[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.02.2017. Кўпчилик, айниқса, ёши катталар яхши билишади: бундан йигирма-йигирма беш йиллар аввал, 11 йиллик умумтаълим мактабларини тамомлаган ёшлар олдида икки йўл турарди: олий ўқув юртига ўқишга кириш ёки… бирор касбни эгаллаш ҳақида бош қотириш.  Янаям очиқроқ ва тўғрироғи эса олий ўқув юртларига, борингки, ўнтадан биттаси кирарди, қолганлари эса кўчада қоларди. Ўша даврнинг бармоқ билан санарли «техникум»ларида касб-ҳунарга ўргатиш йўлига, ҳаминқадар бўлиб, тизим ҳам номигагина ишларди.   Минглаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилиб, 12 йиллик бепул, мажбурий таълимни якунлаган ёшлар билим олиш баробарида, ҳунар ҳам эгаллаётгани мамлакатимизда олиб борилган оқилона  сиёсатнинг ёрқин далолатидир. Ёшларнинг ўз ихтисослиги бўйича меҳнат қилиш имкони яратилгани билан бир қаторда саноат, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча соҳада тизимли ривожланишга туртки берилди.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: давлат томонидан яратиб қўйилган беқиёс имконият ва шароитлардан ҳамма вақт, барча жойларда ҳам унумли фойдаланилаяптими? Таълим масканларида, жумладан, касб-ҳунар коллежларида таълим сифати қандай? Давомат-чи? Мухбирларимиз томонидан олиб борилган журналистик суриштирувлардан кўзланган асосий муддао айнан шу каби саволларга жавоб излаш эди. ­Дарҳақиқат, ушбу жараёнда имкон қадар олис туманлар, қишлоқ жойлардаги таълим муассасалари билан яқиндан танишилди. Бир қадар кўздан пана, мутасаддилар ҳам унча-мунчага боравермайдиган ҳудудлардаги вазиятни ўрганиш ҳақиқий аҳволни билишнинг энг холис йўли, деб билдик.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари изчил равишда мулоқотлар уюштираётгани, жойлардаги ижтимоий масалалар билан яқиндан танишаётганликлари боис коллежларимизда тартиб-интизом, таълим сифати ва бош­қа масалаларга ижобий таъсир этаётганини таъкидлашимиз жоиз. Бироқ давомат, таълим-тарбия сифати, ўқув масканидаги шароитлар борасида ҳали муаммо ва нуқсонлар кам эмаслиги… ачинарлидир.

Бордан йўғи кўпроқ

Сир эмаски, ўқувчилар дарс ва амалий машғулотларга ўз вақтида, мунтазам иштирок этсагина, фанларни, касб сирларини чуқур ўзлаштиради. Акси бўлса-чи?

Очиғи, Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежидаги вазият бизни таажжубга солди. Ушбу коллежда айни пайтда 1053 нафар ўқувчи иккига бўлиниб, икки навбатда таҳсил олар экан. Жорий йил 9 феврал ҳолатига кўра, тушгача ўқишга келиши лозим бўлган 660 нафар ўқувчидан 335 нафаригина дарсда иштирок этаётганини қандай тушуниш мумкин? Тушдан кейинги давомат янада ачинарли: 392 нафар ўқувчидан 230 нафари дарсда эмас! Коллеж маъмуриятининг маълумотига кўра, уларнинг 25 нафари умуман келмайди.

Бу каби ҳолат Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида ҳам кузатилди. Жорий йил 4 феврал ҳолатига кўра, 181 нафар ўқувчидан 99 нафари дарсга келмаган.

Қўшробод иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида 8 феврал куни соат 9:00 да 480 нафар ўқувчидан 50 фоизи келган, соат 10:00 да бу кўрсаткич 55 фоиз, соат 11:00 да эса 62 фоизга етган. Бу каби ҳолатга 15 феврал куни Янгийўл қурилиш ва миллий ҳунарманд­чилик касб-ҳунар коллежида (371 нафар ўқувчидан 146 нафари дарсга келмаган) ҳам гувоҳ бўлдик. Мисол учун, ушбу коллежнинг 3-курс кадастр йўналишидаги гуруҳида ўқувчилар 36 нафар бўлиши лозим бўлгани ҳолда, 17 ўқувчи дарсда ҳозир бўлди. Давоматдаги муаммоли ҳолатлар Хўжайли енгил саноат, Мирзаобод хизмат кўрсатиш, Избоскан хизмат кўрсатиш ва сервис, Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш, Қўшкўпир қурилиш ва транспорт, Шовот енгил саноат, Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш ҳамда Пахтакор хизмат кўрсатиш каби коллежлар учун ҳам янгилик эмас экан. Яна бир ачинарли ҳолат, коллежларга кўплаб ўқувчиларнинг кечикиб келаётганлигидир.

