Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишлаб “Ковиддан кейинги даврда бандликни тиклаш” мавзусида онлайн семинар ўтказилди

07.10.2021. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни муносабати билан “Ковиддан кейинги даврда бандликни тиклаш” мавзусида видеоконференц алоқа форматидаги онлайн семинар ўтказилди.

Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ташаббуси билан дунёнинг барча мамлакатларида нишонланадиган Бутунжаҳон муносиб меҳнат учун ҳаракатлар кунига бағишланган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, барча тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат бўйича ўтказилаётган Миллий мониторингнинг ҳудудий гуруҳлари аъзолари, касаба уюшмаларининг меҳнат инспекторлари ҳамда Юридик клиникаси мутахассислари иштирок этдилар. Онлайн семинарда шунингдек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) Бутун Европа минтақавий кенгаши Ижрочи котиби Антон Леппик, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директорининг ўринбосари Михаил Пушкин қатнашдилар.

Тадбирда қайд этилганидек, жорий йилда Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунининг 14 йиллиги нишонланмоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, 2008 йилдан буён бутун дунё бўйлаб 120 миллиондан ортиқ одам ушбу кунни нишонлашда қатнашган.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан яратилган Муносиб меҳнат Концепциясига биноан маҳсулдор бандлик ва муносиб иш – адолатли глобаллашувга эришиш, камбағаллик кўламини қисқартириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Муносиб меҳнат концепцияси тўртта муҳим стратегик мақсадга, хусусан, меҳнат соҳасида асос солувчи ҳуқуқларни рўёбга чиқариш, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадларига таянади.

Бундай ёндашувнинг ҳуқуқий негизи сифатида Халқаро меҳнат ташкилотининг 8 та асос солувчи конвенцияси хизмат қилади ҳамда улар мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига бархам бериш, меҳнат соҳасида камситишларга йўл қўймаслик, бир ҳил меҳнат учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳақ тўлаш, касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоа музокараларини олиб бориш эркинлиги масалаларини қамраб олган.

Муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини, балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланиши, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил ҳисобланади.

Мана бир неча йилдирки, Муносиб меҳнат куни Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда давлат органлари ва иш берувчилар бирлашмалари ҳам муносиб меҳнатни жорий этишга тайёрлигини намоён қилиб, касаба уюшмалари билан биргаликда бу кунги тадбирларда фаол иштирок этадилар.

Онлайн семинарда таъкидланганидек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ўз аъзо ташкилотларини жорий йилги Муносиб меҳнат кунини асосан “Иш жойларини тиклаш ва кенгайтириш учун кураш” шиори остида ўтказиш таклифи билан чиқди ҳамда дунё мамлакатлари ҳукуматлари касаба уюшмалари ва иш берувчилар билан биргаликда йўқотилган иш жойларини зудлик билан тиклаши, янги иш ўринлари яратиши ва келажакда пандемияга ўхшаш вазиятларга яхшироқ жавоб бериш чораларини ишлаб чиқиши зарур эканлигини билдирди.

Қайд этилганидек, дунё миқёсида кечаётган пандемия иш ўринларига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказди. Хусусан, пандемия туфайли дунё бўйича 200 миллиондан ортиқ иш ўринлари йўқолган бўлса, яна 100 миллиони ҳали ҳам йўқолиш хавфи остида ва ишсизларнинг кўп қисми, айниқса аёллар, меҳнат бозоридан чиқиб кетишга мажбур бўлмоқдалар. Шу боис Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ҳукуматларни бандликни тиклаш режаларини ишлаб чиқишга ундаган ҳолда, 2030 йилга қадар 575 миллион янги иш ўрни яратиш ва дунёнинг норасмий иқтисодиётида камида бир миллиард иш ўринларини қонунийлаштиришга қаратилган глобал бандлик кампаниясини бошлади. Бутун дунёдаги касаба уюшмалари марказлари Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаб, ўз аъзо ташкилотларини КОВИД-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш, ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни сусайтирмасликка ундамоқдалар. Бунда иш ўринлари тикланиши кафолатларига алоҳида эътибор қаратилмоғи лозимлиги қайд этилмоқда.

Онлайн семинар давомида Халқаро меҳнат ташкилотининг стратегик ёндашувларига мувофиқ минтақада пандемиядан кейинги меҳнат бозорининг тикланиши, мамлакатимизда 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Давлат дастурини амалга ошириш йўналишидаги ишлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг ўттиз йиллигига – ўттизта янги иш ўрни ташкил этиш бўйича илгари сурилган ташаббус ва бу борада амалга оширилган ишлар муҳокама этилди. Шунингдек, Республика ҳудудларида касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган янги корхоналардаги меҳнат шароитлари, ушбу корхоналарда бандлиги таъминланган ижтимоий ҳимояталаб аҳоли вакилларининг турмушидаги ижобий ўзгаришлар, пахта теримчилари учун яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари тўғрисидаги видеорепортажлар ҳам намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар Вебинар жараёнида бўлиб ўтган мулоқот ниҳоятда фойдали ва самарали бўлгани ҳамда унинг янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада яхшилашга хизмат қилиши, шунингдек, вазирлик ва идоралар учун фуқаролар бандлиги ва муносиб меҳнатини таъминлаш борасидаги масалаларни ҳал этишда амалий кўмак бўлганини таъкидладилар.

Тадбир якунида онлайн семинар натижалари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!