Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Фейсбук ижтимоий тармоғига жойлаштирилган мурожаат ўрганиб чиқилди

30.01.2020. Фейсбук ижтимоий тармоғига жойлаштирилган мурожаат Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагилар аниқланди:

Ли Людмила Климовна Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси Гинекология бўлимида акушер-гинеколог врач бўлиб ишлаб келган. 2018 йилнинг 23 март куни Гинекология бўлимига бемор аёл “Б.М” қорин бўшлиғида қаттиқ оғриқ ва қон кетиши ҳолати билан мурожжат қилган.

Людмила Ли бошчилигидаги навбатчи оператив бригада томонидан беморга нисбатан кичик оператив гинекологик жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Амалиёт натижасида беморнинг тана аъзосидан ёт жисм олиб ташланган ва унга барча тиббий муолажалар кўрсатилган.

Кейинчалик ушбу аёл тана аъзосидан ёт жисмни олиб ташлаш жараёни ва “хомиладорликдан сақланишнинг янги усули” деган сўзлар акс этган видео интернет тармоқларида пайдо бўлган ва тарқалиб кетган.

Ушбу ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 206-моддаси (Ҳокимият ва мансаб ваколати доирсидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Термиз шаҳар прокуратурасининг.2018 йил 19 июл, №224012/2018-30-сонли Хизмат текшируви ўтказиш тўғрисидаги  хати, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 17 июлдаги 11-02/270-сонли кўрсатма хати ва Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 2018 йил 19 июлдаги 803-сонли буйруғи асосида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Тошкент тиббиёт Академияси акушерлик ва гинекология кафедраси доценти Л. Абдуллаева ва мутассади ходимлар иштирокида хизмат текшируви  ўтказилган ҳамда ҳолат тўлалигича муҳокама қилинган.

Мазкур муҳокама жараёнида бемор аёл “Б.М”га нисбатан  амалга оширилган жарроҳлик амалиётида қатнашган барча тиббиёт ходимларидан ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган. Шу жумладан, Людмила Ли ҳақиқатан ҳам ушбу жарроҳлик амалиётини ўтказганлигини, жарроҳлик амалиётига ўзи масъул бўлганини, жарроҳлик амалиёти жараёнида бегона шахслар бўлмаганлигини, шунингдек, видеотасвир ким томонидан суратга олинганлиги ва тарқатилганлигидан хабари йўқлигини маълум қилган. Йиғилишнинг 20-сонли баённомаси қарорида кўрсатилишича, жарроҳлик амалиёти жараёнида Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси Гинекология бўлими ходимлари томонидан содир этилган ҳатти-ҳаракат муассаса “Ички меҳнат тартиб қоидалари”нинг 2.38-банди талабларини бир марта қўпол равишда бузиш, яъни, ходим томонидан иш вақтида ғайриаҳлоқий ҳатти-ҳаракат содир этиш ва тиббиёт сирини ошкор қилиш деб баҳоланиб, жарроҳлик амалиёти учун масъул врач Людмила Ли, гинеколог-врач А.Зияев, анестезиолог-реаниматолог А.Хўжақуловлар билан меҳнат шартномасини  бекор қилиш ҳамда навбатчи ҳамширалар Ш.Мансурова ва М.Мадумароваларга  ўртача иш ҳақининг 30% миқдорида жарима қўллаш тавсия  қилинган.

2018 йилнинг 19 июл куни Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси томонидан Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг Людмила Ли билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми,          4-бандига мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги (2018 йил        18 июлдаги 01-15/851-сонли) хати муҳокама қилиниб, унга жавобан, Л.Ли билан меҳнат шартномасини юқорида кўрсатилган асосларда бекор қилиш тўғрисида №11-сонли розилик хати берилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми           4-бандига мувофиқ  Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 19 июлдаги №976ш-сонли буйруғига асосан Людмила Ли билан меҳнат шартномаси  билан бекор қилинган.

Шунингдек, мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, иш берувчининг касаба уюшма қўмитасига ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида тақдим этган тақдимномаси муҳокамасига Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси томонидан Л.Ли таклиф қилинмаган ва тақдимнома юзасидан хулоса унинг иштирокисиз қабул қилинган. Бу билан Меҳнат Кодексининг 101-моддаси ва “Касаба уюшмаси органида иш берувчининг тақдимномасини кўриб чиқиш Тартиби” талаблари бузилган.

Буни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Л.Ли манфаатларини кўзлаб ҳамда уни иш жойига қайта тикланиши мақсадга мувофиқлигини билдириб 2018 йилнинг       2 ноябрида Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судига                          ГТ-04/429-сонли, 2019 йилнинг 23 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига ФХ-04/475-сонли илтимосномалар  киритилган. Суд ўз ваколатларидан фойдаланиб, даъво аризаларини кўриб чиқишда ушбу илтимосномаларни инобатга олмаган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Л.Ли ноқонуний ишдан бўшатилганлиги ва уни ишга тиклашни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво аризаси киритган, 2018 йилнинг 26 сентябрида Л.Лининг даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилган ва қаноатлантириш рад этилган. Шунингдек, Л.Лининг ноқонуний ишдан бўшатилганлиги ва ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризалари 2019 йил февралида аппеляция тартибида Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди томонидан, 2019 йил декабрида назорат тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига томонидан кўриб чиқилган ҳамда Л.Лининг даъвоси қаноатлантирилиши рад этилган.