Таҳлил чоғида айрим сабаблар ойдинлашди. Хўш, булар нималардан иборат?

 

Таълим сифати талаб даражасидами?

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, давоматнинг энг асосий томири коллежлардаги таълим-тарбия сифати билан боғлиқдир. Агар ўқувчи етарли ва керакли билим олмаса, унинг коллежга уч йил қатнашидан нима наф? Шу ўринда Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида вилоят мухбиримиз учта гуруҳ (битта 2 курс, иккита 1-курс) жамланиб, бир хонада инглиз тили дарси ўтилаётганига гувоҳ бўлган. Ваҳоланки, курслар ҳар хил, ўтиладиган мавзу ҳам қоғозда турлича. Аммо дарс бир вақтнинг ўзида ўтилмоқда. Буни изоҳлашга ҳожат ҳам йўқ.

Дарҳақиқат, кўплаб коллежларимизда кадрлар, яъни педагог ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш усталарининг етишмаслиги ёки билим даражаси пастлиги бор гап. Ўқитувчиларда ташаббускорлик сезилмайди, боз устига улар ўз устида мунтазам ишламайди. Ўзларининг ҳаминқадар билими ва тажрибаси билан ўқувчиларни чалғитишга, дарс мавзусига умуман дахлдор бўлмаган гаплар билан вақтни ўтказишга уриниш ҳоллари ҳам кўп кузатилади. Гоҳида ҳамкасбини ўз гуруҳини қўшиб дарс ўтиб туришга кўндириб, шахсий ишларини бемалол бажариб юрганлар ҳам учраб туради.

Таълим сифати пастлигини дарс ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга хизмат қилувчи ўқув қуроллари, техника ва технологиялар етишмаслигида ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, Шовот енгил саноат касб-ҳунар коллежида тикувчилик йўналишида таҳсил оладиган 289 нафар ўқувчи учун 12 та тикув машинаси, Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида 3 тагина тикув машинаси (у ҳам бўлса маънан эскирган) мавжуд.

— Қизим ушбу коллежда тикувчилик бўйича 2-босқичда ўқиса-да, ҳали малака ҳосил қилгани йўқ, — дейди ўша ерлик мактаб ўқитувчиси Умида Йўлдошева. — Буни қарангки, қўшнимизнинг қизи 2 ойлик тикувчилик курсига қатнаб, яхшигина чевар бўлиб қолибди.

Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидаги таълим сифати ҳақида вилоятдаги мухбиримиз шундай дейди: «Ўқитувчилар дарсга ҳамиша ҳам пухта тайёргарлик кўриб келишмайди. Дарс жараёнида кўргазмали қуроллар, инновацион педагогик технологиялардан умуман фойдаланилмаяпти».

Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида 2016 — 2017 ўқув йилида иккита йўналиш: «Ошпазлик» ҳамда «Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» йўналишлари очилган бўлса-да, бунинг учун устахоналар мавжуд эмас. Избоскан хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида эса «Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш» йўналиши учун ажратилган устахоналар бўм-бўш, бирон-бир жиҳоз йўқ. Хўжайли туман енгил саноат касб-ҳунар коллежидаги ҳолат ҳам мақтагулик эмас. Ихтисослик бўйича қишлоқ хўжалиги техникалари намуналари йўқ, машиналар эҳтиёт қисмлари билан жиҳозланган махсус хоналар мавжуд эмас.

Андижон туман саноат-энергетика касб-ҳунар коллежида амалий машғулотлар ўтказиш учун шарт-шароитлар ҳаминқадар. Масалан, «Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича техник-механик» ҳамда «Темир йўл электротехника тизимларидан техник фойдаланиш» йўналишлари бўйича устахоналарда бирорта ҳам жиҳоз йўқ. Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 2014 — 2015 ўқув йилида янги очилган «Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш» йўналиши учун амалиёт жиҳозлари умуман мавжуд эмас, хона жиҳозланмаган.

Ёшлар назарий асосларни ўрганиш­япти, амалиётда эса танлаган соҳадаги юмушга дадил қўл ура олишмаяпти. Махсус устахоналар ва жиҳозларнинг етишмаслиги суриштирув олиб борилган коллежларнинг аксариятига тегишли эканлигига нима дейсиз? Маълумки, ҳунар ўрганишни амалиётсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Олайлик, автомобил ҳайдаб малака ҳосил қилмаган ўқувчи қандай қилиб назарий билим билангина ҳайдовчилик қилиши мумкин? Хулоса шуки, бу масалага мутасаддилар томонидан жиддий ёндашилиши лозим, деб ўйлаймиз.

 

Манзил олис…

Вилоятларда қишлоқлар тарқоқ ва бир-биридан анча олисда жойлашгани боис ўқувчиларнинг коллежларга қатнаши борасидаги муаммоларга ҳам кўз юмиб бўлмайди.  Жумладан, Қўшробод иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиларидан бир гуруҳи тоғли «Шамолли» қишлоғида яшайди. Улар коллежга келиш учун Зарбанд қишлоғи орқали 52 километр йўл босиб қўйиши керак. Яна бир гуруҳ ўқувчи эса Тувадоқ, Тозғара ҳамда Эжгант қишлоқларидан аввалига 6-8 км. пиёда, сўнгра 14 км.ни автотранспортда босиб ўтишига тўғри келади. Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежига ҳам 30-35 км.дан қатнайдиган ўқувчиларнинг аксарияти йўналиш бўйича автобус ҳам, такси ҳам йўқлигидан нолишади. Коллежга элтадиган йўллар, асосан, қир-адирликдан иборат бўлгани боис, айниқса, қиш кунлари қатнов анчайин қийинлашади.

Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалидаги давоматнинг пастлиги ҳам қиш кунлари узоқдан қатнайдиган ўқувчилар туфайли экани аниқланди. Афсуски, бу каби — ўнлаб километр йўл босишни талаб этувчи ҳудудни қамраб олган коллежлар олис ҳудудларимизда керагича топилади.

— Қизим Қўшработ иқтисодиёт ва сервис коллежига бориб келиши учун кунига 5-6 минг сўм сарфлайди, — дейди тумандаги «Қоратош» маҳалласида яшовчи Эсиргап Эгамов. — Ётоқхонага қўяй десам, у ердаги шароитлар қониқарли эмас.

Айрим жойларда йўлларнинг сифатсизлиги ҳам аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.

— «Дилором» маҳалласидан то коллежимиз олдидаги кўприккача йўл ёзда чанг, қишда эса балчиқ ҳолатда, — дейди Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шодиёр Турсунқулов. — Ҳайронмиз, туман мутасаддилари бунга қачонгача томошабин бўлиб туришаркин?

Ҳа, бу борада тизимли чоралар кўриш зарур. Масалан, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига Маликрабод ҳудудидан қатнайдиган ўқувчилар учун автобус қатнови мавжуд. Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига қатнайдиган ўқувчилар учун еттита маҳалла йўналиши бўйича, йўл ҳақи арзонлаштирилган ҳолда «Исузу» автобуси қатнайди. Бундай ечимлар  ҳудудлардаги мутасаддиларни ўйлантириши зарур, албатта.

 

Диплом бор-у иш йўқ

Касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда айнан эгаллаган мутахассислиги бўйича иш топиш имконияти ҳам ўрганилди. Нафсиламбрини айтганда, бу масаланинг ҳам оғриқли эканлиги яққол кўриниб турибди. Битирувчиларни ишга жойлаштириш борасида кўплаб хайрли ишлар қилинаётган бўлса-да, айрим жойларда бу ишга хўжакўрсин қабилида ёндашилаётгани кўзга ташланмоқда. Жумладан, Оқдарё политехника коллежида битирувчиларнинг иш билан таъминланиш даражаси 20 фоизни ташкил этади. Ҳудудда мазкур йўналишда меҳнат қилиш имкониятини берувчи корхонанинг ўзи йўқ.

— «Дилором» МФЙга бордим, бирон ташкилот билан шартнома тузиш имкони бўлмади, — дейди мазкур коллежнинг «Бухгалтерия» йўналиши 3-босқич ўқувчиси Гулбаҳор Муродова. — Акам ҳам шу коллежни битирган, аммо кўп йиллардан буён ишсиз.

Коллеж директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Қаҳрамон Сулаймоновнинг маълумот беришича, тумандаги «Ягона дарча», Агробанк, Халқ банки, Миллий банк, газ ва электр тармоқлари сингари кўплаб идоралар раҳбарлари тўрт томонлама шартномалар тузишда турли баҳоналарни рўкач қилиб келишаётир. Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ветеринария, тикув ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ҳамда фермер хўжаликлари каби йўналишларда ўқитилса-да, аммо ҳудудда ушбу йўналишларнинг аксарияти учун иш ўринлари мавжуд эмас. Тузилган тўрт томонлама шартномалар ҳам қоғозда қолиб кетаяпти.

Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалини ҳар йили 50-60 нафар ўқувчи тамомлайди, битирувчиларнинг ихтисослик бўйича ишга жойлашиш имкони эса  йўқ.

Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида собиқ ўқувчиларнинг иш билан таъминланмагани ўқувчиларда иккиланишни юзага келтираётгани ҳам шундан эмасмикан?

Ўз-ўзидан савол туғилади: ҳудудларда коллежларнинг ихтисослашуви йўналишлар бўйича режалаштирилаётганда ўша ерда мазкур касбларга бўлган эҳтиёж қай даражада ўрганилаяпти? Талаб бўлмаган касб-ҳунарни ўрганган битирувчи додини кимга айтсин?

Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида бевосита бандлик масаласига тааллуқли бир мисолни келтириб ўтсак. Ўтган ўқув йили якунида 30 нафар битирувчи ўз бизнес ғоясини ўртага ташлаб, тижорат банкларига имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилган. Сансалорлик, бепарволик, ортиқча қоғозбозлик натижасида фақат бир нафар битирувчи 6,5 млн. сўм кредит олиб ўз бизнесини йўлга қўя олган, холос. Икки нафар битирувчи яқинларининг кўмагида якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлаган. Қолганлар-чи?

Бизнингча, бу борада бандлик ҳамда жойларда иш ўринларига бўлган талаб масаласида жиддий мониторинг олиб борилмаяпти.

Ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, истиқболли соҳаларни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Кўплаб саноат корхоналари, агрофирмалар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу эса кўплаб янги иш ўринларининг яратилишига замин ҳозирлаяпти. Касб-ҳунар коллежларимизга йўналишлар янгиликлардан келиб чиққан ҳолда  белгилаб берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Айрим коллежларда белгиланган квота ўрнидан кўпроқ, бошқаларида эса, аксинча камроқ ўқувчи таълим олаётган ҳолатлар ҳам кузатилди. Масалан, Чуст қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида жорий йилда белгиланган 420 квота ўрнига 476 нафар ўқувчи 1-босқичда ўқишни бошлашган. Андижон туман саноат-энергетика касб-ҳунар коллежи 720 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда 1068 нафар ўқувчи қатнамоқда.

Қўшработ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида мўлжалдаги 615 нафар ўрнига 480 нафар ёки 450 нафарга мўлжаллаб қурилган Галаосиё иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 407 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу ҳолат ҳам жиддий ўйлаб кўриладиган масала. Чунки, зўрма-зўракилик, масалан, 30 та ўрнига 50 ўқувчини мажбурлаб ўқитиш таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади, битирувчиларни иш билан таъминлашда ҳам ортиқча муаммоларга сабаб бўлади.

 

«Сарой» печлари ёхуд совуққотганида калла ишлайдими?

Коллежлардаги шароитлар, хусусан, қиш-қировли кунларда улардаги иситишнинг аҳволи ҳам назоратдан четда қолмади. Чунки бу ҳолатлар ҳам бевосита давоматга салбий таъсир кўрсатаётир. Яъни, қиш кунлари ота-оналар фарзандининг касал бўлиб қолишидан чўчиб, коллежга юбормасликни маъқул кўришмоқда.

Мисоллар келтирамиз. Шовот енгил саноат касб-ҳунар коллежида хоналар совуқ, чунки электр деярли бўлмагани сабабли бинони иситишнинг иложи йўқ. Ўқитувчи ва ўқувчилар қалин кийимларда юришга мажбур. Бу эса шамоллаш, грипп каби касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлиб, давоматга ҳам салбий таъсир кўрсатаётир. Дарвоқе, мавжуд компютерлар, тикув дастгоҳлари электр йўқлиги учун ўқсиз қуролдай бекор турибди.

Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида ҳам иситишнинг ҳолига, таъбир жоиз бўлса, маймунлар аза очган. Икки-учта хона қўлбола печ ёрдамида кўмир билан иситилади, холос.

