Аъзолик афзалликларини биласизми?
08.02.2024. Корхоналарда, нодавлат-нотижорат ташкилотларда касаба уюшмалари тармоғини ташкил қилиш ва аъзолар сонини кўпайтириб бориш жамият тараққиётига, халқимиз турмуш тарзи фаровонлашувига муносиб улуш сифатида қўшилиши, шубҳасиз.
Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти кенгаши биносида ҳамда шаҳар ҳокимиятида ушбу мавзуга бағишланган семинарлар ўтказилди. Тадбирларда йўлсозлар, хусусий қурилиш секторлари вакиллари, транспорт йўналишидаги тадбиркорлар ва бошқа нодавлат-нотижорат корхоналарининг раҳбарлари, турли соҳаларда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятларнинг ишчи-хизматчилари иштирок этди.
Ўтказилган ҳар иккала тадбирда ҳам Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси ўринбосари Баҳодир Султонов қатнашиб, касаба уюшмаларига аъзо бўлиш афзалликлари ҳамда меҳнат қонунчилигига оид янгиликлар ҳақида маъруза қилди.
Бош юрисконсульт Лола Нишонова ҳамда ташкилий ишлар бўлими мудири Шерзод Неъматов ҳам мавзуга оид фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Навоий вилояти кенгаши биносида ўтказилган тадбирда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, ходимларни ишга ёллаш ҳамда уларнинг манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, жамоа шартномаларини тузиш, барча ишчи-хизматчиларга кечиктирмасдан ойлик иш ҳақларини бериш, меҳнатларига яраша рағбатлантириб бориш борасида долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди.
Бундай хайрли тадбирларнинг республикамиз бўйлаб узлуксиз ва кенг қамровда ўтказилиши, табиийки, касаба уюшмалари тизими нуфузини ошириш билан бирга, аъзолар сонининг тобора ошиб боришига хизмат қилади, айни вақтда ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун яратилаётган имкониятлар кўламини янада оширади.
Наргиза Йўлдошева
Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Навоий вилояти кенгаши раиси