11.03.2023. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Бўзатов туманида энг замонавий янги санаторий барпо этилиши ташаббуси илгари сурилиб, тегишли топшириқлар берилган эди. Мазкур топшириқлар ижросини белгиланган муддатда ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугун Бўзатов туманида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи энг замонавий 200 ўринли “Бўзатов” санаторийси қурилишига старт берилди.
Бўзатов ўзининг бетакрор табиати ва қалин ўрмонзорлари билан ном чиқарган гўзал масканлардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг шу юртга, унда истиқомат қилувчи инсонларга кўрсатаётган меҳри ва эътибори натижасида ушбу табиат инъомларидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Эндиликда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бу ерда барча қулайликларга эга, замонавий санаторий барпо этилади. Сўнгги 5-6 йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб бораётган туман марказига кираверишда, “Эркиндарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудида сиҳатгоҳ учун 7,2 гектар ер майдони ажратилди.
Ушбу саломатлик масканига тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этганлар давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш, инсонларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ишлар, кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижаларига тўхталдилар.
– Бугун Бўзатов тумани аҳолиси улкан қувончли воқеага гувоҳ бўлиб турибди, – деди Бўзатов тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Индира Палбекова. – Туманимизнинг табиати гўзал, ҳавоси тоза. Президентимиз ташаббуслари билан ана шундай шифобахш об-ҳавога эга бўлган жойда халқ учун улкан дам олиш маскани – янги санаторий қурилиши бошланди. Бундан Бўзатов аҳолиси жуда ҳам қувонди. Бўзатов ва унинг аҳолисига кўрсатаётган юксак эътибори учун муҳтарам Президентимизга Бўзатовликлар номидан чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
– Муҳтарам Президентимизга раҳмат, Бўзатовга, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратмоқдалар, – деди Раҳима Бекмуродова. – Бугун туман аҳолисининг қувончига қувонч қўшилди. Чунки, янги санаторий ишга туширилгач аҳолининг сифатли ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун катта имкониятлар яратилиши билан бирга, янги иш ўринлари ҳам ташкил этилиб, туман аҳолисининг бандлиги таъминланади.
Таъкидлаш зарурки, Оролбўйи ҳудуди аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу янги санаторийнинг жаҳон стандартларига мос равишда хизмат кўрсатиши, замонавий даволаш маскани бўлиши билан бирга аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан санаторийнинг замонавий ва қорақалпоқ маданиятига хос жиҳатларни ўзида мужассамлаштирган лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага мувофиқ бугун таъмал тоши қўйилган янги “Бўзатов” санаторийси”да минерал сувлар, табиий-иқлимий даволаш омиллари , табиий эфир мойлари ва шарко билан даволаш бўлимлари, тузли ғор, анъанавий физиотерапевтик муолажалар учун алоҳида бўлимлар барпо этилади. Шунингдек, замонавий сузиш ҳавзаси, турк ва фин сауналари, озонотерапия, лазеротерапия ва магнитотерапия хоналари, сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган замонавий лаборатория, дам олиш холлари қурилади. Яна бир муҳим жиҳат, санаторий ишга туширилгач 100 нафардан ортиқ бўзатовликларнинг бандлиги таъминланади.
Авваллари Оролбўйи ҳудуди аҳолиси ўз саломатлигини мустаҳкамлаш учун республикамизнинг бошқа ҳудудларига боришларига тўғри келар эди. Энди эса бундай имконият шу ернинг ўзида яратилмоқда. 6 қаватдан иборат бўлиши режалаштирилган “Бўзатов” санаторийсининг 2-қаватидан 6-қаватигача бўлган қисмида ётоқ хоналари жойлашади. Шунингдек, ўтов кўринишидаги коттеджлар, кутубхона, маданият маскани, тренажёр хоналари, ошхона бинолари, ходимлар учун бинолар барпо этилади. Санаторийдаги қурилиш, ободонлаштириш ва муҳандислик иншоотларини барпо этиш ишларига 124 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Қурилиш ишларини келгуси йилнинг 2-чорагида якунлаш режалаштирилган.
200 ўринга мўлжалланган санаторийда йилига 6000 нафар меҳнаткаш дам олдирилиб, соғломлаштирилади. Замонавий даволаш–ташхисот тиббиёт ускуналари, қулай мебеллар билан жихозланган санаторийда даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган холда амалга оширилади. Санаторий овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, урологик ва гинекологик, неврологик, эндокринологик, шу жумладан, қандли диабетга чалинган беморларни соғломлаштириш йўналишида иш олиб боради. Мазкур сиҳатгоҳнинг Оролбўйидаги иккинчи намунавий дам олиш маскани бўлиши кутилмоқда. Бундан олдин Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Мўйноқ туманида қурилиб фойдаланишга топширилган “Оқ кема” болалар дам олиш маскани мактаб ўқувчиларига йил давомидаги таътиллар вақтида хизмат кўрсатиб келмоқда.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари