Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Болажонларнинг бўш вақти мазмунли ташкил қилинди

09.09.2022. Таълим ва тарбияни ҳеч қачон бир-биридан алоҳида тасаввур қилиб бўлмайди. Ўғил-қизларимизни камолга етиши йўлида масъулиятсиз бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Тарбиядаги биргина хато ҳам келажакда биз учун жуда қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун фарзандларимизни бўш вақтларини унумли ўтишини ташкил қилиш, уларни таътил даврида ҳам қизиқишларидан келиб чиқиб, турли тўгаракларга жалб қилиш лозим. Таълимдаги узвийликни тўғри ташкил қилиш мақсадида ўғил-қизларимизни ҳатто таътил даврида ҳам назоратдан четда қолдирмаслигимиз лозим. Қайси соҳа бўлмасин, унда ютуқларга эришиш учун йиллар давомида меҳнат қилинади. Шундай экан йил давомида мактабда сабоқ олган болажонларнинг таътил даврида ҳам бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш кенг жамоатчиликнинг, шунингдек, нодавлат ташкилотларининг зиммасидаги вазифа. Шу боис келажагимиз ворисларини вилоятда дам олдириш ва  соғломлаштириш оромгоҳларига жалб қилиш ишларига жиддий эътибор қаратилди.

Масалан, жорий йилда 11 та стационар ва 150 та соғломлаштириш майдончалари (кундузги оромгоҳлар) фаолият юритиши, уларда 17 минг 825 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган эди.  Амалда эса 18 минг 624 нафар болалар дам олдирилиб, натижада, Бухоро вилоят режаси 104 фоизга бажарилди.

Шаҳарорти оромгоҳлари 5 смена, мактаболди оромгоҳлари эса 3 сменада фаолият юритди. 11 та шаҳардан ташқари ва 150 та кундузги оромгоҳларда 860 нафар педагог ходимлар ва 161 нафар тиббиёт ходимлари болажонларнинг мароқли дам олишларини таъминладилар. “Оромитан” оромгоҳида “Бадиий ижодиёт”, “Ёш пахтакор”да “Экологик-биологик, ўлкашунослик”,  “Ёш алоқачи”да “Интеллектуал ривожлантириш” ва “Нефтчи” оромгоҳида “Техник ижодкорлик” оромгоҳлари ташкил этилди. Шунингдек, барча оромгоҳларда кутубхона ва маънавият ва маърифат хоналари фаолияти йўлга қўйилиб, кутубхоналар болалар талабидан келиб чиқиб, болалар энциклопедияси, эртак китоблар ва бадиий адабиётлар, газета, журналлар билан таъминланди.

Бундан ташқари, мавсум давомида 250 нафар Қорақалпоғистон республикаси, Хўжайли туманида яшовчи болалар ана шундай хизматдан бепул фойдаланишди. Улар учун турли мусобақалар, адабий учрашувлар, кўнгилочар дастурлар ташкил қилиб берилди.

Ихтисослаштирилган оромгоҳларда ҳордиқ чиқараётган фарзандларимизга ҳам таътил даври эсда қоларли ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилиб, ишлар намунавий равишда ташкил этилиши назорат қилиб борилди. Оилавий меҳрибонлик уйлари фарзандлари, кам таъминланган оила болалари, шунингдек, Маҳалла фонди томонидан ҳам бепул жалб қилинганлар эса эътиборимиздан четда қолиши мумкин эмас эди. Шу боис кўнгли кемтик ўғил-қизларнинг дам олишларини таъминлаш ишларига икки ҳисса масъулият билан ёндошилди. Мавсум давомида 58 нафар “Оилавий меҳрибонлик уйлари”нинг тарбияланувчилари, 2060 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ”Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан кам таъминланган оилалар фарзандларидан 47 нафари, 59 нафар ногирон болалар, шунингдек, Қорақалпоғистон республикаси Хўжайли туманидаги 250 нафар болалар бепул дам олдирилди.

Ўнлаб бир-биридан қизиқарли мусобақа ва тадбирларга ҳамоҳанг равишда “Қорақалпоқ адабиёти кунлари” ҳам юқори савияда ташкил қилинди, – дейди “Нефтчи” оромгоҳи раҳбари Жонибек Зияев. – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлинмалари вакиллари, таҳририятлар муҳаррирлари, Вилоят Болалар кутубхонаси ходимлари сингари болажонларга кўтаринки кайфият улашишга қодир инсонларни таклиф қилдик. Муҳими, бу каби тадбирларимиз юқори савияда ташкил қилингани меҳмонлар томонидан ҳам эътироф этилди. Келажагимиз эгаларига бадиий китоблар совға қилинди.

Ҳар бир боланинг қобилиятидан келиб чиқиб, улар билан алоҳида шуғулланилди. Ҳар куни кечқурин отрядларга кунлик ютуқларидан келиб чиқиб, баллар берилди. Шу орқали мавсум якунида турли йўналишларда ғолиблар аниқланиб, рағбатлантирилди. Немис тили, компьютер саводхонлиги сингари тўгараклардан ташқари, ракета модели тўгараги ҳам фаолият юритди. Болажонлар устозлари кўмагида ўзлари ясаган кичик моделларни ҳавода учиришди. Қолаверса, кемачалар тайёрлаб, уларни сувда  ҳаракатлантиришди.

Болажонлар соғлигига эътибор масаласи ҳам мавсумлар давомида кун тартибидан тушган эмас. Сменалар даврида ходимлар ва болалар саломатлиги бўйича тиббий мониторинг кучайтирилиб, болалар ва ходимларни ҳар куни икки маротаба тиббий кўрикдан ўтказишни ва мазкур кўрик натижаси ҳақидаги маълумотларни тиббий кузатув дафтарига киритиб борилиши йўлга қўйилди. Оромгоҳда фаолият юритадиган барча ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Беш маҳал овқатланиши таъминланган болажонларнинг барча озиқ-овқат маҳсулотларини сифати мунтазам равишда қайта текширилиб, кунлик тайёрланадиган таомлардан синамалар (проба) олинди.

Биз жамоат ташкилоти ходимларини яна бир эзгу иш қувонтирди: яъни вилоят ҳокими томонидан меҳрга ташна болажонларни бундай жойларга кўпроқ жалб қилиш борасида берилган топшириқ нур устига нур бўлди. Таълим ва тарбия масаласи вилоят раҳбарининг шахсан назорати остида эканлиги Бухоро фарзанди сифатида мени хурсанд қилди. Ўтган мавсумларда қилинган ишларни таҳлил қилиб, келгуси йил оромгоҳларда ишни янада юқори суръатда қандай ташкил қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдик.

Адолат Акрамова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири

Click to listen highlighted text!