[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.02.2018. Бугунги кунда республикамиз бўйлаб корхона, ташкилот ва муассасаларда амал қилаётган жамоа шартномаларининг 2017 йилда бажарилиши якунларига бағишланган конференциялар бўлиб ўтмоқда. Худди шундай меҳнат жамоаси Конференцияларидан бири Тошкент вилоятидаги «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятида бўлиб ўтди.

Меҳнат жамоаси Конференцияси ишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири М.Исаев, Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ҳақулов, Бекобод шаҳар ҳокими З.Файзуллаев, корхона меҳнаткашлари иштирок этдилар.

Конференцияда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси вакиллари ходимлар олдида жамоа шартномасида кўзда тутилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид банд ва бўлимлар ижроси юзасидан ҳисобот бердилар.

Қайд этиш лозимки, мамлакатимиз қора металлургия саноатининг етакчиси ҳисобланган мазкур корхонада 10 минг нафардан ортиқ ходимлар меҳнат қилади. Йиғилишда корхона бош директори А.Хурсанов ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раиси И.Қурбоновлар чиқишларида таъкидланганидек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан комбинатда бошқарув тизими такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича ягона ҳамда чуқур ўйланган техник сиёсатни амалга ошириш, замонавий энергия тежовчи технологиялар ва ускуналарни жорий этиш, шунингдек, хом ашё базасини кенгайтириш чоралари кўрилди.

Натижада 2017 йилда комбинатда товар маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 2016 йилга нисбатан 104,2 фоизни ташкил этди, 132,7 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Комбинат бўйича ўртача ойлик иш ҳақи 2016 йилга нисбатан 21,2 фоизга ўсди. Ушбу ютуқлар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий масалаларини мувафаққиятли ҳал этиш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш имконини берди.

Комбинат жамоа шартномасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига ҳам катта эътибор қаратилган. Хусусан, жамоа шартномаси орқали фарзандлари илк бор мактабга борадиган аёлларга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда бир дам олиш куни бериш, барча ишловчи аёлларга 3 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар бериш тизими йўлга қўйилган. Комбинатнинг мактабгача таълим муассасаларида меҳнаткашларнинг 2357 нафар фарзанди тарбияланмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, 2017 йилда ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш учун иш берувчи маблағлари ҳисобидан 83,2 млн. сўм, касаба уюшма қўмитаси томонидан 394,4 млн. сўм маблағ сарфланди. Уруш ва фронт орти фахрийларга 16,9 млн. сўмлик, афғон уруши қатнашчиларига 3,6 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ходимларга мамлакатимиздаги санаторийларда дам олиб саломатликларини мустаҳкамлашлари учун 251 та йўлланма ажратилди, шундан 28 та йўлланма бепул, 207 та йўлланма имтиёзли нархларда берилди. Комбинатга қарашли санаторий-профилакторийда 1765 нафар ходим, “Металлург” пансионатида 2403 нафар киши соғломлаштирилди. Ушбу мақсадлар учун сарф-ҳаражатларнинг асосий қисми комбинат томонидан қопланди. “Ёшлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳида эса меҳнаткашларнинг 2116 нафар ўғил-қизлари дам олдирилди.

Комбинат қошида 5 та спорт иншооти мавжуд бўлиб, уларда спортнинг 14 тури бўйича 2 мингдан ортиқ ходимлар, уларнинг оила аъзолари ва шаҳар аҳолиси спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. “Металлург” маданият саройида ташкил этилган 13 турдаги тўгаракда эса 280 нафардан зиёд касаба уюшма аъзолари бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқдалар. Айниқса, комбинат ходимлари ва шаҳар аҳолиси ўртасида “Булбулча” болалар гуруҳи, “Шодиёна” рақс дастаси, “Любава” рус ва славян қўшиқлари ансамбли ва мақомчилар тўгараклари катта қизиқиш уйғотмоқда.

Конференцияда Жамоа шартномаси бажарилишини текшириб борувчи комиссия раиси С.Шерматов делегатларни жамоа шартномасининг 2017 йилда бажарилиши юзасидан текширув далолатномаси билан таништирди. Жамоа шартномасининг бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида эса комбинат ходимларидан Г.Мўминов, Д.Илкузиев, Ф.Кенжаева, Ш.Тефикова, С.Бердиқулов, Э.Велиуллаевалар жамоа шартномасига ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид қўшимчалар киритиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Конференция иштирокчилари жамоа шартномаси мажбуриятларини бажариш борасида маъмурият ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишларни қониқарли деб баҳоладилар ҳамда жамоа шартномасига 2018 учун киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларни бир овоздан маъқулладилар.