11.11.2015. Рафуқжон Йўлдошев Хонобод шаҳрининг Анҳор кўчасида жойлашган собиқ «Фотон» заводининг фойдаланилмай турган биноларини қайта таъмирдан чиқариб, давлатимиз томонидан тадбиркорларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда «SAGRASSO TEXTILE» МЧЖни ташкил этди. Банкдан олган кредитлар эвазига хориждан замонавий трикотаж-тўқув дастгоҳлари келтирилди. Натижада, 20 дан зиёд коллеж битирувчилари ва маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.
Икки сменада иш ташкил этилганлиги боис мавжуд 16 та дастгоҳ катта самара билан ишлатилмоқда. 8 турдаги маҳсулотлар нафақат ички бозорларда, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топиб улгурди.
Жорий йил биринчи чорагида корхонада бошланғич касаба уюшма ташкилоти тузилиб, Ш.Эргашев кўпчилик овоз билан раис этиб сайланди. «SAGRASSO TEXTILE» масъулияти чекланган жамияти Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Хонобод шаҳар кенгаши хизматига олиниб, корхонада фаолият юритаётган ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий муҳофазаси таъминланаяпти. Ўтган давр мобайнида янги ишга қабул қилинган ҳар бир ходим касаба уюшма ташкилоти фаолияти билан таништирилиб, турли маъданий-маърифий тадбирларни ўтказишда касаба уюшма маблағидан фойдаланиш, ишчиларга қўшимча таътиллар бериш каби ишлар йўлга қўйилди.
— Жамоада ҳамжиҳатликни таъминлаш ва интизомни мустаҳкамлашда касаба уюшма ташкилотининг ўрни катта бўлмоқда, — дейди корхона раҳбари Р.Йўлдошев.