Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган тарздаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

09.01.2021. Президентимиз томонидан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари оддий одамлар билан доимий мулоқот ўрнатиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, бу орқали одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, халқимиз, шу жумладан хотин-қизлар турмуш даражаси ва сифатини ошириш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

2020 йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссиясининг кенгайтирилган тарздаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Марказий студияда: Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси аъзолари, хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, Тошкент шаҳар иқтисодиёт, маҳалла, бандлик, соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта махсус, халқ таълими, маданият, савдо-саноат палатаси, Халқ банки бошқармалари бошлиқлари, сектор раҳбарлари, пойтахт туманлари ҳокимлари ва ўринбосарлари, Касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти студиясида: вилоят ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари, ҳудудларга бириктирилган касаба уюшмалари ва Маҳалла вазирлигининг масъул ходимлари, ҳудудий студиялардан: вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари ва ҳокимларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари, касаба уюшмалари вилоят кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, жами 1,5 минг нафарга яқин масъуллар иштирок этдилар.

Республика комиссияси йиғилишида “Хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Вақтинчалик тартиб”ни амалиётга жорий этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йилнинг 8 октябрь куни “Жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар масалалари бўйича янги тизим жорий этиш, яъни “Аёллар дафтари”ни шакллантириб, унга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизларни киритиш орқали муаммоларини ҳал этиш топшириғи берилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар мутасаддилари таркибида тузилган Республика Ишчи гуруҳи томонидан ўтган йилнинг октябрь ойидан буён Республикамизнинг барча ҳудудларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Республика комиссияси йиғилишида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича республика комиссияси раиси,Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Парламентимиз ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаларида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” хотин-қизларимизнинг муаммолари билан тизимли равишда шуғулланишга кенг имкон яратишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, “Аёллар дафтари” – хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси бўлиши билан янада аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

Бугунги кунгача Республика комиссияси таркибидаги Ишчи гуруҳлари мамлакат миқёсида 30 ёшдан юқори бўлган жами 6,5 миллионга яқин хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказдилар. Республика ва ҳудудий штаблар томонидан мулоқотлар натижалари чуқур таҳлил қилиниб, дастлабки маълумотлар шакллантирилди. Жумладан, уларнинг: 8,5 фоизи ишсиз аёллар, 4,3 фоизи тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит сўраган аёллар, 2,6 фоизи ногиронлиги бор аёллар, 2,5 фоизи касб-ҳунарга ўқиш хоҳишини билдирганлар, 2,4 фоизи боқувчиси йўқ ва ёлғиз оналар, 2,2 фоизи уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёллар, яъни, бугунги кунда ижарада, ётоқхоналарда, нотурар жойларда яшаб келаётган аёллар эканлиги аниқланди.

Республика комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги №2-сонли Қарори қарори билан “Аёллар дафтари”ни юритиш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқлангани алоҳида қайд этилиб, мазкур масала билан шуғулланувчи мутасаддиларга Вақтинчалик тартиб асосида олиб борилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Хусусан, Чирчиқ ва Оққўрғонда тажриба-синов жараёнлари ўтказилгандан сўнг ишлаб чиқилган мазкур Вақтинчалик тартибда «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган 9 тоифадаги хотин-қизлар, жумладан: Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз аёллар., Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёллар, Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар, Уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар, Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар-жой мавжуд бўлмаган аёллар, Қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, Тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёллар, Ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аёллар ва Психологик маслаҳатга муҳтож аёллар киритилиши, улар билан мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, секторлар тизимли иш олиб бориши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Вақтинчалик тартибда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ишлаш бўйича 8 та йўналишда механизмлар белгилаб берилгани, жумладан: Дафтарга киритилган аёлларнинг бандлигини таъминлаш тартиби; Хотин-қизларга томорқадан самарали фойдаланишларига кўмаклашиш механизмлари; Аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тузишга ёрдам бериш, кредитлар ажратиш тартиби; Дафтарга киритилган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш механизмлари илк маротаба кўрсатиб берилгани қайд этилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга турар-жой ижара компенсациясини тўлаш тартиби; Аёлларга тиббий хизмат кўрсатиш механизмлари; Дафтарга киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш йўналишлари; Аёлларга психологик ёрдам кўрсатиш тартиби белгилангани, мазкур 8 та йўналишдаги ишлар хотин-қизларнинг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди. Йиғилишда шунингдек, Вақтинчалик тартиб бўйича “Аёллар дафтари”ни юритиш босқичлари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Республика комиссияси йиғилиши давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли мутасаддилар олдида турган қатор вазифалар ҳам белгилаб берилди. Хусусан, белгиланган муддатга қадар анкета маълумотларини идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирган ҳолда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик тоифасига аниқлик киритиш, Вақтинчалик тартибда кўрсатилган тоифалардаги хотин-қизларни “Аёллар дафтари”га киритиш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларни белгиланган жадваллар асосида Республика штабига тақдим этиш, Вақтинчалик тартибда белгиланган чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш устидан кунлик назоратни ўрнатиш, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳар бир хотин-қиз билан ишлаш тизимини доимий мониторинг қилиб бориш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди. Ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида тизимли ва самарали амалга ошириш йўналишларида тегишли тавсиялар берилиб, мазкур жараёнда бирорта муҳтож аёлнинг эътибордан четда қолмаслиги зарур эканлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳаббат Ўрмонбекова 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!