Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Фуқаролар мурожаатлари эътиборда

04.02.2016. 2015 йилда  касаба уюшма органларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 8134 та, шундан 3625 та ёзма, 2499 та оғзаки ва 243 та интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг 7990 таси бевосита касаба уюшма органлари томонидан ҳал этилиб, шундан 2271 таси қаноатлантирилди, 4618 та мурожаатлар бўйича муаллифларга тушунтириш берилди, 243 та мурожаатда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаган бўлса, ёзма шаклдаги 61 та мурожаат қонун билан белгиланган асосларга кўра, шу жумладан аноним деб топилиб кўрмай қолдирилди. Шунингдек, “Ишонч телефонлари” орқали йўлланган 1767 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Касаба уюшмаларига йўлланган, лекин мазмун жиҳатидан кўриб чиқиш касаба уюшмалари ваколатига кирмайдиган масалалар акс эттирилган 145 та мурожаат муаллифлари ҳабардор қилинган ҳолда ваколатли органларга юборилди.

Касаба уюшма органларига келиб тушган мурожаатларда меҳнат шартномасини бекор қилиш, меҳнат шартномаси шартларини ўзгартириш, интизомий чора қўллаш тартиби бузилганлиги ҳолатлари, меҳнатни мухофаза қилиш, жамоа шартномаси шартлари бажарилиши, моддий ёрдам ва санаторийга йўлланма ажратиш, меҳнат қонунчилиги ҳамда бошқа ижтимоий масалалар акс этган.

Мазкур мурожаатлар юзасидан иш берувчиларга киритилган 358 та тақдимноманинг 269 таси қаноатлантирилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди. Ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб судларга киритилган жами 112 та даъво аризасидан 56 тасининг талаблари қаноатлантирилди, 14 та ҳолатда иш берувчи ўз ихтиёри билан ходим ҳуқуқларини тиклаганлиги сабабли даъводан воз кечилиб, тарафлар ўртасида келишув битимлари тузилишига эришилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра жами 1603 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 979 млн. 127 минг сўм ундирилди.