Янгийўл қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида иситиш тизими умуман ишламайди. Бу каби муаммолар Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш, Қўшкўпир қурилиш ва транспорт, Жарқўрғон қишлоқ хўжалик, Хўжайли енгил саноат, Қўшработ иқтисодиёт ва сервис, Галаосиё иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида ҳам мана мен деб бўй чўзиб турибди.

Айрим коллежлар ёнидаги ётоқхоналар билан танишилганда ҳам қатор камчиликлар кўзга ташланди. Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидаги эллик ўринли ётоқхонада 16 нафар ўқувчи туради. Аммо бир қаватли мазкур бинога сув ташқаридан ташиб келтирилади, ювиниш хоналари бор-у, сувнинг ўзи йўқ. Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 200 ўринга мўлжалланган ётоқхонасига 110 нафар бола жойлашган. Ётоқхонада канализация тизими, иссиқ ва совуқ сув умуман йўқ. Ва ҳоказо!

 

Китобларни ким ўқийди?

Яна бир гап. Коллежларимиз касб-ҳунар ўргатадиган даргоҳгина эмас, балки маънавият маскани ҳамдир. Бу ерда ўқувчилар таълим олиш баробарида ўз маънавий оламини, дунёқарашини ҳам бойитиб боради. Бу ўринда Ахборот-ресурс марказлари алоҳида аҳамиятга эга. Агар АРМларда китоб­лар етарли бўлса, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилса, ўқитувчи ва ўқувчилар савиясига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Хўш, бу борада вазият қандай?

Ўрганилган коллежларимизнинг аксариятида АРМ фаолияти нисбатан қониқарли. Вилоят бўйича мухбиримизнинг қайд этишича, Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи кутубхонаси компютерлар билан жиҳозланган, интернетга уланган, китоб фонди яхши.

Аммо айрим коллежларимиздаги АРМлар фаолияти ўқувчилар норозилигига сабаб бўлаётир. Жумладан, Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сарвиноз Раҳмонбердиева шундай дейди:

— Кутубхона фаолияти бизни қониқтирмаяпти. Бизга фақат дарсликлар берилади, бадиий китобларни эса, негадир, қизғонишади. Устига устак, кутубхона аксарият ҳолларда берк бўлади.

Қизиқ, китоблар ўқувчиларнинг фойдаланиши учун эмасми? Аслида, коллежлардаги АРМлар имкониятидан нафақат коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, балки ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин-ку! Шу боис АРМларнинг ёпиқ туриши ачинарли ҳол. Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежидаги АРМнинг мавжуд дарсликлар билан таъминланиш даражаси қониқарли, аммо бадиий адабиётлар, хусусан, янги алифбодаги китоблар кам. Умумий бадиий адабиёт 986 нусхада. АРМдан коллеж ўқувчиларидан ташқари ҳудуднинг 2000 га яқин аҳолиси ҳам фойдаланиши мўлжалланган. Демак, бадиий адабиётга эҳтиёж қондирилиши учун изланиш талаб этилади.

 

ҚЎрққан — олдин мушт кўтарар

Шу ўринда қизиқ бир вазиятга тўхталсак. 14 феврал куни ҳудудлардаги коллежлар билан танишув жараёнида мухбирларимизни коллежларга киритмаслик, уларга қўпол муомалада бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Жумладан, Навоий вилояти бўйича мухбиримиз Дилафрўз Ўрозовага вилоятдаги «Истиқлол» саноат касб-ҳунар коллежи фаолияти билан танишишга имкон берилмай, ишлаб чиқариш таълими устаси Комил Умаров: «Сизга рухсат йўқ, тезроқ чиқиб кетинг», тарзида унга қўпол муносабатда бўлган.

Жиззах вилояти бўйича мухбиримиз Абдуманноп Азимовнинг Жиззах тумани «Иттифоқ» ижтимоий-иқтисодиёт ва банк коллежи фаолияти билан танишишига коллеж директори ўринбосари Жўмард Акбўтаев қатъий равишда қаршилик қилган.

«Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида: «Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонун ҳужжатлари билан, шунингдек ҳужжатлар, қарорлар ва бош­қа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб беришга мажбурдир», дея мустаҳкамлаб қўйилганидан коллеж мутасаддилари бехабар шекилли? Назаримизда, ушбу коллежларда муаммо ва камчиликлар етарли ва бу ҳолат маъмурият томонидан зўр бериб хаспўшлашга уринилмоқда. Буни бошқача изоҳлаб бўлмайди.

