Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Бугуннинг қаҳрамонлари касаба уюшмалари томонидан муносиб рағбатлантирилди

02.02.2023. Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистонда кечган аномал совуқ об-ҳаво шароитида ободонлаштириш, энергетика, газ, иссиқлик қуввати, сув тармоқлари таъминоти каби соҳалар вакиллари туну кун алоҳида жонбозлик ва фидойилик билан меҳнат қилиб, таъбир жоиз бўлса, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз бўйлаб ана шундай инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий акция амалга оширилмоқда.

Ана шундай акциянинг навбатдагиси пойтахтимизда ўтказилди. Унинг доирасида ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай коммунал хизмат кўрсатиш идоралари, газ, электр ва сув таъминоти корхоналарида ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган заҳматкаш ишчи-ходимлар меҳнати касаба уюшмалари томонидан муносиб рағбатлантирилди. Хусусан, мураккаб об-ҳаво шароитида аҳоли турар-жойларидаги электр тармоқларида юз берган турли носозликларга барҳам бериш, ер ости ва ер усти газ қувурлари тармоқларини таъмирлаш, турли авария ҳолатларининг олдини олиш каби ишларини амалга ошираётган ишчи-хизматчиларга юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган санаторийларга бепул йўлланмалар топширилди.

Худди шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмадлари Федерацияси вакиллари Тошкент шаҳри туманларидаги электр тармоқлари корхоналарида бўлиб, бу ердаги мутахассисларга турли маҳаллалар, корхоналар, ижтимоий объектларда энергетика таъминоти билан боғлиқ профилактика ишларини кучайтириш, бундай масъулиятли жараёнда турли  носозликларнинг олдини олиш билан боғлиқ ишларни олиб бораётган чоғида йўлланмаларни топширдилар.

Йўлланмаларни тарқатиш жараёнида дастлаб учратган инсонимиз Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани электр таъминоти корхонаси ходими Руслан Габитов бўлди. Ёмғир шаррос қуйиб тургинига қарамай ўз “пости”да хизмат вазифасини оғишмай бажараётган Руслан касбига бўлган садоқатини шундай ифодалади:

– Бу соҳада 2014 йилдан бери меҳнат қилиб келаяпман, – деди Шайхонтоҳур туманидаги электр тармоқлари корхонасида электромонтёр бўлиб хизмат қилаётган Руслан Габитов.  – Январь ойидаги ўша совуқ кунларда электр тармоқлари жуда катта юклама билан ишлади. Ўз-ўзидан  бу электр энергияси таъминотидаги кўплаб узилишлар, трансформаторлар ишининг издан чиқишига олиб келди. Баъзан суткалаб уйга бормай ишлашга, дуч келган носозликларни бартараф этишга тўғри келди. Маҳаллалар, кўп қаватли уйларда муттасил иш олиб бордик. Жойларда электр таъминотини тиклашга қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Касаба уюшмалари камтарона меҳнатимизни қадрлаб, саломатлигимизни мустаҳкамлаш учун санаторийга бепул йўлланма бергани кутилмаган совға бўлди. Албатта бундай эътибор бизни ўз ишимизни янада пухта амалга оширишга, ўз устимизда ишлашга ундайди.

Дарҳақиқат, ўша синовли кунларда коммунал соҳалар вакиллари ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ фидойилик ва юклама билан меҳнат қилдилар. Айтиш мумкинки, улар об-ҳаво шароити қандай бўлишидан қатъий назар, ўз вазифаларини катта масъулият билан адо этишига мазкур репортажни тайёрлаш жараёнида яна бир карра гувоҳ бўлдик. Учтепа туманида ер ости газ қувурлари тармоғида юзага келган носозликларни бартараф этаётган газ соҳаси ходимларининг меҳнат жараёни бунинг ёрқин далилидир.

–  Аномал совуқ кунларда ҳам газ бўйича носозликларни ўз вақтида тезкорлик билан бартараф этишга ҳаракат қилдик, – деди Тошкент шаҳар “Ҳудудгазтаъминот” ташкилотининг газ-пайвандчиси Шерқўзи Шониятов. – Ҳозир ҳам кўриб турганингиздек бригадамиз билан бирга бу ердаги носозликни зудлик билан тўғирлаш чораларини кўрмоқдамиз. Меҳнатларимиз қадрланиб,  Ўзбекистон  касаба уюшмалари Федерацияси томонидан санаторийларда дам олиш учун бепул йўлланмалар топширилганидан жуда мамнун бўлдик.

Юқорида таъкидлаб ўтилган соҳалар ходимлари тунни кунга улаб, чин маънода қаҳрамонларча қаҳратон об-ҳаво шароитида хонадонларимиз, корхона ва муассасалар, шифохоналар, тиббиёт масканларининг ёруғ ва иссиқ, йўллар хавф-хатарсиз бўлиши учун қўлдан келган барча имкониятларни ишга солдилар. Уларни ҳақли равишда бугуннинг қаҳрамонлари десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ана шундай инсонларни эъзозлашга қаратилган ижтимоий акцияси юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари