Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Бу беписандликми ёки…

21.10.2021. Яккасарой туманидаги «HFG Hotel Management» меҳмонхонаси хўжалик бўлими бошлиғи Диляра Абдужалилова пенсияга чиқишига бор-йўғи ярим йил қолганда тайёр ишидан айрилди.

Ходимани ишдан бўшатишга асос сифатида эса Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмининг 4-банди келтирилди. Яъни, иш берувчининг ташаббуси билан. Бу ҳам етмаганидек, белгиланган муддат ичида унинг меҳнат дафтарчаси қайтариб берилмади.
Шундан сўнг Д.Абдужалилова ҳуқуқини талаб қилиб, Президент виртуал қабулхонасига мурожаат йўллади. Унинг аризаси тегишли тартибда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига йўналтирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши мутахассислари мазкур ҳолатни ўрганиб, иш берувчи ўз ходимини қайсидир важ билан ишдан бўшатаётганда касаба уюшмасининг розилиги талаб этилиши кераклиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмаслиги ва бу фақат иш берувчининг фойдасига хизмат қилиши хусусида хулоса тақдим этишди.
Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси ҳам иш берувчи ва ходимлар ўртасида жамоа шартномаси тузилмагани, яна ҳам аниқроқ айтганда, «HFG Hotel Management» МЧЖ ишчи-хизматчиларни ўз ваколати доирасидаги вазифалар билан таништирмаганини асос қилиб, иш берувчининг ишдан бўшатиш тўғрисидаги 81-буйруғини ғайриқонуний, деб баҳолади. Шунингдек, ходимнинг меҳнат дафтарчаси асоссиз равишда берилмагани учун «HFG Hotel Management» МЧЖга жарима қўллади.
Аммо иш берувчи ўз айбини тан олмади. Оқибатда иш фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судигача борди. Ва суд ҳам ташкилотнинг Д.Абдужалиловага нисбатан чиқарган 81-сонли буйруғини ғайриқонуний деб топди. Иш берувчидан жабрланувчи фойдасига уч ойлик иш ҳақи ҳамда бекор юрган кунлари учун мажбурий прогул ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.
Бироқ… Шу билан адолат тантана қилибди, дея хулоса чиқаришга ҳали эрта. Чунки «HFG Hotel Management» МЧЖ, орадан шунча вақт ўтса-да, суд қарорини бажаргани йўқ. Диляра Абдужалилова на қайта ўз ишига тикланди, на унга кўрилган моддий ва маънавий зарар қоплаб берилди. Пенсияга чиқишига ярим йил қолган аёл ҳамон адолат истаб, саргардон бўлиб юрибди.
Шу ўринда савол туғилади: мазкур меҳмонхона мутасаддилари суд ва хуқуқни мухофаза қилувчи идораларнинг хулосалари ва қарорларига нега беписандларча муносабатда бўлишаётир? Балки…

Ғуломжон Мираҳмедов

Click to listen highlighted text!