28.07.2023. “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги Убайдулло Хўжаниёзов саҳифасида “Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида ота-оналар фарзандларини “Чорчинор” ва “Сафедий” болалар дам олиш оромгоҳларига 485 минг сўм тўлаб жойлаштирмоқдалар! Нега?” дея танқидий руҳда жойлаштирган пости бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
Республикамизда фаолият кўрсатувчи болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмалар нархи оромгоҳларни сақлаш, мавсумга тайёрлаш ва мавсум давомида фаолият кўрсатиши учун сарфланадиган ҳаражатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Жорий йилги мавсумда Самарқанд вилоятидаги “Чорчинор” ва “Сафедий” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмалари нархи 1 млн. 300 минг сўмни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги ПҚ-427-сонли қарорининг тегишли бандларига мувофиқ касаба уюшмалари аъзоларининг фарзандларини оромгоҳларда дам олдириш учун ажратилаётган йўлланма нархининг:
– 50 фоизи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан;
– 165000 сўми ижтимоий солиқ тушумидан ажратма ҳисобидан қоплаб берилади.
Йўлланма умумий нархининг қолган қисми ота-оналар томонидан тўланади. Шунингдек, бу қолган маблағ молиявий имкониятидан келиб чиққан ҳолда ота-она ишловчи корхона ва мазкур корхона касаба уюшма қўмитаси томонидан қоплаб берилиши мумкин. Яъни, корхона бошланғич касаба уюшма қўмитаси йиғилиши қарори билан йўлланма нархининг бир қисмини қоплаб бериш белгиланган бўлса ёки иш берувчи билан бошланғич касаба уюшма қўмитаси ўртасида тузилган Жамоа шартномасида оромгоҳ йўлланма нархини қисман тўлаб бериш белгиланган бўлса ота-она тўлайдиган бадал янада камайиши мумкин.
Бироқ, ушбу сарф-ҳаражатлар учун бошланғич касаба уюшма қўмитасининг маблағи етарли бўлмаса ва тегишли ҳужжатларда оромгоҳ йўлланмаси нархининг бир қисмини тўлаб бериш кўзда тутилмаган бўлса, йўлланманинг юқорида кўрсатилган 2 турдаги компенсация тўловидан қолган қисми ота-оналар томонидан тўланади.
Самарқанд вилоятидаги “Чорчинор” ва “Сафедий” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмалари нархи 1 млн. 300 минг сўм бўлгани ҳолда, мазкур йўлланма нархининг 50 фоизи, яъни 650 минг сўми Департамент томонидан, 165 минг сўми ижтимоий солиқ тушуми ажратмаси ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Йўлланма умумий қийматининг қолган 485 минг сўми ота-оналар томонидан, молиявий имконияти етарли корхоналарда эса ота-оналар билан бир қаторда иш берувчи ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.
Убайдулло Хўжаниёзов томонидан Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева тўғрисидаги танқидлари бўйича шуни маълум қиламизки, ушбу танқидларни ўрганиш ва улар ўз исботини топса тегишли чораларни амалга ошириш мақсадида Ишчи гуруҳи тузилиб, атрофлича ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида Убайдулла Хўжаниёзов томонидан Феруза Қиличева тўғрисида билдирилган фикр ва мулоҳазаларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан “Чорчинор” ва “Сафедий” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбарлари, бош тарбиячи, тарбиячи-мураббийлар, мазкур оромгоҳларда фаолият олиб бораётган Ички ишлар, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари билан суҳбатлашилди.
Суҳбатлар жараёнида Ф.Қиличева тўғрисида танқидий постда келтирилган фикр-мулоҳазалар тасдиғини топмади. (Суҳбат ўтказилган масъуллар ўз фикрларини ёзма равишда ҳам тақдим этганлар).
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати