28.07.2023. Раима Жуманова Шаҳрисабзнинг олис қишлоғидаги «Оқ олтин» маҳалласида яшайди. Бу аёлнинг матонатини тоғларга менгзаш мумкин. Икки фарзандидан ажраган онанинг оҳидан дунёлар ларзага келганди. Бир неча йилки, турмуш ўртоғи ҳам хасталаниб, тўшакка михланиб қолган. Қийин паллада Раима «Аёллар дафтари»га рўйхатга олинди. «Саховат ва кўмак» жамғармасидан эрини даволатиши учун икки ярим миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, оилага бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шу маҳаллада яшовчи Ораста Худойназарованинг икки нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи ишсиз. У ҳам «Аёллар дафтари» шарофати билан банкдан имтиёзли кредит олди. Оила айни пайтда асаларичилик билан машғул.
Садоқат Сатторованинг фарзанди ногирон. Юролмайди. Болага ногиронлик аравачаси тақдим этилди. Шунингдек, оилага субсидия асосида иссиқхона қуриб берилгани айни муддао бўлди. Меҳнати ортидан уй эгаларининг шароити яхшиланиб бораётир.
Инобат Жўраева ҳамда Феруза Равшанова «Аёллар дафтари» сабаб турмуш тарзи ўзгарганлардан. Бири имтиёзли кредит эвазига тикувчиликни йўлга қўйди. Ўзидан ташқари яна тўрт аёлни иш билан банд қилди. Иккинчиси буюртма асосида пишириқ тайёрлаб сотмоқда. Яқинда Ферузанинг кўнгли яна ҳам ёришди. Фарзандининг суннат тўйини ўтказишди. Туманнинг «Ўртақўрғон» маҳалласида 3845 нафар аҳоли истиқомат қилади, шулардан 1733 нафари хотин-қизлар.
– Маҳалламиздан 94 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»нинг тўртинчи босқичида рўйхатга олинган, – дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Шоҳида Мустафоева. – Уларнинг 43 нафари ишсизлар тоифасига мансуб. Дастлаб, уларни иш билан таъминлаш ёки бандликка кўмаклашиш режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, 16 нафар аёл ҳудудимиздаги тикувчилик кооперациясига аъзо бўлди. Кези келганда эслатиб ўтамиз: кооперация етакчиси Нигора Камолова «Аёллар дафтари»нинг биринчи босқичида банкдан имтиёзли кредит олиб, чеварлик фаолиятини бошлаган эди. Қарангки, қисқа вақтда ўзи ҳам иш берувчига айланди.
Уч нафар фарзанднинг онаси Феруза Қурбонованинг ўзи ҳам, эри ҳам ишсиз эди. «Аёллар дафтари» шарофати билан улар дастлаб бир сотихли иссиқхонага эга бўлишди. Рўзғорга барака кира бошлагач, иссиқхонани уч сотихга кенгайтиришди.
Муаммо қайд этилгач, Каромат Ҳасанова юрагини операция қилдирди. Шунингдек, ногирон фарзанди бор 47 нафар аёлга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Шоҳида опа ҳаётбахш дафтар сабаб маҳаллада хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғри йўлга қўйилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди: – Маҳалламизда соғломлаштириш
маркази ташкил қилинди. Унда хотин-қизларга соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш сирлари ўргатиляпти. Гиёҳлар билан даволаш йўлга қўйилган.
Аён ҳақиқат шундан иборатки, оналари соғлом юртнинг фарзандлари ҳам соғлом бўлади. Бунинг исботи ўлароқ, яқинда «Ўртақўрғон» маҳалласи қизлари стритбол мусобақасидан республикада фахрли иккинчи ўринни эгаллаб қайтишди.