафтари” жорий этилди ва ишлаб чиқилган тизим асосида ҳокимликлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, даставвал Касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлигининг масъул ходимларидан иборат 14 та ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудудларда ўрганишлар олиб борилди. Танлаб олинган 28 та туман (шаҳар)даги маҳаллаларда “Сектор – туман – вилоят – республика” даражасида штаблар тузилиб, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш билан бирга таҳлил қилиб борилди. Ишчи гуруҳ вакиллари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда 1 323 та маҳалладаги ҳар бир хонадонга кириб, 30 ёшдан юқори бўлган жами 1 миллион 16 минг 507 нафар хотин-қиз билан самимий мулоқотлар ўтказилди. Очиқ мулоқотлар жараёнида уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, оилалардаги маънавий муҳит билан ҳам яқиндан танишилди. Ўтказилган очиқ-ошкора суҳбат ва мулоқотлар чоғида хотин-қизлар бандлиги, уларнинг оиласи ва ижтимоий ҳолати, яшаш шароити, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот ўтказилган хотин-қизларнинг 29 421 нафари ногиронлиги бор аёллар эканлиги аниқланди. Дилдан қурилган суҳбатлар жараёнида хотин-қизларнинг 83 704 нафари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилди, 56 319 нафари эса касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини билдирди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар жараёнида  ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва вақтинча ишсиз, боқувчиси йўқ, уй-жойга муҳтож, бандлигини таъминлаш зарур бўлган 3-гуруҳ ногиронлиги бор хотин-қизлар ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлик даражасининг долзарблигидан келиб чиқиб, кўмак кўрсатилиши зарур бўлган тоифадаги аёллар сифатида белгилаб олинди. Шу билан бирга, мулоқот ўтказилган хотин-қизлар орасидан касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини билдирган, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун кредит олишга кўмаклашишни сўраган, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож 2-гуруҳ ногиронлари, уй-жойини таъмирлашга муҳтож 1-гуруҳ ногиронлари ҳам аниқлаб олинди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган туман (шаҳар)даги жами 112 та секторда “Аёллар дафтари” тажриба тариқасида жорий этилиб, уларга юқорида қайд этилган тоифадаги аёлларни киритиш кўзда тутилди. Бундан ташқари “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг масалаларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, ушбу йўналишда мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ролини ошириш мақсадида 78 343 нафар ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан нодавлат ўқув марказлари ўртасида аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича энг яхши ўқув дастури танловини ўтказиш ҳамда ғолибларга ҳар битта аёлни ўқитиш учун грантлар ажратиш, ишга муҳтож аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли ишлашга кўмаклашиш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 28 та туман (шаҳар)даги жами 1 323 та маҳаллада меҳнат инспектори ёрдамчиси лавозимини жорий қилиш чораларини кўриш, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини жорий этган ҳолда шахсий томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга етказишда хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари қошида “Хотин-қизлар ҳуқуқий, психологик маслаҳатхонаси” фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда аёллар билан индивидуал тарзда ишлаш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шартнома асосида психологларни жалб этиш, уй-жойга муҳтож бўлган аёлларга амалий ёрдам кўрсатиш йўналишларида вазифалар белгилаб олинди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда 28 та туман (шаҳар)нинг алоҳида “Йўл хариталари” лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Тадбирда таъкидланганидек, “Йўл хариталар”даги чора-тадбирларни тажриба сифатида Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ва Чирчиқ шаҳрида жорий этиш чоралари бошлаб юборилди.

Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишида хотин-қизларга бизнес лойиҳаларини ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузишни ўргатиш, Ҳар бир маҳаллада “Аёллар маслаҳат кенгашлари”ни шакллантириш,  маҳаллаларда аёлларни ўқитиш тизимини жорий этиш, яъни, уларнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, педагогик, психологик ва тиббий билимларини ошириш бўйича ўқувларни ташкил этиш, “Аёллар туризми”ни ривожлантириш, шу жумладан хотин-қизларни ички туризмга жалб этиш, хусусий секторни жалб этган ҳолда маҳаллаларда кўчма тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш каби масалалар ҳам муҳокама этилди.

Йиғилишда Давлатимиз Раҳбари топшириқлари ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида танлаб олинган 28 та туман, шаҳарларда ўрганиш натижалари бўйича ишлаб чиқилган “Йўл хариталари”нинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш борасида хонадонма-хонадон юриш орқали хотин-қизлар билан анкета сўровларини республикамиздаги қолган 177 та туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этиш, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳар бир хотин-қиз билан манзилли ишлаш тизимини жорий этиш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Комиссия йиғилишида ҳудудларда аёллар билан ўтказиладиган очиқ мулоқотлар давомида  аёлларнинг маълумоти, мутахассислиги, ишсизлик даражаси, оилавий аҳволи, яшаш шароити, оила аъзолари хақидаги тўлиқ маълумотларни шакллантириш, бунда бирорта муҳтож аёллар эътибордан четда қолмаслиги зарур эканлиги алоҳида вазифв қилиб қўйилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш жараёнида адолат принципларига риоя этган ҳолда, масъулият билан ёндошиб, масаланинг ечими бўйича таклифлар ҳам қайд этилиши, муаммоларни бартараф этиш масаласи Республика комиссиясининг доимий назоратида бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Қайд этиш зарурки, “Йўл хариталари” ижросининг ўз вақтида таъминлаши бўйича жамоатчилик ва депутатлик назорати, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Маҳалла вазирлиги билан биргаликда ҳар ойда мониторинг қилиш ишлари йўлга қўйилади. Айни кунларда қолган ҳудудларда ҳам “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимини йўлга қўйиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати