Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Биринчи рeзинотeхника заводи” МЧЖ ХКда жамоа шартномаси конференцияси бўлиб ўтди

27.03.2024. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги “Биринчи резинотехника заводи” масъуляти чекланган жамияти хорижий корхонасида 2022-2024 йилларга тузилган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Корхона бош директори Ғуломжон Ибрагимов, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси Диёр Алимов, Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шавкат Тоиров ва конференцияга сайланган делегатлар иштирок этдилар.

Корхона жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши бўйича дастлаб иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси раисининг маърузалари тингланди. Шундан сўнг бажарилган ишлар юзасидан жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича комиссия аъзоси Зухра Тўйчиева  жамоа шартномаси ижроси бўйича тузилган комиссия далолатномасини ўқиб эшиттирди.

Маълумотларга кўра, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ишни таълим билан бирга олиб борувчи ходимлар учун кафолатлар ва компeнсациялар тўлаш мақсадида 2023 йилда ўқув марказлари ҳамда корхонанинг ўзида 253 нафар ходим малакаси оширилиб,  51 млн 712 минг сўм маблағ сарфланган.

Корхона ҳисобидан олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 35 нафар талабанинг 2022-2023 ўқув йили ва 2023-2024 ўқув йиллари учун 230 млн сўм шартнома тўлов пуллари тўлаб берилган.

2023 йилда жами кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга 281 млн 720 минг сўм сарфланган.

Шунингдек, 37 нафар талабага амалиёт ўташлари учун имконият ва шароитлар яратиб берилган.

Бугунги кунда   корхонада  214 нафар аёллар меҳнат қилиб келаётган бўлиб, улардан 16 нафари масъул лавозимларда иш олиб бормоқдалар.

Корхонада фаолият юритаётган шижоатли, жамоат ишларида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар аъзоларини моддий ва маънавий  рағбатлантириш мақсадида 2023-2024 ўқув йилида 13 нафар хотин-қизлар сиртқи таълим олишлари учун корхона томонидан контракт тўловлари 100% тўлаб берилган, касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 5 нафар хотин-қизларга 3 млн 24 минг сўм моддий ёрдам пули ажратилган.

Ўзи ёки фарзанди оғир касалликка чалинган аёлларга операция ўтказиш харажатларига моддий кўмак бериш  мақсадида 8 нафар аёлларга 23 млн 370 минг сўм моддий ёрдам берилган.

1 июнь — Халқаро болалар куни ҳамда 3 декабрь — Ногиронлар куни муносабати билан  ногиронлиги бўлган фарзанд тарбиялаётган оилаларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 та аёл ходимга 1 млн 890 минг сўм моддий ёрдам ажратилган.

Ўтган 2023 йил давомида иш берувчи ҳамда касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида оммавий спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ташкил этилган ва 58 млн 448 минг сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу спорт мусобақаларида 720 нафар ходимларнинг иштироки таъминланган. Ўтказилган танлов ва спорт мусобақаларида 271 нафар ходимлар ғолиб деб топилиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланганлар.

Конференцияда корхона бош директори Ғ.Ибрагимов жамоат шартномасида кўзда тутилган бандлар ижроси таъминланганлиги ва келгусида ишчи-ходимлар учун яратиладиган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди.

Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Тоиров муҳтарам  юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом этаётганлиги, шу ўринда касаба уюшмаларига алоҳида эътибор қилинаётганлиги тўғрисида сўз юритди. Шу қаторда корхонада жамоа шартномаси тузишдан  мақсад ва унинг мазмун-моҳияти, шунингдек, ходимлар манфаатлари йўлида корхона жамоа шартномаси ижроси юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Шундан сўнг конференция делегатлари А.Шилов Б.Пулатова, О.Мўминов А.Шербутаев ва Б.Абдурахмоновлар 2022-2024 йилларга тузилган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, делегатларнинг мавзуга оид саволларига масъуллар жавоб бериб ўтдилар.

“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ХК маъмурияти ҳамда корхона касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги жамоа шартномаси бандларининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан олиб борилган ишлари “қониқарли”  деб топилди.