Фарзанд, Ўқувчи, фуқаро…

Фарзанд ота-онанинг бебаҳо бойлиги, унинг келажаги, тарбияси, ҳаётда ўрнини топишида ота-она камарбас­та, дуогўй ва энг биринчи масъул ҳам.

Ўша фарзанд таълим масканининг ўқувчиси, унинг таълим олиши, жамият учун керакли инсон бўлиб вояга етишида маърифат ўчоғининг жавобгарлиги, роли, аҳамияти беқиёс.

Ўша фарзанд ва ўқувчи фуқаро ҳамдир. Унинг жамиятдаги иштироки қай йўсинда шаклланяпти, эртанги куни қандай бўлиши мумкин, деган саволга жамият ва давлат, ёинки давлат ва жамоат ташкилотлари масъул. Демак, ҳар бир боланинг истиқболида ҳамманинг ўз ўрни, масъулияти бор.

Давоматнинг тагзаминида, энг аввало, бепарволик ётибди. Акс ҳолда, исм-фамилияси коллеж рўйхатида бор толиби илмларнинг қай бир юртларда юрганини қандай тушуниш мумкин? Улар ўзи аслида нима билан бандлар? Бунга аниқ-тиниқ жавоб ҳам йўқ.

Шу ўринда қуйидаги фактларга эътибор қаратсак: 2017 йил 14-15 феврал кунлари мухбирларимиз томонидан ўрганилган коллежларда 10600 нафардан ортиқ ўқувчидан 2300 нафардан зиёди дарсларга қатнашмаганлиги аниқланди. Улар орасида Россия Федерацияси ва Қозоғистонда юрганлар ҳам бор.

Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи маъмурияти маълумотларига кўра, мунтазам келмайдиган 25 нафар ўқувчининг бири Россияда, етти нафари Тошкент шаҳрида. Когон қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, Андижон туман саноат-энергетика, Галаосиё иқтисодиёт, Хонқа педагогика ва спорт, Чироқчи туман қурилиш касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида ҳам Россия ва Қозоғистонда юрганлар мавжуд…

Ўйлаб кўринг, оила аъзолари моддий етишмовчиликни баҳона қилиб, фарзандимни ишлашга юборганман, деб турса, коллеж масъулиятни ота-онага юкласа, маҳалла кўра била туриб, кўрмасликка олса…

Хулоса Ўрнида…

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, касаба уюшма ташкилотлари, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати олис ҳудудлардаги хонадонларда бўлиб, мулоқотлар олиб бориш асносида ижтимоий объектлар, чунончи, касб-ҳунар коллежлари фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар. Аниқланган камчиликларни ҳал этиш борасида тизимли чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ҳақиқат шуки, таълим олаётган ўқувчилар барчамизнинг фарзандларимиз, улар тақдирига, келажагига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.

 

Маълумот ўрнида

 

Жорий йил феврал ойининг биринчи 15 кунлигида Қуйидаги касб-Ҳунар коллежлари фаолияти билан яҚиндан танишилди:

3–4 феврал кунлари Пахтакор хизмат кўрсатиш, Шовот енгил саноат, Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш, Қўшкўпир қурилиш ва транспорт, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари ҳамда Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиали.

8–9 феврал кунлари Хўжайли енгил саноат, Қўшработ иқтисодиёт ва сервис, Мирзаобод хизмат кўрсатиш,  Когон қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, Жарқўрғон қишлоқ хўжалик, Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш, Избоскан хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежлари.

14–15 феврал кунлари Андижон туман саноат-энергетика, Оқдарё политехника, Оқолтин гидромелиорация ва хизмат кўрсатиш, Галаосиё иқтисодиёт, Шуртанбой қишлоқ хўжалик, Хонқа педагогика ва спорт, Шўрчи хизмат кўрсатиш ҳамда 2-Шўрчи хизмат кўрсатиш, Жиззах тумани «Иттифоқ» ижтимоий-иқтисодиёт ва банк, Навбаҳор «Истиқлол» саноат, Чироқчи туман қурилиш, Янгийўл қурилиш ва миллий ҳунармандчилик, Тошкент қурилиш-коммунал ҳамда Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари.

Мазкур коллежларнинг деярли барчасида давомат, шароит,­ электр  энергия ва газ, таълим сифати, тартиб-интизом ҳамда оила – коллеж – маҳалла ҳамкорлиги борасида у ёки бу даражада жиддий муаммолар борлиги аниқланди.