Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

ФИДОКОРОНА МЕҲНАТНИНГ МУНОСИБ РАҒБАТИ

Бугунги кунда Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси маслаҳатчиси лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Эсонбой Ражабов 2021 йилнинг 4 май куни табаррук 80 ёшни қарши олди.

Кўп йиллик бой ҳаётий ва касбий тажрибага эга бўлган бу инсон 35 йилдан зиёд вақт мобайнида касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилиб, турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўз ишига меҳр ва виждонан ёндошиш, бошлаган ишини охирига етказмагунича тиним билмаслик, ўз устида муттасил ишлаш каби инсоний фазилатлари боис Эсонбой Ражабов нафақат вилоятда, балки Республикада ҳам ўзига хос ҳурмат ва эътибор қозонди, эл назарига тушди.

Эсонбой Ражабов ҳалигача ёшларга хос ғайрат ва шижоат, ишга чанқоқлик, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак қўлини чўзиш, фойдали маслаҳатлари орқали турли муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш борасида кўпчиликка ибрат бўлгулик ишлардан чарчагани йўқ. Унинг эл орасидаги ҳурмат ва эътибори, турли масалалар ечимида тўғри йўлни кўрсата олиши бугун ҳам кўплаб эзгу ишларнинг амалга оширилишида асқотмоқда.

 

Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, фидойи ва малакали мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги салмоқли хизматлари, ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки ҳамда таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси маслаҳатчиси Эсонбой Ражабов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.

Юбилей муносабати билан вилоят ҳокимлиги мажлислар залида ташкил этилган тантанали маросимда Эсонбой Ражабовга Давлатимиз раҳбарининг табриги ва юксак унвонни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков тантанали равишда топширди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!