Фаолият қониқарли
11.05.2023. Шаҳрисабздаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий академик лицейида 237 нафар ўқувчи таҳсил олади ва 57 нафар ходим ишлайди. Таълим масканида 2020-2023 йилларга мўлжаллаб тузилган жамоа шартномасининг 2022 йилдаги бажарилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда лицей директори Ҳуснитдин Абдиқодиров амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берар экан, жамоа шартномасидаги имтиёзлардан муассасанинг барча ходимлари, уларнинг оила аъзолари, нафақадагилар, шунингдек, ўриндошлик асосида ишлаётганлар ҳам фойдаланганини айтиб ўтди. Масалан, педагоглар ва ходимлар учун Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларига саёҳатлар ташкил этилди.
Илғор педагогларга махсус комиссия хулосаси асосида ҳар ойда устама ва қўшимча тўловлар тўланди. Ходимлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари касаба уюшмаси билан ҳамкорликда тўлаб берилмоқда.
Тадбирда лицей касаба уюшма қўмитаси раиси Нозимбек Одиловнинг ҳисоботи тингланди. У муассасада қулай меҳнат шароитлари яратиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини
соғломлаштириш, байрамлар арафасида фаол педагогларни совғалар билан рағбатлантириш, жисмоний тарбия ва спорт ишлари ҳақида тўхталди.
Қизиқарли музокаралардан сўнг иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси фаолияти қониқарли, деб топилди. Тадбир қатнашчилари 2023-2025 йиллар учун тузиладиган янги жамоа шартномаси лойиҳаси билан ҳам таништирилди. Мазкур лойиҳа ўрганиш ва зарурат бўлса, ўзгартиришлар киритиш учун муҳокамага қўйилди.
Акмал Абдиев